Sayt test rejimida ishlamoqda

Ганджаева Лола Атаназаровнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Кузги буғдой навларининг экиш муддати, ўғит меъёрлари ва суғориш тартибларининг ҳосилдорликка таъсирини баҳолаш», 06.01.08–Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Qx137.

Илмий раҳбар: Сатипов Гаипназар Матвапаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Урганч давлат университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.

Расмий оппонентлар: Атабаева Ҳалима Назаровна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Абдурахмонов Содиқжон Обидович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.

Етакчи ташкилот: Дон ва дон-дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Хоразм вилоятининг ўтлоқи-аллювиал тупроқлари шароитида кузги буғдойнинг «Гром», «Кума», «Аср», «Андижон-2» ва «Звезда» навларининг мақбул экиш муддатлари, ўғит меъёрлари ва суғориш тартибларига боғлиқ ҳолда дон ҳосилдорлиги ҳамда сифатига таъсирини аниқлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор Хоразм вилоятининг ўтлоқи-аллювиал тупроқлари шароитида кузги буғдой навларидан юқори ва сифатли дон ҳосили етиштириш агротехнологиялари такомиллаштирилган;

ўтлоқи-аллювиал тупроқлар шароитида кузги буғдой навлари уруғининг сифат кўрсаткичларига экиш муддатлари, ўғит меъёрлари ва суғориш тартибларининг таъсири аниқланган;

кузги буғдой навларининг ҳосилдорлиги, дон сифати, анғиз ва илдиз қолдиқлари ҳамда улар таркибидаги умумий NPK миқдорлари экиш муддатлари, ўғит меъёрлари ва суғориш тартибларининг таъсири аниқланган;

кузги буғдой навларининг мақбул экиш муддати ва ўғит меъёрлари ҳамда суғориш тартиблари ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Хоразм вилоятинингўтлоқи-аллювиал тупроқлари шароитида кузги буғдой  навларининг мақбул агротехнологияларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:

кузги буғдой навларидан юқори дон ҳосили етиштириш агротехнологиясини такомиллаштириш борасида «Кузги буғдой навларининг экиш муддати, ўғит меъёрлари ва суғориш тартибларини ҳосилдорликка таъсирини баҳолаш» бўйича тавсиянома ишлаб чиқилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 27 августдаги 02/021-228-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома бугунги кунда кўп тармоқли фермер хўжаликларида қўлланма сифатида хизмат қилган;

Хоразм вилоятининг ўтлоқи-аллювиал тупроқлари шароитида кузги буғдой навларидан юқори дон ҳосили етиштириш агротехнологиялари Гурлан туманидаги «Жаҳонгир Холназар» фермер хўжалигида 45 гектар, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Хоразм илмий-тажриба станцияси дала майдонида 35 гектар, Шовот туманидаги «Маткаримов Рустам» фермер хўжалигида 18 гектар, «Янгибоев Озод боғи» фермер хўжалигида 10 гектар, «Абдулла Тожибой Қаландар» фермер хўжалигида 15 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги  вазирлигининг 2018 йил 27 августдаги 02/021-228-сон маълумотномаси). Натижада, кузги буғдой навлари 1-10 октябрда экилиб, ЧДНС га нисбатан 65-70-60 фоиз тартибда суғорилиб, «Гром» ва «Звезда» навларини маъдан ўғитлар N200P140K100 кг/га меъёрида, «Кума», «Аср», «Андижон-2» навларини эса N150P100K75 кг/га меъёрида озиқлантириб, оддий шароитда экилган ғалла майдонларига нисбатан 15-20 центнер қўшимча сифатли дон ҳосили етиштиришга эришилган;

ўтлоқи-аллювиал тупроқлари шароитида кузги буғдой навларидан юқори дон ҳосили етиштиришнинг мақбул агротехнологиялари Янгибозор туманининг «ОС» фермер хўжалигида 40 гектар, Урганч туманининг «Урганч Пахтакор Агро» фермер хўжалигида 40 гектар майдонда жами 203 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги  вазирлигининг 2018 йил 27 августдаги 02/021-228-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида кузги буғдойдан юқори дон ҳосили олишга эришилган ҳамда рентабеллик даражаси 22,7-34,4 фоизни ташкил этган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish