Аманов Аброржон Абдуллаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Ахборот хизмати кўрсатишни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш», 12.00.03–Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2PhD/Yu63.
Илмий раҳбар: Нарматов Нуриддин Соатмурадович, юридик фанлар доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси Ҳарбий-техник институти, DSc.30.08.2018.Yu.74.01.
Расмий оппонентлар: Бобоқулов Сотиболди Бобоназарович, юридик фанлар доктори, профессор; Бабаев Джахонгир Исмаилбекович,юридик фанлар номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ахборот хизмати кўрсатишни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқароларнинг иштироки зарурати асослантирилган;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини юбориш, расмий эълон қилиш, норасмий эълон қилиш, ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг сўровларига кўра ҳуқуқий ахборот тақдим этиш каби ҳуқуқий ахборотни тарқатиш усуллари асослантирилган;
«ахборот хизмати» ва «ахборот хизмати кўрсатиш» каби атамаларга илмий-доктринал таъриф ишлаб чиқилган ва ушбу таърифларнинг қонун нормаларига киритиш лозимлиги асослантирилган;
ҳақ эвазига ахборот хизмати кўрсатиш шартномаси тушунчасининг таърифи ишлаб чиқилган ва қонунда ҳамда шартномалар мазмунида акс эттириш лозимлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ахборот хизмати кўрсатишни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги ЎРҚ-443-сон Қонуни 12-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2017 йил 29 ноябрдаги 06/1-05/488 вжх-сон маълумотномаси). Таклифларнинг инобатга олиниши ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашга, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, фуқароларнинг ҳуқуқий ахборот фондидан фойдаланишини таъминлашга хизмат қилган;
болаларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотларни таснифлашга оид таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ЎРҚ-444-сон Қонуни 17-моддасини ишлаб чиқилишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг 2017 йил 29 декабрдаги 05/2-01178-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалга оширилиши ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини белгилаш билан боғлиқ хизматларнинг ҳақини тўлаш ва харажатларнинг ўрнини қоплаш, ушбу хизматларга буюртма берган ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ёки тарқатувчилар ҳисобидан амалга ошириш тартибини белгиланишига хизмат қилган;
ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг сўровларига ҳуқуқий ахборот тақдим этиш бўйича ишлаб чиқилган таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги ЎРҚ-443-сон Қонуни 13- ва 20-моддаларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг 2017 йил 29 декабрдаги 05/2-01178-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг сўровларига кўра ҳуқуқий ахборот тақдим этишга, уларнинг ўз фаолиятига тааллуқли ҳуқуқий ахборотни тақдим этиш тўғрисидаги сўров билан давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилиш ҳуқуқининг кафолатланишига ҳамда ҳуқуқий ахборотни электрон тарзда тақдим этиш бепул амалга оширилишига, ҳуқуқий ахборотни қоғозда тақдим қилганлик учун томонларнинг келишувига кўра ҳақ олинишига хизмат қилган.