Sayt test rejimida ishlamoqda

Шарипова Олия Аскаровнанинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Болалар сурункали носпецифик ўпка касалликларида жисмоний ва жинсий ривожланишдан орқада қолишининг клиник-патогенетик хусусиятлари», 14.00.09–Педиатрия (тиббиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.2DSc/Тib304.

Илмий маслаҳатчи: Бобомуратов Турдикул Акрамович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассасалар номи: Самарқанд давлат тиббиёт институти, Тошкент тиббиёт академияси.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент педиатрия тиббиёт институти, DSc. 27.06.2017.Tib.29.01.

Расмий оппонентлар: Шамсиев Фуркат Мухитдинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Арипова Тамарахон Уктамовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор, академик; Алиев Ахмаджон Лутфуллаевич, тиббиёт фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Самара давлат тиббиёт университети (Россия Федерацияси).

Диссертация йўналиши:назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ўпканинг сурункали носпецифик касалликлари мавжуд болаларнинг жисмоний ва жинсий ривожланиш хусусиятларини комплекс баҳолаш ва иккиламчи профилактика тадбирларини ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

ўпканинг сурункали носпецифик касалликларида болаларнинг жисмоний ва жинсий ривожланиши ортда қолиш даражасининг бронх-ўпка тизимининг бирламчи зарарланиш характери, патологик жараён давомийлиги,  касаллик оғирлиги ва гормонал бузилишларга боғлиқлиги асосланган;

ультратовушли денситометрия усулида товон суяги минерал зичлиги, суяк тўқимаси структур-функционал ўзгаришлари гетерогенлиги, бронх-ўпка тизимидаги яллиғланиш жараёни ва суякларнинг қайта тикланишида яллиғланиш цитокинларининг ўрни исботланган;

гипофизар-гонада, буйрак усти бези ва тиреоид тизимидаги функционал бузилишлар касалликнинг клиник шакли ва давомийлигига боғлиқ ҳолда пубертат даврни кеч бошланишига олиб келиши исботланган;

ўпканинг сурункали носпецифик касалликларида жисмоний ривожланиш, яъни болаларнинг бўй кўрсаткичи, тана вазни, кўкрак қафаси айланаси, тана вазн индексида ўзгаришларнинг касаллик билан боғлиқлиги исботланган;

ўпканинг сурункали носпецифик касалликларида жинсий ривожланиш, клиник, гормонал кўрсаткичлар орасида боғлиқлик касалликнинг клиник белгиларига боғлиқ ҳолда мавжудлиги исботланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Болаларда сурункали носпецифик ўпка касалликларида жисмоний ва жинсий ривожланишдан орқада қолишининг клиник-патогенетик хусусиятлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:

«Сурункали носпецифик ўпка касалликларига чалинган ўғил болаларнинг жинсий ривожланиши» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 17 майдаги 8м/140-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома сурункали носпецифик ўпка касалликларида жинсий ривожланишдан орқада қолишининг клиник-патогенетик хусусиятларини ва босқичли иккиламчи профилактика чора-тадбирларини ўз вақтида қўллашга имкон берган;

«Болалар сурункали носпецифик ўпка касалликларида остеопеник синдром» мавзусидаги услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 17 майдаги 8м/141-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома болаларда остеопеник синдромни эрта ташхислаш ва ўз вақтида даволаш чора-тадбирларини қўллаш имконини берган;

болалар сурункали носпецифик ўпка касалликларида жисмоний ва жинсий ривожланишдан ортда қолишининг клиник-патогенетик хусусиятлари бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Самарқанд шаҳар болалар шифохонаси, Тошкент тиббиёт академияси бириничи ва иккинчи клиникалари, Самарқанд давлат тиббиёт институти биринчи клиникаси клиник амалиётига татбиқ қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 12 январдаги 8Н-д/74-сон маълумотномаси). Олинган тадқиқот натижаларининг клиник амалиётга жорий қилиниши жисмоний ва жинсий ривожланишдан орқада қолишни, остеопеник синдромни эрта даврда ташхислаш ва иккиламчи босқичли профилактикани қўллаш орқали касаллик ремиссия муддатини узайтириш, асоратларини камайтириш, беморлар ҳаёт сифатини яхшилаш, болаларни шифохонада даволаниш муддатини уртача 4-4,5 ўрин кунига қисқартириш ҳамда амортизация харажатларини икки баробар камайтириш ҳисобига иқтисодий самарадорликни ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish