Sayt test rejimida ishlamoqda

Қўйлиева Гулчеҳра Назарқуловнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек насрида трилогия”, 10.00.02–Ўзбек адабиёти (филология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Fil129.

Илмий раҳбар: Раҳимжонов Нўъмон Каримович, филология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Гулистон давлат университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.27.06.2017.Fil.02.03.

Расмий оппонентлар: Умуров Ҳотам Икромович, филология фанлари доктори, профессор; Улуғов Абдулла Ўзбекович, филология фанлари номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ўзбек адабиётида трилогик асарларнинг бадиий-эстетик табиатини, сюжет ва композицион қурилиши, қаҳрамон концепцияси масалалари, хусусан, бадиий ўзига хослигини ва тараққиёт тенденциясини асослашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

трилогиянинг юзага келиш омиллари, генезиси, специфик белгилари, бадиияти, мазкур шаклнинг типологик хусусиятлари, адиб ижодий индивидуаллиги, унинг ўзбек насрида алоҳида адабий ҳодиса эканлиги истиқлол даври ўзбек адабиётшунослигининг асосий хусусиятлари сифатида очиб берилган;

тарихий ва замонавий мавзуда яратилган трилогияларда миллий колоритнинг пайдо бўлиши, уларнинг етакчи хусусиятларини ифодаловчи бадиий рамзлар, деталлар ва тимсолларнинг янгича талқини, инсоннинг ўзини ўзи тафтиш этиш усули ёзувчи индивидуаллигини белгиловчи етакчи хусусият эканлиги далилланган;

трилогиянинг композицион қурилишидаги ўзига хослик, сюжет йўналишлари жиҳатидан нисбатан мустақил учта асар ҳисобланиши, сюжет чизиқларининг давомийлиги ёритилган;

трилогияга хос хроникали сюжетнинг ўрни, сюжетда асарнинг “бадиий вақт”и эпик асарларда қўлланилиши қулайлиги ва имкониятлари кенглиги аниқланган;

тадқиқ этилган асар қаҳрамонларининг ўзига хос миллий ва маънавий олами, уларнинг асар воқеалари тизимида юритган фаолияти ҳамда тақдирининг бадиий ечими тарихий маълумотлар кесимида изчил қиёсланган, модернистик йўналишда ёзилган трилогиядаги образларнинг ҳаётий, хаёлий тасвирлари адабиёт назариясининг услубий ўлчовлари ва ракурсларида асосланган.

IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ўзбек насрида трилогик асарларни ўрганиш жараёнида эришилган илмий натижалар асосида:

ўзбек адабиётида яратилган трилогияларнинг ғоявий-бадиий, илмий-эстетик вазифалари юзасидан олинган илмий натижалардан ОТ-Ф1-77 рақамли “Ўзбек адабиёти дурдоналари” мвзусидаги фундаментал лойиҳада  фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 17 сентябрдаги 89-03-3378-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари роман-трилогияларнинг ўзига хос жанр хусусиятлари ва бадиияти таҳлилига доир қарашларни очиб берилишига хизмат қилган;

трилогиянинг жанр табиати юзасидан чиқарган назарий хулосалардан ХТ-Ф-2-004 рақамли “Ўзбек халқ педагогикаси ва фольклор анъаналари” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 17 сентябрдаги 89-03-3378-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларидан адабиётшуносликда бадиий шаклларнинг тарихий илдизлари, генезиси, янгича тафаккур тарзининг намоён бўлишида бадиий детал ва далилларнинг ўрнига оид масалаларга ойдинлик киритилган;

тадқиқот материаллари ва хулосаларидан Туркия Республикаси Карабук давлат университети Адабиёт факультетида ўқитилаётган қардош турк лаҳжалари ва адабиётлари фанида фойдаланилган (Туркия Карабук университетининг 2018 21 июндаги маълумотномаси). Изланишлар натижасида олинган тезислардан эпик асарларда трилогияларнинг алоҳида мавқе эгаллаши, романларнинг дилогия, тетралогия ва бошқа кўринишлари билан ўхшашлик, яқинлик ҳамда ўзига хослик тамойилларига аниқлик киритилган;

ўзбек насрида яратилган дастлабки трилогияга оид романлар, шунингдек, модернистик йўналишдаги трилогиялар ҳақида Сирдарё вилоят телерадиокомпаниясининг “Юзма-юз” ва “Адабий муҳит” кўрсатувларини тайёрлашда фойдаланилган (Сирдарё вилоят телерадиокомпаниясининг 2016 йил 15 октябрдаги 01.018/138-сон ва  2017 йил 9 январдаги 01.08/112-сон  маълумотномалари). Натижада мазкур кўрсатувларнинг бадиий савиясини оширишга, томошабинлар аудиториясининг кенгайишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish