Sayt test rejimida ishlamoqda

Ходжамова Наргиза Каримовнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ҳомила ичи ривожланишидан орқада қолишнинг клиник-иммунологик ва генетик механизмлари ва чақалоқларни даволашни оптималлаштириш», 14.00.09–Педиатрия (тиббиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.PhD/Tib305.

Илмий раҳбар: Рахманкулова Зухра Жандаровна, тиббиёт фанлари доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент педиатрия тиббиёт институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент педиатрия тиббиёт институти, DSc.27.06.2017.Tib.29.01.

Расмий оппонентлар: Шамсиев Фазлитдин Сайфутдинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Шарипова Мадина Каримовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази.

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ҳомила ичи ривожланишидан орқада қолишнинг клиник-иммунологик ва генетик механизмларини аниқлаш ҳамда чақалоқларни даволашни оптималлаштиришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор ҳомила ичи ривожланишидан орқада қолишнинг симметрик ва асимметрик турларини ривожланишида антенатал давр хавф омилларининг прогностик муҳим эканлиги аниқланган;

турли клиник вариантли ҳомила ичи ривожланишидан орқада қолган чақалоқларда фолат алмашинуви генларининг полиморф турларини юқори даражада учраши асосланган;

фолат алмашинувининг нохуш генотипига кирувчи уч нафар генларни биргаликда кузатилиши, икки ёки бир геннинг учрашига нисбатан ҲРОҚ симметрик тури келиб чиқишининг ошиши исботланган;

ҳомила ичи ривожланишидан орқада қолган, асфиксияда туғилган чақалоқларда яллиғланиш чақирувчи ва яллиғланишга қарши цитокинларнинг орасида юқори номутаносиблик ва апоптоз омиллар ишлаб чиқарилишининг кучайиши аниқланган;

ҳомила ичи ривожланишидан орқада қолган чақалоқларда клиник-иммунологик тадқиқотларнинг натижалари асосида даволаш чора-тадбирлари оптималлаштирилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ҳомила ичи ривожланишидан орқада қолган чақалоқларни даволашни оптималлаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

“Ҳомила ичи ривожланишидан орқада қолган чақалоқларда иммунокоррекцияловчи терапия” мавзусидаги услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 25 ноябрдаги 8Н-р/160-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома ҳомила ичи ривожланишидан орқада қолган чақалоқлар клиник холатини яхшиланиши, иммунологик кўрсаткичларни меъёрлаштириш, касаллик асоратларини ва иқтисодий харажатларни камайтириш имконини берган;

тадқиқот давомида ҳомила ичи ривожланишидан орқада қолган чақалоқларда иммункорригирловчи даволашни оптималлаштириш борасида олинган натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Қашқадарё вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази, Тошкент шаҳар 5-сон болалар касалхонаси амалиётига татбиқ қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 7 декабрдаги 8H-д/62-сон маълумотномаси). Амалиётга татбиқ қилинган натижалар ҳомила ичи ривожланишидан орқада қолган чақалоқлардаги иммун ҳолатни баҳолаш ва оптимал даво чораларини қўллаш, стационарда даволаниш даврини, харажатлар сарфини камайтириш ва болалар ҳаёти сифатини яхшилашга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish