Шайматов Санжар Рузимуратовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ташқи электромагнит майдони мавжудлигида компакт объектлар атрофида умумрелятивистик астрофизик жараёнлар», 01.03.01–Астрономия (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/FM60.
Илмий раҳбар: Ахмедов Бобомурат Жўраевич, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Ядро физикаси институти ва Астрономия институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Ядро физикаси институти, Астрономия институти, Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.FM/T.33.01.
Расмий оппонентлар: Миртаджиева Каромат Тaхировна, физика-математика фанлари доктори, доцент; Файзуллаев Бируни Амануллавич, физика-математика фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Қозоғистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ташқи электромагнит майдон мавжудлигида айланувчи қора ўралар атрофидаги юқори энергетик жараёнлар, космик цензура гипотезасини текширишда ҳодисалар горизонти бузилиш жараёнининг динамикаси ва зарядланган зарраларнинг изочастотали айниган айланма орбиталари жараёнини тушунтирувчи назарий формализмларни ривожлантиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ташқи асимптотик бир жинсли магнит майдонида жойлашган Шварцшилд қора ўрасининг гравитация майдонидаги изочастотали айниган ногеодезик орбиталар ва ушбу орбиталар мавжуд соҳанинг ташқи магнит майдонига боғлиқлиги ишлаб чиқилган;
астрофизика нуқтаи назаридан ташқи магнит майдони қора ўраларнинг горизонтини бузилиш жараёнига етарлича таъсир қилиши ва космик цензура ҳодисасини қайта тиклаши кўрсатилган;
Керр-Тауб-НУТ (Kerr-Taub-NUT) фазо-вақтидаги айланувчи қора ўрадан ажралувчи энергиянинг Пенроуз жараёни орқали содир бўлиши ҳақиқатга яқинроқ эканлиги кўрсатилган ҳамда қора ўрадан ажралувчи энергияни NUT параметрига (гравитомагнит зарядга) тўғри боғлиқлиги топилган;
космологик доимий ва бран параметрининг таъсирлари натижасида зарраларнинг тўқнашувидан ажраладиган жуда юқори энергиянинг самарадор қиймати чекли бўлиши кўрсатилган; ички турғун айлана орбита радиусининг горизонт радиусидан ажралиши сабабли бу чеклилик механизми вужудга келиши топилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Ташқи электромагнит майдони мавжудлигида компакт объектлар атрофида умумрелятивистик астрофизик жараёнларни тадқиқ қилиш асосида:
ташқи асимптотик бир жинсли магнит майдоннинг изочастотали айниган ногеодезик орбиталарига таъсир хусусиятларининг илмий натижалари халқаро илмий журналларда гравитациянинг бошқа моделларида спинга эга зарраларнинг изочастотали айланма орбиталарини олишда фойдаланилган (Physical Review D, 92, 024029, 2015; Physical Review D, 93, 084012, 2016; Astronomische Nachrichten, 339, 341, 2018). Илмий натижаларининг қўлланилиши космологик доимий ва магнитланган зарралар томонидан кўрсатиладиган ўзаро таъсирлар натижасида изочастотали айниган орбиталарнинг фундаментал тамойилларини гравитациянинг бошқа моделларида ривожлантириш имконини берган;
астрофизика нуқтаи назаридан ташқи магнит майдони қора ўралар горизонтининг бузилиш жараёнига етарлича таъсир қилиши ва космик цензура ҳодисасини қайта тиклаши бўйича олинган илмий натижалар халқаро илмий журналларда гравитациянинг бошқа моделларида қора ўраларнинг ҳодисалар горизонтини бузиш жараёнида фойдаланилган (Classical and Quantum Gravity, 33, 175002, 2016; Physical Review D, 96, 024016, 2017; International Journal of Modern Physics A, 32, 1750125-85, 2017; Classical and Quantum Gravity, 35, 045008, 2018). Илмий натижаларининг қўлланилиши зарядланган зарралар ва синов майдонлар томонидан кўрсатиладиган ўзаро таъсирлар натижасида қора ўра ҳодисалар горизонти бузилиш жараёнининг фундаментал тамойилларини гравитациянинг бошқа моделларида ривожлантириш имконини берган;
Керр-Тауб-НУТ фазо-вақтидаги айланувчи қора ўрадан ажралувчи энергиянинг Пенроуз жараёни орқали содир бўлиши ҳамда гравитомагнетик зарядга ва космологик доимийга эга бўлган айланувчи қора ўраларнинг энергетик хусусиятлари бўйича олинган натижалар халқаро илмий журналларда юқори энергияларнинг кузатув маълумотларига боғлиқлиги ва гравитациянинг бошқа моделларида рақамли ҳисоблаш ёрдамида олинган энергетик хусусиятлар билан қиёслашда фойдаланилган (Physical Review D, 89, 024023, 2014; Physical Review D, 89, 104048, 2014; Classical and Quantum Gravity, 31, 195013, 2014; Physical Review D, 93, 104031, 2016; Physical Review D, 94, 086006, 2016; The European Physical Journal C, 76, 104, 2016; The European Physical Journal C, 76, 643, 2016; Physical Review D, 96, 104050, 2017; The European Physical Journal C, 78, 335, 2018; Physical Review D, 98, 024022, 2018). Илмий натижаларининг қўлланилиши турли гравитацион моделлар учун турли таъсир параметрларининг юқори тўқнашув энергияларига таъсирини моделлаштириш имконини берган;
космологик доимий ва бран параметрининг Рандал-Сундрум бран фазо сидаги айланувчи қора ўра атрофида зарраларнинг тўқнашувидан ажраладиган юқори энергиянинг самарадор қийматига таъсири бўйича олинган назарий натижа ва хулосалар ҳамда методлар «Компакт объектлар релятивистик астрофизикасида халқаро назарий ва кузатув тадқиқотлар тармоғи билан интеграллашувни қўллаб-қувватлаш» Европа Иттифоқи ва Чехия Республикасининг давлат бюджети тизимли фондлари томонидан молиялаштирилган CZ.1.07/2.3.00/20.0071 рақамли лойиҳада (2010-2014) регуляр қора ўра атрофидаги энергетик жараёнларни моделлаштиришда қўлланилган (Опавадаги Силезия университетининг 2018 йил 4 майдаги маълумотномаси). Илмий натижаларининг қўлланилиши регуляр қора ўра атрофидаги энергетик жараёнлар табиатини тушунтириш имконини берган.