Тиляков Акбар Буриевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Қўшма шикастларда чаноқ суяклари ностабил синишларини ташхислаш ва даволашни яхшилаш йўллари», 14.00.22–Травматология ва ортопедия (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.DSc/Tib12.
Илмий маслаҳатчи: Хаджибаев Абдухаким Муминович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази, Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.49.01.
Расмий оппонентлар: Лазарев Анатолий Федорович, тиббиёт фанлари доктори, профессор (Россия Федерацияси); Ходжанов Искандер Юнусович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Хамраев Алишер Шахобович, тиббиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Москва шаҳрининг соғлиқни сақлаш давлат бюджет муассасаси «Москва шаҳри соғлиқни сақлаш департаментининг Н.В.Склифосовский номидаги тез ёрдам илмий-тадқиқот институти».
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: клиник-диагностик алгоритмни мақбуллаштириш ва янги комплекс даво усуллари, миниинвазив остеосинтез усуллари ва мосламаларини ишлаб чиқиш асосида қўшма шикастланишлардаги чаноқ суягининг полифокал синишларини даволаш натижаларини яхшилаш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
политравма структураси ўрганилди ва чаноқ қўшма синишларини анъанавий клиник диагностик стандартларга асосланиб даволашда қониқарсиз натижалар ривожланишининг хавф омиллари аниқланган;
қўшма шикастларда чаноқ суякларининг ностабил ва полифокал синишлари қайд этилган беморларни даволашнинг оптимал тактикасини танлашда унификацияланган даволаш-ташхислаш дастури ишлаб чиқилган;
чаноқнинг ностабил синишларини кам жароҳат етказиб даволашда чаноқ ҳалқасини стабил фиксациялаш ва суяк синиқларини сифатли репозициясига эришиш учун ўзакли ташқи фиксация аппарати такомиллаштирилган;
такомиллаштирилган аппаратнинг турли статистик юкламалар таъсиридаги самарадорлиги ва бу аппаратнинг таранг режимда адекват ишлашини таъминлаш учун уларнинг максимал қийматлари механик экспериментда асослаб берилган;
такомиллаштирилган ўзакли ташқи фиксация аппаратининг техник афзалликлари аниқланган;
«Чаноқ-сон аппарати» чаноқнинг қуймичаро синишларини даволаш учун ўқли-ўзакли аппарати ишлаб чиқилган;
суяк тўқимаси шикастланишларида остеорепарация жараёнларини ҳамда чаноқ битишмалари тоғай қисми узилишларида бириктирувчи тўқима регенерация жараёнлари стимуляциясини жадаллаштириш учун эмбрионал аллофибробластларни имплантация қилиш усули ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Қўшма жароҳатли беморларда чаноқ шикастларини диагностикаси ва даволашни яхшилаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Чаноқ суяклари полифокал синишларини даволаш учун ўзакли аппарат» ишлаб чиқилган ва патент олинди (Интеллектуал мулк агентлиги №FAP 00994) ҳамда «Қўшма шикастларда чаноқ суяклари ностабил синишларида даво-диагностик алгоритми» ЭҲМ дастури ишлаб чиқилди (Интеллектуал мулк агентлиги №DGU 02792). Чаноқ суякларининг ностабил ва қуймичаро синишларида такомиллаштирилган ўзакли ва сих-ўзакли ташқи фиксацион аппаратларнинг қўлланилиши беморларда реабилитация даврини 11,2 ҳафтадан 8,6 ҳафтагача қисқартирилишга олиб келди;
«Чаноқ суяклари ностабил ва полифокал синишлари диагностикаси ва каминвазив даволаш усулларининг замонавий тамойиллари» услубий қўлланмаси соғлиқни сақлаш амалиётига татбиқ этилди. Чаноқ суяклари қўшма шикастларини даволашда операциядан кейинги даврдаги асоратларни 23,5% дан 6,5% гача камайишига олиб келди;
қўшма шикастларда чаноқ суякларини даволашда ишлаб чиқилган ташқи фиксацион аппаратлар, даво-диагностик алгоритм Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази илмий-клиник бўлимларига ҳамда РШТЁИМнинг Самарқанд, Навоий, Бухоро, Андижон, Фарғона филиаллари травматология бўлимларига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 10 октябрдаги 8Н-д/34-сон маълумотномаси). Ишлаб чиқилган диагностика алгоритми ва даволаш усулларини қўллаш асосида узоқ даврдаги ижобий натижаларни 52,8%дан 82,5%гача янада яхшиланишига эришилди.