Sayt test rejimida ishlamoqda

Аманов Бахтияр Хушбаковичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Перу ғўза турларини туричи ва турлараро дурагайлаш асосида генетик жиҳатдан бойитилган тизмалар олиш», 03.00.09–Умумий генетика (биология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.DSc/В58.

Илмий маслаҳатчи: Абдуллаев Алишер Абдумавлянович, биология фанлари доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти ва Ўзбекистон Миллий университети, DSc.29.08.2017.В.53.

Расмий оппонентлар: Адилова Азадахан Тешабаевна, биология фанлари доктори; Рашидова Дилбар Каримовна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори; Бобоев Сайфулла Ғафурович, биология фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: G.barbadense L. туричи биохилма-хилликларининг ўзаро ва G.darwinii Wattтури билан дурагайларида морфохўжалик белгиларининг ирсийланиши ва ўзгарувчанлигини тавсифлаш асосида ирсияти бойитилган янги тизмалар яратиш ҳамда селекцияда қўллашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк маротаба G.barbadense L. туричи хилма-хилликларининг ўзаро ва ёввойи тур G.darwinii билан яхши чатишиши, G.darwinii тури оналик шакл сифатида ишлатилганда дурагай кўсак тугилиши паст (33,3–40,0 %), кўсакдаги уруғлар тугилиши эса юқори (65,5–94,0 %) бўлиши аниқланган;

туричи ва турларарореципрокF1 ўсимликларида ўсув даври белгиси ижобий ва салбий ўта доминантлик ҳамда тўлиқсиз доминантлик ҳолатларида ирсийланиши ва оналик шаклига боғлиқлиги, F2 комбинацияларида чап томонли трансгрессия натижасида тезпишарлиги 105,0–124,0 кун бўлган қимматли рекомбинант шакллар ажралиб чиқиши исботланган;

G.barbadense L. туричи хилма-хилликларининг ўзаро ҳамда G.darwinii тури билантурлараро F1 авлодида битта кўсакдаги пахта вазни белгиси ижобий ва салбий доминантлик ҳамда ўта доминантлик ҳолатларида ирсийланиши, туричи ва турлараро F2 ўсимликларида кечадиган кенг кўламли трансгрессив ўзгарувчанлик битта кўсакдаги пахта вазни 5,0–7,9 г. бўлган йирик кўсакли рекомбинант шаклларни ажратиб олиш имконини бериши аниқланган;

G.barbadense L. турининг туричи хилма-хилликларининг ўзаро ҳамда G.darwinii тури билантурлараро F1 авлодида тола узунлиги белгиси оралиқ ҳамда ижобий доминантлик ва ўта доминантлик ҳолатларида ирсийланиши, туричи ва турлараро F2 ўсимликларида кенг ўзгарувчанлик кўламининг намоён бўлиши натижасида тола узунлиги 39,0–42,0 мм бўлган рекомбинант шакллар олингани исботланган;

туричи ва турлараро F1 реципрок ўсимликларида тола чиқими белгиси асосан салбий ўта доминантлик ва оралиқ ҳолатларида ирсийланиши, F2 комбинацияларидан Қарши-8 нави билан subsp.vitifolium кенжа турининг ўзаро реципрок дурагайларида тола чиқими 35,0–40,0 % бўлган трансгрессив шакллар пайдо бўлиши аниқланган;

илк маротаба G.barbadense L. тури хилма-хилликларини ўзаро ва G.darwinii Wattтури билан турлараро дурагайлаш асосида тезпишар, йирик кўсакли, 1000 дона чигит вазни, тола чиқими ва сифати юқори оила ва тизмалар олинган, G.barbadense L. турига мансуб 4–5 чаноқли маданий тропик subsp.vitifolium кенжа турини Қарши-8 нави билан дурагайлаш асосида ингичка толали ғўзанинг янги йирик кўсакли, қимматли-хўжалик белгиларининг юқори кўрсаткичларига эга «Ангор» нави яратилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Перу ғўза турларини туричи ва турлараро дурагайлаш асосида генетик жиҳатдан бойитилган тизмалар яратиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

Перу ғўза турларини туричи ва турлараро дурагайлаш асосида генетик жиҳатдан бойитилган тизмалари «Россиянинг жанубий шароитига мослашган юқори тола чиқими ва тола сифатига эга ингичка толали ғўза навларини яратиш» мавзусидаги амалий лойиҳасида навларнинг генотипини бойитишда ва битта кўсакдаги пахта вазни, тола чиқими юқори бўлган тизмалар ва навлар яратишда фойдаланилган (Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалик вазирлиги Илмий-технологик сиёсат ва таълим департаментининг 2018 йил 21 декабрдаги 4473/07-07-сон маълумотномаси). Натижада янги яратилган Л-396 Б2, Л-204 ва МЛ-104 тизмалари ва навларида морфобиологик белгиларининг ирсийланиш ва ўзгарувчанлик характерини аниқлаш ва битта кўсакдаги пахта вазни ва тола чиқимини яхшилаш имконини берган;

Перу ғўза турларини туричи ва турлараро дурагайлашдан олинган генотиплар Хитой Фанлар академиясининг PIFI 2017VBA0017 амалий лойиҳасида ғўза навларини абиотик стресс омилларга чидамлилигини баҳолашда фойдаланилган (Хитой Фанлар академиясининг 2018 йил 27 декабрдаги маълумотномаси). Илмий натижалар муҳитнинг ноқулай шароитларига бардошли бўлган ғўза навларини ажратиб олиш имконини берган;

G.barbadense L. туричи хилма-хиллигини дурагайлашдан олинган ғўзанинг Ангор нави 2017 йил Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги «Сурхон» тажриба хўжалигида ва 2018 йилда «Орифжон» элита уруғчилик фермер хўжалигида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 26 ноябрдаги 02/020-215-сон ва Инновацион ривожлантириш вазирлиги «Уруғчиликни ривожлантириш маркази»нинг 2018 йил 16 октябрдаги 01/02-368-сон маълумотномалари). Натижада янги ингичка толали «Ангор» ғўза навидан эрта ва сифатли ҳосил олиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish