Атабоев Омонбой Курбанбоевичнинг
фалсафа доктори(PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «А2В6 яримўтказгичли бирикмалар CdSxTe1-x−ZnxCd1-xTe қаттиқ қоришмалари асосидаги инжекцияли фотодиодлар», 01.04.10–Яримўтказгичлар физикаси (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/FM79.
Илмий маслахатчининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Мирсагатов Шавкат Акрамович, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Физика-техника институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Физика-техника институти, DSc.30.05.2018.FM/T.34.01.
Расмий оппонентлар: Утамурадова Шарифа Бекмурадовна, физика-математика фанлари доктори, катта илмий ходим; Мавлонов Ғиёсиддин Ҳайдарович, физика-математика фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент ахборот технологиялари университети.
Диссертация тадқиқотлари йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Электромагнит нурланиш спектрининг кўзга кўринадиган соҳасида фотосезгирлиги бошқарилувчан CdSxTe1-x−ZnxCd1-xTe қаттиқ қоришмалар асосида яратилган гетеротузилмалардаги фотосезгирлик ва ток ўтиш механизмларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ZnxCd1-xTe қаттиқ қоришмаси юзасига вакуумда 250°С таглик ҳароратида кадмий сульфиди ўстирилиб, гетероўтиш чегарасида CdSxTe1-x ва ZnхCd1-хTeyS1-y қатламлари шаклланиши ҳисобига кристалл панжаралари параметрларининг номувофиқлигини бартараф этиш имконини берувчи nCdS–рZn0.35Cd0.65Te–гетероўтишини ҳосил қилишнинг технологик режими оптималлаштирилган ва улар асосида, электромагнит нурланиш спектрининг кўриш соҳасида юқори фотосезгирликка эга бўлган фотодиод тузилмалари олинган;
сирт ҳолатлари зичлигининг кичиклиги (~3.5·1010 эВ-1·см-2) ҳисобига nCdS−рZn0.35Cd0.65Te-гетероўтишли тузилманинг фотосезгирлигини сусайтирмасдан 0.49 дан 0.735 мкм гача бўлган спектрал диапазонда оптик сигналларни қайд қилиш хусусияти тажрибада аниқланган ва унинг асосида модда атоми-нинг эмиссия спектри бўйича металл қотишмаларнинг кимёвий таркибини аниқловчи спектроанализатор учун қайд қилувчи қурилма - фотодиод ишлаб чиқилган;
қоронғуликда ҳамда интеграл ва монохроматик лазер нурланишли ёруғлик билан ёритилганда In–n+-CdS−CdSxTe1-x−pZn0.35Cd0.65Te−Mo-гетеротузилмада кичик ток зичликларида рекомбинация жараёнлари оддий маҳаллий марказларининг қатнашиши билан, катта ток зичликларида эса бу жараёнларнинг инертлигини оширувчи, ичида электрон алмашинишлар рўй берувчи мураккаб комплекслари иштирок этиши билан рўй бериши аниқланган;
фотосезгир In-n+-CdS−n-CdSxTe1-x−p-Zn0.35Cd0.65Te−Mo-гетеротузилмада тўғри ток режимида 203÷373 К ҳароратлар оралиғида биполяр дрейфли ток ўтиш механизмли узун диод шартлари амалга ошиши тажрибада кўрсатилган;
In-n+-CdS−n-CdSxTe1-x−p-Zn0.35Cd0.65Te−Mo-гетеротузилмада тўғри ток йў-налишидаги кичик кучланишларда фотосезгирлик диапазонининг қисқа тўлқинлар 0.49÷0.53 мкм ва узун тўлқинлар 0.71÷0.85 мкм соҳасида номувозанат заряд ташувчиларнинг қарама-қарши диффузияли ва дрейфли оқимларининг компенсациясига асосланган фототок йўналишининг инверсияси аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Электромагнит нурланиш спектрининг кўзга кўринадиган соҳасида фотосезгирлик спектри бошқарилувчи CdSxTe1-x−ZnxCd1-xTe қаттиқ қоришмалар асосида яратилган гетеро-тузилмалардаги фотосезгирлик ва ток ўтиш механизмларини аниқлаш бўйича олинган натижалари асосида:
қоронғуликда, ҳамда интеграл ва монохроматик лазер нурланиши таъсирида яримўтказгичларда юз берадиган рекомбинация жараёнларини аниқлаш бўйича олинган натижалар Ф-2-37 рақамли «Яримўтказгичларда нуқсонлар ҳосил бўлишининг лазерли индукцияланган ночизиқли жараёнларининг хусусиятлари» фундаментал лойиҳасида лазер нури интенсивлигини назорат қилиш ва бошқаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 19 майдаги 89-03-1926-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш лазер нури таъсир эттирилган яримўтказгичдаги нуқсонларни зарарсиз экспресс таҳлил қилиш имконини берган;
ишлаб чиқилган металл қотишмаларнинг кимёвий таркибини эмиссия усули билан тезкор аниқловчи спектр таҳлиллагичи «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг «Тошкент механика заводи» акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилувчи конструкцияларнинг таркибини аниқлаш учун қўлланилган («Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг 2018 йил 28 майдаги НГ/2653-18-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш металл қотишмалардаги (Cu, Fe, Si, In, Mo, Ni, W, Te, Ag, Au, C, Al, Zn, Ti, Cr, Mn) кимёвий элементларнинг таркибини аниқлаш вақтини абсорбциялаш усулига нисбатан 10 марта қисқартириш имконини берган.