Мухиддинов Тилов Искандаровичнинг
диссертация ҳимоясисиз селекция ютуғи (ихтиро патенти) асосида фан доктори (DSc) илмий даражасини бериш бўйича эълон матни
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ғўзада хазмогам ва клейстогам гуллаш белгиларини тадқиқ этиш асосида интенсив хусусиятли навлар яратиш», 06.01.05–Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.4.DSc/Qx107.
Илмий маслаҳатчи: Нариманов Абдужалил Абдусаматович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Илмий-тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.27.06.2017.Qx.13.01.
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган: «Клейстогам-1» ғўза нави (NAP 00077); «Бешқаҳрамон» ғўза нави (NAP 00112) ва «Ҳамкор» ғўза нави (NAP 00142).
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2018 йил 6 ноябрдаги 02-11/2879, 02-11/2877 ва 02-11/2878-сон хулосалари.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ғўзада инцухт-клейстогам хусусиятли герметик ёпиқ гулли ва четдан чангланишни чегараловчи клейстогам ва хазмогам гулли генколлекция ва навлар яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор ғўзанинг турлараро (G.hirsutum L.х G.barbadense L.) хазмогам ва клейстогам гул хилларининг биринчи авлод дурагайларида хазмогам гул хилининг доминант ҳолатда ирсийланиши аниқланган;
турлараро дурагайларнинг биринчи авлодида ўсимлик бўйи, ўсимликдаги кўсаклар сони, тола узунлиги ва бошқа белгилар бўйича ижобий гетерозис ҳолати мавжудлиги аниқланган;
турлараро ғўза дурагайларининг иккинчи авлодида хазмогам ва клейстогам гул белгиларининг 3:1 (моноген) ҳамда 15:1 (нокумулятив полимерия) нисбатда ажралиш қонуниятлари механизми очиб берилган;
ғўза дурагайларининг иккинчи авлодида қимматли-хўжалик белгиларининг ўзгарувчанлик кўлами асосида клейстогам гулли ўсимликларда қимматли трансгрессив шаклларнинг ажралиб чиқиши юқорилиги аниқланган;
генетик барқарор ҳолатга эга инцухт- клейстогам хусусиятли ингичка ва ўрта толали ғўза шакллари, тизмалари ва навларининг генколлекцияси яратилган;
G.hirsutum L. турига мансуб 1306 «Шредер» ва G.barbadense L. турига мансуб 9696-И/1 навларининг дурагайлари популяцияси асосида клейстогам (ёпиқ) гулли «Клейстогам-1» ғўза нави яратилган;
турлараро (G.hirsutum L.х G.barbadense L.) Л-517 тизмасини маданий «АН-415» нави билан чатиштиришдан олинган дурагай популяцияси асосида ғўзанинг янги «Бешқаҳрамон» нави яратилган;
маданий «АН-415» навини турлараро (G.hirsutum L.х G.barbadense L.) Л-517 тизмаси билан чатиштиришдан олинган дурагай популяцияси асосида ғўзанинг янги «Ҳамкор» нави яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ғўзада хазмогам ва клейстогам гуллаш белгиларини тадқиқ этиш асосида интенсив хусусиятли навлар яратиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
қимматли-хўжалик белгиларига эга бўлган эртапишар, серҳосил, касаллик, зараркунанда ва муҳитнинг ноқулай омилларига чидамли, тола сифати ва чиқими юқори бўлган клейстогам гулли ингичка толали «Клейстогам-1», ўрта толали «Бешқаҳрамон» ва «Ҳамкор» навлари яратилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг селекция ютуғига патентлари олинган (NAP 00077, NAP 00112, NAP 00142). Натижада мазкур ғўза навлари республиканинг пахтачилик фермер хўжаликларида кенг майдонларда жорий этилган;
ғўзанингингичка толали, толаси 1-А типга мансуб «Клейстогам-1» нави 2018 йилдан Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани «Бек кластер» масъулияти чекланган жамиятида уруғини кўпайтириш учун жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 28 ноябрдаги 02/020-219-сон маълумотномаси). Натижада ушбу ғўза нави юқори тола сифати, серҳосиллиги, қурғоқчилик ва юқори ҳароратга чидамлилигини намоён этган;
ғўзанинг «Бешқахрамон» нави 2011 йилдан Давлат реестрига киритилган ва районлаштирилган ҳамда Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент ва Самарқанд вилоятларининг пахтачилик фермер хўжаликларида жами 127500 гектар пахта майдонида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 28 ноябрдаги 02/020-219-сон маълумотномаси). Натижада ушбу ғўза навидан юқори пахта ҳосили олинган, толанинг технологик сифат ва иқтисодий самарадорлик кўрсаткичи ошгани аниқланган;
ғўзанинг «Ҳамкор» нави кейинги йилларда республиканинг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг пахтачилик фермер хўжаликларида жами 18000 гектар пахта майдонида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 28 ноябрдаги 02/020-219-сон маълумотномаси). Натижада ушбу ғўза навидан андоза навларга нисбатан мўл ва тола сифати юқори пахта ҳосили олишга эришилган.