Sayt test rejimida ishlamoqda

Хударганов Камоладдин Омонбоевичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Клейстогамлик ҳамда қимматли хўжалик белгиларининг мажмуасига эга бўлган ғўза навлари селекцияси», 06.01.05–Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.DSc/Qх53.

Илмий маслаҳатчи: Намазов Шадман Эргашевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc27.06.2017.Qx.13.01.

Расмий оппонентлар: Рахмонқулов Саид-Акбар, биология фанлари доктори, профессор; Абзалов Миратхам Фузаилович, биология фанлари доктори, профессор; Мамарахимов Бунёд Икромович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ғўзанинг G.barbadense L., G.hirsutum L. тетраплоид турлари ва G.stocksii Mast. тури иштирокида олинган амфидиплоиди ҳамда клейстогам шаклдаги гулга эга бўлган намуналарни чатиштириш орқали яратилган дурагай комбинацияларда қимматли хўжалик белгилари ва клейстогам гул шаклининг ирсийланиши ҳамда ўзгарувчанлиги асосида селекцион ашёлар яратишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор G.barbadense L., G.hirsutum L. ва G.stocksii Mast. турлари иштирокида яратилган ғўза дурагайларда клейстогам гул шакли ва айрим қимматли хўжалик белгиларнинг ирсийланиши, ўзгарувчанлиги ҳамда шаклланиши аниқланган;

клейстогам гуллар сонининг ирсийланиши ва ўзгарувчанлигини ўрганиш асосида юқори бўғин дурагайларида белгининг клейстогам гулга эга тизмаларнинг кўрсаткичларига яқин тарзда шаклланиши аниқланган;

G.barbadense L. турига мансуб F1-F3 дурагайларида клейстогам гуллар миқдорининг ўсимликдаги кўсаклар сонига салбий таъсир этмаслиги аниқланган;

G. barbadense L. турига мансуб F2 ўсимликларида клейстогам ва хазмогам гуллар нисбати, шохланиш типи ҳамда бир кўсакдаги пахта вазни, 1000 дона чигит вазни, тола узунлиги каби белгилари орасида ўзаро боғланишлар йўқлиги аниқланган;

G.barbadense L. ва G.hirsutum L. турлари иштирокида олинган дурагайларда беккросс чатиштиришлар сонининг ошиши хўжалик учун қимматли белгиларнинг яхшиланиши билан бир қаторда клейстогам гуллар сонининг камайишига олиб келиши аниқланган;

ингичка толали ғўзанинг клейстогам гул шакли ва қимматли хўжалик белгиларнинг ижобий мажмуасига эга селекцион ашёларини яратишда ТМ-11 ва ТМ-13 тизмаларининг генетик имконияти юқори эканлиги аниқланган;

изланишлар натижасида яратилган клейстогам гулли, кўсаги йирик, тола чиқими ва сифатининг ижобий мажмуасига эга янги ингичка толали ғўза оилалари ҳамда тизмаларидан амалий селекция жараёнида қимматли бошланғич ашё сифатида фойдаланиш мумкинлиги аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Клейстогамлик ҳамда қимматли хўжалик белгиларининг мажмуасига эга ғўза навлари селекцияси бўйича олиб борилган илмий-тадқиқот натижалари асосида:

G. barbadense L. турига мансуб, чекланган шохланишга эга ва клейстогам гуллар сони 98-100 фоиз, тола сифати Iа- типга мансуб, тола чиқими 39,2-39,4 фоиз бўлган «СП-7701» нави яратилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 24 январдаги 07/20-90-сон маълумотномаси). Ушбу ингичка толали ғўза навини жанубий минтақалар шароитида пахтачилик фермер хўжаликларида экиш учун зарур миқдордаги уруғликлари кўпайтирилган;

ингичка толали ғўзанинг чекланган шохланишга эга, клейстогам гуллар сони 93-96 фоиз ва тола чиқими 35,0-37,4 фоиз бўлган «С-7721» навлари яратилган ҳамда Давлат нав синаш комиссиясига топширилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 24 январдаги 07/20-90-сон маълумотномаси). Ушбу ингичка толали ғўза навини республиканинг жанубий вилоятларидаги экин майдонларини кенгайтириш мақсадида юқори навдорликка эга оригинал уруғлари тайёрланган;

ингичка толали ғўзанинг клейстогам гуллар миқдори юқори бўлган «СП-7701» навига селекция ютуғига патенти (NAP 00187) олинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 24 январдаги 07/20-90-сон маълумотномаси). Мазкур ғўза навидан фойдаланиш натижасида навларнинг биологик софлик даражасини сақлаб қолиш имконияти яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish