Ҳасанова Рохила Зикирёевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Юмшоқ буғдойни барги орқали карбамид билан озиқлантиришнинг дон ҳосили ва сифатига таъсири», 06.01.08–Ўсимликшунослик. (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Qx128.
Илмий раҳбар: Ирназаров Исматулла, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Остонақулов Тоштемир Эшимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Тиллабеков Ботир Хасанович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистоннинг жанубий минтақаси суғориладиган оч тусли бўз тупроқлари шароитида маҳаллий юмшоқ буғдойнинг «Яксарт» ва «Ғозғон» навларини сут пишиш фазасида барг орқали карбамид билан озиқлантиришнинг дон ҳосили ва сифат кўрсаткичларига таъсирини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк маротаба Қашқадарё вилояти шароити суғориладиган ерларида етиштирилаётган юмшоқ буғдойнинг маҳаллий «Яксарт» ва «Ғозғон» навлари сут пишиш даврида карбамид ўғитини барги орқали эритма сифатида қўллашнинг мақбул меъёрлари аниқланган;
кузги юмшоқ буғдойнинг маҳаллий «Яксарт» ва «Ғозғон» навлари сут пишиш фазасида турли концентрациялардаги карбамид эритмасини барг орқали қўллашнинг дон ҳосилдорлигига таъсири аниқланган;
суғориладиган ерларда етиштирилган кузги юмшоқ буғдойнинг маҳаллий «Яксарт» ва «Ғозғон» навлари сут пишиш фазасида турли концентрациялардаги карбамид эритмасини қўллашнинг дон сифат кўрсатrичларига таъсири аниқланган;
кузги юмшоқ буғдойнинг маҳаллий «Яксарт» ва «Ғозғон» навлари дон сифатини оширишда уларнинг сут пишиш фазасида карбамид ўғитини қўллашнинг самарадорлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қашқадарё вилоятининг оч тусли бўз тупроқлари шароитида кузги юмшоқ буғдой навларини етиштириш агротехнологияларини такомиллаштириш бўйича олиб борилган тадқиқотлар асосида:
кузги буғдойнинг «Яксарт» ва «Ғозғон» навларидан юқори ва сифатли дон ҳосили етиштириш агротехнологияларини такомиллаштириш борасида «Юмшоқ буғдойни барги орқали карбамид билан озиқлантириш агротехнологиялари бўйича» тавсиялар ишлаб чиқилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 2018 йил 14 апрелда тасдиқланган). Ушбу тавсиянома бугунги кунда кўп тармоқли фермер хўжаликларида қўлланма сифатида хизмат қилган;
Қашқадарё вилоятининг оч тусли бўз тупроқлари шароитида кузги буғдойнинг «Яксарт» навидан сифатли дон етиштиришда сут пишиш фазасида гектарига 40 кг карбамид ўғитини эритма ҳолатида баргдан озиқлантириш агротехнологияси Касби туманидаги «Саидмамат полвон Саидов», Нишон туманидаги «Тўрақулов Равшан» ва Косон туманидаги «Саипов Шахбоз» фермер хўжаликларида жами 32,0 гектар ғалла майдонларида жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 23 октябрдаги №02/21-553-сон маълумотномаси). Натижада дон таркибидаги оқсил миқдори карбамид қўлланилмаганда 12,18 фоиз, карбамид қўлланилганда 14,20 фоизни ташкил этган ва дон ҳосили гектарига назорат вариантидан 1,9 центнергача ошганлиги аниқланган;
«Ғозғон» навидан сифатли дон етиштиришда сут пишиш фазасида гектарига 40 кг карбамид ўғитини эритма ҳолатида баргдан озиқлантириш агротехнологиялари бўйича Косон туманидаги «Толиб Тўраевич» ва «Қулмонов Умир» фермер хўжаликларининг жами 23,0 гектар майдонларида жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 23 октябрдаги №02/21-553-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида дон таркибидаги оқсил миқдори карбамид қўлланилмаганда 13,84 фоизни ташкил этган бўлса, карбамид қўлланилганда 15,82 фоиз, дон ҳосили гектарига назорат вариантидан 2,0 центнергача ошишига эришилган;
Қашқадарё вилоятининг суғориладиган оч тусли бўз тупроқлари шароитида карбамид эритмаси билан барги орқали озиқлантириш агротехнологиясини жами 55 гектар майдонга қўлланган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 23 октябрдаги №02/21-553-сон маълумотномаси). Натижада, кузги юмшоқ буғдойдан юқори ва сифатли дон ҳосили олишга эришилган ҳамда соф фойда 695 минг сўм, рентабеллик даражаси 53,7 фоизни ташкил этган.