Кандахаров Анваржон Хасановичнинг
фалсафа доктори (PhD)диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “XVI асрда Кармана шайхларининг ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётда тутган ўрни”, 07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: В.2018.4.PhD/Tar16.
Илмий раҳбар: Иноятов Сулаймон Иноятович, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти, DSc.06.01.2018.Tar.56.01.
Расмий оппонентларЮсупова Дилором Юнусовна, тарих фанлари доктори, академик; Хидирова Наргиза Ўриновна, тарих фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Бухоро хонлигида шайбонийлар сулоласи ҳукмронлиги даври (1500–1601)да Кармана шайхларининг, хусусан, Шайх Худойдод Валий (1461–1532) ва Қосим Шайх Азизон (1500–1578)нинг давлат ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётда тутган ўрнини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
карманалик яссавия тариқати шайхларининг Муҳаммад Шайбонийхон ва Убайдуллахонлар томонидан Мовароуннаҳрни ягона марказга бирлаштиришдаги ўрни ҳамда мамлакат мадрасалари талабалари ва бева-бечораларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, миллатлараро тотувлик ва экологик маданиятни тарғиб этишдаги фаолияти аниқланган;
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Убайдуллахон ўртасидаги сиёсий зиддиятларни бартараф этиш ҳамда Мовароуннаҳрда шайбонийлар сулоласи ҳукмронлигининг узил-кесил ўрнатилишига Шайх Худойдод Валийнинг таъсири тарихий фактлар асосида далилланган;
Қосим Шайх Азизоннинг Абдуллахон II томонидан давлатни марказлаштиришдаги маънавий кўмаги ҳамда 1551, 1569, 1576 йилларда шайбоний султонлар ўртасидаги тожу тахт учун курашларда мамлакат тинчлиги ва халқ осойишталигини таъминлаш мақсадида ҳукмдорларни муросага келтириш йўлида олиб борган сулҳпарварлик фаолияти аниқланган;
XVI асрда яссавия ва нақшбандия тариқатлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар Шайх Худойдод Валий–Маҳдуми Аъзам Даҳбедий ва Қосим Шайх Азизон–Жўйибор хожаларининг ҳамкорлик алоқалари мисолида очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
XVI асрда Кармана шайхларининг ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётда тутган ўрнига оид илмий натижалар асосида:
карманалик тасаввуф шайхларининг мамлакат сиёсий ҳаётига таъсири, уларнинг маънавий мерослари ва яссавия тариқати ривожидаги ўрни каби масалалар Тошкент ислом университети, Навоий давлат кончилик институти, Бухоро давлат университети, Навоий давлат педагогика институтларида “Ўзбекистон тарихи”, “Ўрта Осиё тасаввуф тариқатлари тарихи”, “Тарихшунослик”, “Диншунослик”, “Ўлкашунослик ва туризм”, “Маънавият асослари”, “Ўрта асрлар тарихи” каби фанларни ўқитишда ва талабаларнинг илмий тадқиқот ишларида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 29 январдаги 89-03-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши талабаларда ўрта асрлар Ўзбекистон тарихи ва тасаввуф тариқати вакилларининг ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолиятлари тўғрисидаги билимларини янада мустаҳкамлашга ҳизмат қилган;
Шайх Худойдод Валий ва Қосим Шайх Азизоннинг Навоий ва Самарқанд вилоятларида жойлашган муқаддас зиёратгоҳлари тарихи, масжид-хонақоҳлари ва алломаларнинг диний-тасаввуфий қарашлари тўғрисида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишда Республика диний идоралари томонидан фойдаланилган (Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг 2017 йил 21 августдаги 1316-сон маълумотномаси).Қўлга киритилган илмий натижалар ислом динига оид зиёратгоҳлар тарихини билиш ва диний қадриятларни англаш, тасаввуф таълимотидаги инсонпарварлик, ватанпарварлик моҳиятини янада кенгроқ тушунишга имкон яратган;
Навоий вилоятида жойлашган муқаддас қадамжолар ва алломаларнинг ижтимоий фаолиятига оид маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлимида бажарилган ИЖ. 10-18 рақамли лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлимининг 2018 йил 12 ноябрдаги 06/11-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши тарихий объектлар тўғрисида ёзилган тарихий манбалардан фойдаланишда ва қадамжолар ҳақидаги оғзаки ривоятларни илмий асослашга имкон берган;
XVI асрда яшаган карманалик алломалар таълимотининг асоси бўлган меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, илм-маърифат каби масалаларни ёш авлод ва кенг жамоатчиликка тарғиб қилишда Ўзбекистон МТРК Навоий вилоят телевидениеси “Навоий” ва “Диёр” телеканалларида намойиш этилган “Мозий кўзгуси” номли давомли ҳужжатли фильм ва “Тарихдан сабоқлар” номли радиоэшиттиришни тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Навоий вилоят МТРКнинг 2017 йил 13 июлдаги 01-09-203-сон маълумотномаси). Ушбу илмий натижалар алломалар илмий мероси ва қадамжолари тарихига бўлган қизиқишни янада кучайишига хизмат қилган.