Камышов Сергей Викторовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Бачадон бўйни ва тухумдонлар саратонини комплекс даволашда экстракорпорал иммунофармакотерапия», 14.00.14–Онкология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.2.DSc/Tib201.
Илмий маслаҳатчи: Тилляшайхов Мизарголеб Нигматович тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.49.01.
Расмий оппонентлар: Грицай Анатолий Николаевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор (Россия Федерацияси); Гофур-Охунов Мирза Алиёрович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Атаханова Нигора Эргашевна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазирлиги Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети федерал давлат бюджет олий таълим муассасаси.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: экстракорпорал иммунофармакотерапия усулларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш йўли билан II–III босқичдаги бачадон бўйинчаси ва тухумдон саратони билан беморларни комплекс даволаш самарадорлигини яхшилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
бачадон бўйинчаси ва тухумдон саратонида ўсма жараёнининг эндоген кўринишларининг оғирлик даражасини баҳолаш учун инсоннинг қон зардобида айланиб юрган иммун комплексларни аниқлаш усули ишлаб чиқилган;
ўсманинг ҳажми, дифференциаллашиш даражаси ва пролифератив фаоллиги, p53, VEGF ва Ki-67 маркерлари экспрессияси даражасини ҳисобга олган ҳолда бачадон бўйинчаси ва тухумдон саратони билан беморларда экстракорпорал иммунофармакотерапия ўтказиш хусусиятлари аниқланган;
бачадон бўйинчаси ва тухумдон саратонида иммунологик силжишлар хусусиятлари ўрганилиб, Т-хелперлар/индукторлар сонининг камайиши ва Т-цитотоксик ва активацион лимфоцитларнинг ҳамда IgG, IgА ва айланиб юрган иммун комплексларнинг зардобдаги концентрациясининг ортиши ҳисобига иммунорегулятор индекс сусайиши аниқланган;
экстракорпорал иммунофармакотерапияни иммунотроп дори воситалари билан бирга қўллаш Т-ҳужайраларни фаоллаштиришга ва иммунитетнинг асосий гуморал омилларини меъёрлаштиришга ижобий таъсир қилиши исботланган;
II–III босқичли бачадон бўйинчаси ва тухумдон саратони билан беморларда гемопоэз, иммун тизим ва ҳаёт сифати кўрсаткичларини яхшилашга кўмаклашувчи комбинациялашган ўсмага қарши терапиянинг энг самарали усуллари аниқланган;
токсиклик даражаси, физик ҳолат (ECOG) ва ҳаёт сифати (SF-36) кўрсаткичларини аниқлаб, иммуностимуляция билан бирга ўсмага қарши давога комплекс ёндашув фонида кимётерапевтик таъсир хусусиятлари аниқлаштирилган;
бачадон бўйинчаси ва тухумдон саратони билан беморлар беш йиллик яшаб қолиш кўрсаткичларининг онкомаркерлар даражаси (p53, VEGF ва Ki-67) ва ўсманинг пролифератив фаоллиги билан корреляцион боғлиқлиги аниқланган, уларнинг юқори даражаси эса ҳамроҳ экстракорпорал иммунотерапия ўтказиш учун асос бўлиши кўрсатилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
ББС ва ТС билан беморларни даволаш натижаларини яхшилашга бағишланган тадқиқот бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Одам қони зардобида айланиб юрган иммун комплексларни аниқлаш усули»га Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (IAP 20180218-сон патент, 2018 йил). Таклиф этилган усулни қўллаш ББС ва ТС билан аёллар иммун тизими ҳолатини баҳолаш ва коррекцияловчи даво тактикасини танлаш борасида ташхислаш сифатини яхшилаш имконини берган;
«Бачадон бўйинчаси ва тухумдонлар саратони билан бемор аёлларда ҳамроҳ экстракорпрал иммунофармакотерапия усули» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 10 июлдаги 8н-р/181-сон маълумотномаси). Таклиф этилган тавсиялар ББС ва ТС билан беморларда ташхислаш дастурини оптималлаштириш, беморларнинг энг мураккаб гуруҳларини аниқлаш ва комплекс даволаш тактикасини танлашнинг объектив мезонларини аниқлаш имконини берган;
бачадон бўйинчаси ва тухумдон саратони билан беморларни даволаш натижаларини яхшилаш бўйича бажарилган диссертация ишидан олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалий фаолиятига, хусусан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг аутогемотерапия ва кимётерапия бўлимлари, марказнинг Самарқанд ва Жиззах филиаллари амалий фаолиятига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 20 июлдаги 8н-д/163-сон маълумотномаси). Таклиф этилган тадқиқот натижалари асосида ББС ва ТС билан беморларга ихтисослашган юқори технологияли тиббий хизмат кўрсатиш миқёси сезиларли кенгайтирилган, даволаш сифати ва ижобий натижалар частотасини яхшилаш, кимётерапия таъсиридан кейин III ва IV даражали токсиклик белгиларини бартараф этиш ҳамда умумий беш йиллик яшаб қолиш кўрсаткичини 58,7%дан 69,3%гача ошириш имконини берган.