Sayt test rejimida ishlamoqda

Тожиева Зулхумор Назаровнанинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Ўзбекистон Республикасида демографик жараёнлар ва уларнинг ҳудудий хусусиятлари», 11.00.02–Иқтисодий ва ижтимоий география (география фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/G1.

Илмий маслаҳатчи: [Солиев Абдусами Солиевич], география фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.G.01.06

Расмий оппонентлар: Қаюмов Абдуҳаким Абдухамидович, география фанлари доктори, профессор; Умурзақов Баходир Хамидович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Умаров Есенғали Қурбанович, география фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Қорақалпоқ давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: демографик жараёнларнинг географик хусусиятларини аниқлаш ва минтақалар демографик ривожланишининг асосий йўналишларини такомиллаштиришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

барқарор ривожланишга таъсир этувчи демографик хавфсизлик индикаторлари ва уларнинг ҳудудлар миқёсида ижтимоий-иқтисодий оқибатлари асосланган;

ижтимоий демографик ривожланишдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда геодемографик ва демогеографик тадқиқотларнинг методологияси демогеографик районлаштириш асосида такомиллаштирилган;

ҳудудларнинг демографик сиғим (ХДС) даражаси жами аҳолининг ёш-жинс таркиби бўйича ишлаб чиқилган, аҳоли пунктларини ҳудудий ташкил этиш билан аҳоли такрор барпо бўлишининг демогеографик хусусиятлари аниқланган;

республика аҳолисининг ўлим ва ўртача кутилаётган умр давомийлиги де Муавр усули бўйича моделлаштириш асосида уларнинг ўзаро корреляцияси ва динамикаси асосланган;

демография, аҳоли бандлиги ва меҳнат бозори масалаларида соҳага оид муаммоларни ҳал этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини мониторинг қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган;

демографик ривожланишнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқбол кўрсаткичларига асосланган демографик прогноз параметрлари ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Демографик жараёнлардаги ўзгаришларнинг ҳудудий хусусиятларини баҳолаш бўйича ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:

қисқа ва ўрта муддатли демографик прогноз натижалари Иқтисодиёт вазирлиги амалиётига жорий қилинган (Иқтисодиёт вазирлигининг 2010 йил 9 декабрдаги 5-1/20-1825-сон маълумотномаси). Илмий натижадан фойдаланиш Ўзбекистон Республикасида демографик прогноз параметрларини белгилаш ва 2011 йилда иш ўринларини ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш Дастурини мониторинг қилиш имконини берган;

демографик хавфсизлик индикаторлари тизими ва ҳудуд демографик сиғими (ҲДС) даражаси бўйича ишланмалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ижтимоий тадқиқотлар институтида аҳоли турмуши сифат даражасини мониторинг қилиш тизимини шакллантиришда ҳамда «ҲДС даражасини ҳисоблаш методикаси»ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ижтимоий тадқиқотлар институтининг 2016 йил 8 ноябрдаги 01/04-322-cон маълумотномаси). Илмий тадқиқотлар натижаси демографик хавфсизликка эътиборни янада кучайтириш, ҳудудларда юқори даражадаги демографик сиғим самарадорлигини таъминлашга хизмат қилган;

республикада янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга йўналтирилган ижтимоий-иқтисодий тармоқларга ва меҳнат бозорига тушаётган демографик босим кўрсаткичлари Меҳнат вазирлиги тизимида жорий этилган (Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2010 йил 4 ноябрдаги 158-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф ва тавсиялар демография, аҳоли бандлиги ва меҳнат бозори масалаларида соҳага оид муаммоларни ҳал этишга имкон яратган;

аҳоли ва аҳоли пунктларини ҳудудий ташкил этишнинг демогеографик хусусиятлари, геодемографик ва демогеографик тадқиқотларнинг методологик асосларини такомиллаштиришга оид илмий натижалар 5140600 – География бакалавр таълим йўналишларида «Аҳоли географияси» фани бўйича узвийлаштирилган Давлат таълим стандарти ва бакалавриат таълим йўналишларининг малака талаблари мазмунига сингдирилган («Ўзстандарт» агентлигининг 2016 йил 30 декабрдаги 10/1584-сон маълумотномаси). Татбиқ этилган материаллар демографиянинг асосий йўналишлари, восита ва усулларининг тавсифини очиб бериш имконини беради.

Yangiliklarga obuna bo‘lish