Sayt test rejimida ishlamoqda

Сабирова Насиба Эргашевнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Хоразм халқ лирик қўшиқларида поэтик рамзлар тизими ва уларнинг бадиий-эстетик вазифалари», 10.00.08–Фольклоршунослик (филология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.PhD/Fil441.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Урганч давлат университети.

Илмий раҳбар: Рўзимбоев Сапарбай, филология фанлари доктори, профессор.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, DSc.30.08.2018.Fil.46.02.

Расмий оппонентлар: Раҳмонов Насимхон Асқарович, филология фанлари доктори, профессор; Рўзиева Моҳичеҳра Ёқубовна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).

Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.

Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Хоразм воҳаси ўзбек халқ қўшиқларидаги поэтик рамзлар тизимини тавсифлаш, рамзий образ ва тимсолларнинг мифопоэтик асослари, шеърий матндаги семантик талқинлари ва бадиий-эстетик вазифаларини аниқлаш ҳамда ўзбек халқ лирикасининг поэтик контекстидаги бадиий тасвир воситаларнинг ҳудудий-локал хусусиятларини очиб беришдан иборатдир.

 III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

поэтик рамзлар аждодларимиз бадиий тафаккурининг ривожланиб бориши жараёнида воқеликни сакрал-ритуал белгилар воситасида семиотик англаш анъанаси асосида келиб чиққанлиги исботланган;

ўзбек халқ лирикасининг поэтик структурасидаги рамзлар миллий менталитет, воқеликни поэтик идрок этиш иқтидори ва бадиий тафаккурнинг ўзига хослигини намойиш этувчи адабий-эстетик воситалардан бири эканлиги аниқланган;

лирик қўшиқлардаги мифопоэтик тасаввурлар, этномаданий қадриятлар ва ўғуз тип ижрочилигига хос бадиий образларнинг акс этишини ареал фольклоршунослик аспектида текшириш натижасида ўзбек фольклоридаги рамзлар тизими ҳудудий-локал хусусиятга эгалиги далилланган;

Хоразм лирик қўшиқларининг бадиий контекстидаги рамзлар воҳа аҳолисининг мифик қарашлари, ҳосилдорлик культлари, ўсимлик ва ҳайвонот олами тўғрисидаги инонч-эътиқодлари, осмон ёритқичларига доир астраль қарашлар, анимистик ва тотемистик тасаввурлар, рақамлар магияси, урф-одат ва маросимлар билан алоқадор символик образлардан иборатлиги жиҳатидан ўзига хослик касб этиши асослаб берилган;

минтақага хос бадиий кўчимларнинг лирик қўшиқларда тутган ўрни ва вазифалари, рамзий образларда яширинган ички маънолар семантикаси, поэтик символлар генезиси ва эволюцияси қонуниятлари аниқлаштирилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Хоразм халқ лирикасидаги поэтик рамзларнинг ўзига хос хусусиятлари ва воҳа қўшиқчилик анъаналарига хос локал белгиларни аниқлашга қаратилган мазкур диссертация иши натижалари асосида:

поэтик рамзларнинг типологик хусусиятлари ва бадиий тафаккур тараққиётида тутган ўрни, шунингдек, халқ қўшиқларидаги рамзларнинг генезиси ва эволюциясига доир илмий-назарий хулосалардан Бухоро давлат университетида 2012–2016 йилларда бажарилган Ф-1-06 рақамли “Истиқлол даври ўзбек адабиётида Шарқу Ғарб адабий анъаналари синтези” мавзусидаги лойиҳанинг истиқлол даври адабиётида яратилган бадиий асарлардаги поэтик рамзлар таҳлилига доир фаслини ёзишда кенг фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 19 октябрдаги 89-03/3589-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек халқ қўшиқларидаги анъанавий тимсолларнинг истиқлол даври адабиётидаги поэтик эволюцияси кўрсатиб берилган ва Шарқу Ғарб адабий анъаналарининг тадрижий ривожи жараёнлари аниқланган;

қадимги давр фольклори ва мифологик тасаввурларнинг халқ лирикасидаги поэтик тимсолларнинг юзага келишидаги роли ва вазифаларига оид назарий хулосалар Навоий давлат педагогика институтида 2012–2016 йилларда бажарилган “Ўзбек мифологияси ва унинг бадиий тафаккур тараққиётида тутган ўрни” мавзусидаги фундаментал илмий лойиҳанинг бажарилишида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 19 октябрдаги 89-03/3589-сон маълумотномаси). Натижада мифопоэтик тимсолларнинг илк ёзма адабиётга диффузияланиши натижасида шаклланган поэтик размларнинг фольклордаги заминини ойдинлаштиришга эришилган;

Хоразм халқ лирик қўшиқларидаги поэтик рамзлар тизими ва уларнинг бадиий-эстетик вазифаларига доир илмий қарашлар Хоразм вилоят телерадиокомпаниясининг «Жавоҳирнома», «Адабий муҳит» радиоэшиттиришлари ҳамда «Муносабат», «Навозанда», «Хоразмнома» номли телекўрсатувларида оммалаштирилган (Хоразм вилоят телерадиокомпаниясининг 2018 йил 28 сентябрдаги 1586-сон маълумотномаси). Шунингдек, диссертантнинг ўзбек халқ қўшиқларининг миллий ўзига хослиги ва бадиий хусусиятларига доир илмий қарашлари «Ўзбекистон» телерадиоканалининг «Тиғиз пайт», «Қадрият» радиоэшиттиришларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси давлат унитар корхонасининг 2018 йил 26 августдаги Ўз.к/1-154-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида халқ қўшиқларининг ўзига хос жанр хусусиятлари ҳақидаги илмий қарашлар кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиниб, ёш авлодни фольклор асарларида ўз ифодасини топган эзгу ғоялар руҳида тарбиялашнинг янги имкониятлари амалиётга татбиқ этилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish