Салимов Илҳом Хаитовичнинг
диссертация ҳимоясисиз селекция ютуғи (ихтиро патенти) асосида фан доктори (DSc) илмий даражасини бериш бўйича эълон матни
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қорамоллар қорасон касаллигининг махсус профилактикаси», 16.00.03–ветеринария микробиологияси, вирусологияси, эпизоотологияси, микологияси, микотоксикологияси ва иммунологияси (ветеринария фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.DSc/V13.
Илмий тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Ветеринария илмий-тадқиқот институти.
Илмий раҳбар: Абдусаттаров Абдусалом Абдусаттарович, ветеринария фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд ветеринария медицинаси институти, DSc.30.08.2018.V.12.01.
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган: «Қорамолларнинг қорасон касаллигига қарши вакцина тайёрлаш учун Clostridium chauvoei Т-04 штамми» (IAP 04045); «Йирик ва майда шохли ҳайвонларнинг эмфизематоз карбункул касаллигига қарши алюмин гидрооксидли формолвакцина» (IAP 04609); «Қўйларнинг брадзот касаллигига қарши вакцина тайёрлаш учун Clostridium oedematiens Q-10 штамми» (IAP 04857).
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2018 йил 21 майдаги 01-11/1326-сон; 01-11/1327-сон ва 01-11/1328-сон хулосалари.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистонда қорамолларнинг қорасон касаллигини эпизоотик ҳолати ва тарқалганлик даражасини аниқлаш, касалликка ўз вақтида тўғри ташхис қўйиш, олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда қорасон касаллигига қарши вакцинани қўллашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор республикада қорамолларнинг қорасон касаллигини эпизоотологияси, тарқалганлиги, кечиши, клиник белгилари ва патологоанатомик ўзгаришлари аниқланган;
қорасон касаллиги қўзғатувчисининг маҳаллий штаммлари ажратилган ҳамда уларни культурал-морфологик ва биологик хусусиятлари аниқланган;
маҳаллий штаммлардан қорамол ва қўйларнинг қорасон касаллигига қарши концентрланган алюмин гидрооксидли формолвакцинанинг тажриба серияси яратилган;
қорамол ва қўйларнинг қорасон касаллигига қарши концентрланган алюмин гидрооксидли формолвакцинани иммуногенлиги, иммунитет давомийлиги ва мақбул дозаси денгиз чўчқачалари, қўй ва бузоқларда аниқланган;
вакцинанинг иммуногенлиги ишлаб чиқариш шароитида синовдан ўтказилган;
яратилган вакцинани тайёрлаш ва биологик назорат қилиш бўйича қўлланма, унинг ташкилот стандарти (техник шартлари) ва қўллаш бўйича йўриқнома ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қорамолларнинг қорасон касаллигининг махсус профилактикаси бўйича олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:
«Йирик ва майда шохли ҳайвонларнинг эмфизематоз карбункул касаллигига қарши алюмин гидрооксидли формолвакцина» ишланмаси учун Ўзбекистон Республикаси интелектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (IAP 04609). Натижада йирик ва майда шохли ҳайвонларда эмфизематоз карбункул касаллигига қарши вакцинани қўллаш орқали ветеринария амалиётида юқори профилактик самарадорликка эришилган;
чорвачилик фермер хўжаликларига қўлланма сифатида «Йирик ва майда шохли ҳайвонларнинг эмфизематоз карбункул касаллигига қарши алюмин гидрооксидли формолвакцинани қўллаш» бўйича Йўриқнома ишлаб чиқилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг 2018 йил 23 январдаги 02/14-47 сон маълумотномаси). Мазкур йўриқнома республикамизнинг чорвачилик хўжаликларида йирик ва майда шохли ҳайвонларнинг эмфизематоз карбункул касаллигини олдини олишда қўлланма сифатида кенг қўлланилган;
алюмин гидрооксидли формолвакцинаси Самарқанд, Қашқадарё ва Навоий вилоятларининг чорвачилик хўжаликларида қорамол ва қўйларнинг қорасон касаллигини олдини олиш жараёнида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг 2018 йил 23 январдаги 02/14-47-сон маълумотномаси). Натижада эмланган қорамол ва қўйларда олти ой давомида қорасон билан касалланиш ҳолатлари кузатилмаган, вакцинанинг иммуногенлик самарадорлиги 100 фоизни ташкил этган;
алюмин гидрооксидли формолвакцинаси Самарқанд, Қашқадарё ва Навоий вилоятлари фермер хўжаликларидаги 21 минг бош қорамол ва қўйларда қорасон касаллигининг профилактикаси жараёнида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг 2018 йил 23 январдаги 02/14-47-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида ушбу вакцинани қўллаш ҳисобига ўртача 720,0 млн. сўм иқтисодий зарар олди олиниб, сарфланган 1 сўм ҳаражатга ўртача 53,2 сўм фойда олишга эришилган.