Эштемиров Жасурбек Суюнкуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «ХХ–ХХI аср бошларида Қарши шаҳар маданияти», 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Tar105.
Илмий раҳбар: Эргашева Юлдуз Алимовна, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институти, DSc.06.01.2018.Tar.56.01.
Расмий оппонентлар: Шадманова Санавар Базарбаевна, тарих фанлари доктори, профессор; Юнусова Хуршида Эркиновна, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади:ХХ–ХХI аср бошида Қарши шаҳрининг маданий ҳаёти тарихини, шаҳар тарихида ушбу даврнинг тутган ўрни, хусусияти ва ўзига хос жиҳатларини очиб беришдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Бухоро амирлиги даврида Қарши шаҳри мадрасаларининг функциялари ва фаолияти механизми, шунингдек, талабаларнинг моддий таъминоти, таълим усули ва дастурларини ўзлаштиришга ёндашув, мадрасаларда ўқитиладиган фан блоклари ҳамда шаҳарнинг таниқли мударрислари аниқланган;
халқ амалий санъати вакиллари сулолалари (кулоллар, каштадўзлар, гиламчилар, заргарлар, кандакорлар), уларнинг санъат буюмларини ясаш усуллари, Бухоро амирлиги, совет даври ва мустақиллик даврларидаги фаолияти очиб берилган;
совет даврида “маданий инқилоб” ва “ягона совет маданияти” сиёсати натижасида шаҳарда таълим, маданий-маърифий соҳаларда рус маданиятининг устувор характерга эга бўлганлиги аниқланган;
Шаҳар агломерацияси ва урбанизация жараёнлари, ўтроқ воҳа ва чорвадор дашт анъаналарининг шаҳар маданий ҳаётига таъсири аниқланган;
Қарши шаҳар маданий ҳаётида мустақиллик йилларидаги трансформация жараёни таъсирида содир бўлган ижтимоий адаптациянинг бозор иқтисодиётига ўтиш даври қийинчиликлари билан боғлиқлиги кўрсатиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қарши шаҳрининг ХХ–ХХI аср бошларидаги маданияти тарихига оид ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
шаҳарсозлик соҳасида ҳудудларни маданий ривожлантиришнинг давлат дастурлари тадбирлари тавсифи, шаҳар таълим тизими мисолида Ўзбекистонда таълимдаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ҳамда таълим сифатини оширишда инновацион технологияларнинг ўрни таърифи, глобаллашув шароитида шаҳар маданияти ёшлар маънавий қиёфасини шакллантиришда асосий омиллардан бири сифатидаги талқини, мустақиллик шароитида шаҳарсозлик ва меъморчилик санъатининг ривожланишида шаҳар маданиятининг юксалишига оид натижаларидан Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида бажарилган ОТ-Ф8-211 рақамли “ХХ аср Ўзбекистон маданияти тарихи” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 12 октябрдаги ФТА-02-11/865-сон маълумотномаси). Бу Ўзбекистоннинг янги ижтимоий-иқтисодий шаклланиш шароитида шаҳарсозликни, маданиятини ривожланиш концепциясини амалга оширишга, маънавий-маърифий ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда хизмат қилган;
Қарши шаҳридаги мадраса ва масжидлар қурилишига оид тарихий маълумотлар тавсифи, Қарши шаҳрининг 2700 йиллик юбилейига доир, мустақиллик йилларида Қарши меъморий қиёфасидаги ўзгаришлар тавсифи, шаҳарнинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни каби хулосалардан Қашқадарё вилоят ўлкани ўрганиш музейининг “Қарши шаҳар меъморий ёдгорликлари”, “Қарши шаҳрининг 2700 йиллик юбилейини нишонлаш юзасидан ЮНЕСКО тадбирлари”, “Қарши мустақиллик йилларида” мавзуидаги экспозицияларини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2018 йил 27 мартдаги 01-11-08-2038-сон маълумотномаси). Бу Қарши шаҳрининг ХХ асрдаги тарихи, хусусан, анъанавий мактаблари, шаҳар қалъаси, унинг деворлари ва дарвозалари, Қашқадарё кўприги, ҳозирги замон шароитида шаҳардаги ўзгаришларни тасвирлашда музей фондлари материаллари ҳал қилувчи тарихий манбалардан бири эканлигини асослаб беришга хизмат қилган.