Sayt test rejimida ishlamoqda

    ЗАРИПОВ Орипжон Олимович: «Стохастик бошқарув объектлари ҳолатини мунтазам адаптив баҳолаш усуллари ва алгоритмлари» (05.13.07) – Тошкент давлат техника университети ва ЎзР ФА Энергетика ва автоматика институти (100095, Тошкент, Университет кўчаси 2-уй. Тел.: (99871) 246-46-00; факс: (99871) 227-10-32; e-mail: tstu_info@tdtu.uz), (диссертация рус тилида)

    Илмий маслаҳатчи: Х.З.Игамбердиев

    Иш бажарилган ташкилот: Тошкент давлат техника университети

    Расмий оппонентлар: Т.Ф.Бекмуратов, Ф.Т.Адилов, Б.Т.Каипбергенов

    Етакчи ташкилот: «ЎЗКИМЁСАНОАТ» ДАК

    Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик

 

    I.Тадқиқотнинг мақсади технологик бошқарув объектлари ҳолатини моделли ноаниқлик шароитида мунтазам адаптив баҳолаш усуллари ва алгоритмларини ишлаб чиқиш ва уларни муайян ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва бошқариш масалаларини ечишда амалий қўллашдан иборат. 

    II. Диссертация натижаларининг илмий янгилиги:

қидирилаётган ечим мувофиқлигини таъминлаш ва шу билан биргаликда адаптив баҳолаш амаллари аниқлигини ошириш имконини берадиган ёмон шартланган матрицали чизиқлантирилган тизимларнинг мумкин бўлган қийинчиликларини эътиборга олган ҳолда ночизиқли функционал тенгламаларни ечиш усуллари асосида объект шовқинининг ковариацион матрицасини мунтазам баҳолаш алгоритмлари ишлаб чиқилган;

баҳолаш хатоликлари назарий ковариацион матрицаларини реал қийматларга боғланишини таъминлаш ва шу билан биргаликда Калман фильтри кучайтириш матрицаларини ҳисоблашни реал ўлчашлардаги узилиб қолишини бартараф этиш имконини берадиган матрицаларнинг сингуляр ажратиш асосида ўлчашларда кетма-кет корреляцияланган халақитлар бўлган шароитларда бошқариш объекти ҳолатини адаптив мунтазам баҳолаш алгоритмлари таклиф этилган;

фильтрни ғалаён таъсирларининг ковариацион матрицаларини ўзгарувчан қийматларига мослаштириш имконини берадиган, хусусий ҳосилаларни ҳисоблаш ва силлиқлантиришни талаб этмайдиган кесишувчилар усули ва янгиловчи жараён асосида ўлчаш халақитлари ва объект шовқинининг ковариацион матрицаларини адаптив мунтазам итерацион баҳолаш алгоритмлари таклиф этилган;

градиентни проекциялаш усули асосида Калман фильтрининг матрицали кучайтириш коэффициентини адаптив баҳолашнинг мунтазам  алгоритми ишлаб чиқилган ва матрицали тенгламани ечмасдан туриб, ечимнинг хатолигини баҳолаш имконини берадиган кучайтириш коэффициентини ҳисоблашнинг матрицали тенгламаси ўнг қисми хатоликларини баҳолаш ифодалари олинган;

чизиқли алгебраик тенгламаларнинг тақрибий ҳосил қилинган ёки ёмон шартланган стохастик тизимларини ечиш усуллари асосида ўлчаш халақитлари ва объект шовқинини авто- ва ўзаро коррелирланганлиги шароитида адаптив баҳолашнинг динамик фильтр кучайтириш коэффициентини ҳисоблаш аниқлигини ошириш имконини берадиган мунтазам алгоритмлари таклиф этилган;

итератив мунтазамлаштириш тамойили доирасида вариацион тенгсизликларни ечиш усуллари асосида бошқариш объектларининг ўтиш матрицаларини адаптив баҳолашнинг қидирилаётган баҳолар мустақиллиги ва мувофиқлигини таъминловчи мунтазам алгоритмлари ишлаб чиқилган;

функционалларни минимумлаштиришнинг мунтазам усуллари асосида кўриб чиқилаётган баҳолаш масаласини мунтазамлаштириш имконини берадиган тўла априор моделли ноаниқлик шароитларида Калман туридаги динамик фильтрнинг кучайтириш коэффициенти ва бошқарилувчи объект ўтиш матрицалари параметрларини баҳолашнинг мунтазам алгоритмлари таклиф этилган.

     III. Диссертациянинг амалиётга жорий этилган натижалари ва уларнинг самарадорлиги: Адаптив баҳолаш алгоритмлари ва бошқаришни автоматлаштиришнинг функционал схемалари «ЎЗКИМЁСАНОАТ» Давлат акционерлик компанияси корхоналарида, жумладан, Олмалиқ «АММОФОС-МАКСАМ» акционерлик жамиятида кальций-сульфат-фосфатли пульпани гранулали қуритиш (03.10.2014 йилдаги далолатнома) ва «FARG‘ONAAZOT» акционерлик жамиятида аммиакли селитрани буғлатиш (21.05.2014 йилдаги далолатнома) технологик жараёнларини бошқаришни автоматлаштириш тизимларида жорий этилган бўлиб, жамланган йиллик иқтисодий самара 83 млн. 76 минг сўмни ташкил этган («ЎЗКИМЁСАНОАТ» ДАК нинг 17.11.2014 йилдаги жорий қилинганлик тўғрисидаги №01-2304/И-сонли маълумотномаси).

Yangiliklarga obuna bo‘lish