Ризаев Камал Саидакбаровичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Ўткир деструктив панкреатит ташхиси ва давосини такомиллаштириш», 14.00.27–Хирургия (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам:B2017.1.DSc/Tib15.
Илмий маслаҳатчи: Хаджибаев Абдухаким Муминович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази, Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.49.01
Расмий оппонентлар: Старков Юрий Геннадьевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор (Россия Федерацияси); Акилов Хабибулла Атауллаевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Хакимов Мурад Шавкатович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: И.И.Джанелидзе номидаги Тез тиббий ёрдам илмий-текшириш институти (Россия Федерацияси).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўткир деструктив панкреатитни комплекс даволаш натижаларини беморларни олиб боришда оптимал босқичли кўп йўналишли тактикани ишлаб чиқиш асосида яхшилашдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
мазкур иш дастлабки тадқиқотлардан бири бўлиб, унда ўтказилган тиббий-ижтимоий статистик таҳлилга асосланган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг турли ҳудудларида ўткир панкреатитнинг тарқалганлиги, частотаси ва клиник кечиш хусусиятлари аниқланган;
биринчи бор ЎПни даволаш тажрибаси умумлаштирилган бўлиб, унга асосланган ҳолда ташкил этилган шошилинч тиббий ёрдам универсал тизими ўзининг максимал самарадорлиги ва натижаси билан «…Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси, қаерда яшаётганлигидан, моддий имкониятларининг қандайлигидан қатъий назар зарур стандартдаги шошилинч тиббий ёрдамни олиши зарур» деган асосий тамойилни рўёбга чиқаради;
ўткир панкреатитни комплекс ташхислаш ва унинг оғирлигини баҳолашда клиник, лаборатория, нур ёрдамида ва ускунали усулларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш асосида ўткир панкреатитнинг патоморфологик шаклини ҳамда клиник кечиш оғирлигини прогнозлашнинг РШТЁИМ шароитларига мослаштирилган ва модификацияланган усули таклиф этилган;
турли хил текширув усуллари маълумотларини корреляциявий таҳлил қилиш асосида ўткир панкреатит деструктив шаклларининг ривожланиш хавфини, унинг оғирлик даражасини, асоратларини ва летал оқибатларини баҳолашнинг сифат ва миқдор мезонлари аниқланган;
ЎПни даволашда турли усулларнинг самарадорлиги баҳоланган ва уларга кўрсатмалар ишлаб чиқилган, касалликнинг этиологияси ва муддатларига, деструктив асоратларнинг оғирлиги ва кўламига кўра хирургик даволашни эрта фаоллаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги аниқланган;
ўткир панкреатитни комплекс даволашда турли даволаш-тактик ёндашувлар ва усулларни қўллаш самарадорлигини таҳлил қилиш натижаларини эътиборга олган ҳолда хирургик тактиканинг рационал алгоритмлари ишлаб чиқилган ва ТЎПни жадал даволашнинг ягона баённомаси стандартлаштирилган;
катта дуоденал сўрғичнинг тиқилган тошлари замирида ЎПни даволаш натижаларини танқидий таҳлил қилиш орқали, панкреатитнинг тегишли клиник, инструментал ва лаборатор белгилари бўлмаган тақдирда ҳам билиар панкреатит ривожланмасидан олдин эндоскопик текшириш ва даволаш муолажаларини ўтказиш зарурлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
ЎП оғирлигини ва пациент ҳолатини баҳолашнинг ишлаб чиқилган янги усулларини, хирургик тактика алгоритмларини ва ТЎПни жадал даволаш баённомасини РШТЁИМ амалиётида кенг қўллаш эрта ўлим частотасини 34,5 дан 16,1% гача, йирингли асоратларни 27,5 дан 16,1% гача, кеч ўлимни 20,9 дан 9,7% гача ва умумий леталликни 55,2 дан 25,8% гача пасайтириш имконини берди;
диссертация ишининг асосий хулосалари ва амалий тавсиялари Клиник ординаторларни тайёрлаш “Хирургия” микроцикли бўйича ўқув-услубий қўлланмасида (2013), “Тарқалган перитонитни комплекс даволаш” услубий тавсияларда (2011) ва “Қорин ичи гипертензиясининг диагностикаси, даволаш ва профилактикаси” Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот хатида ўз аксини топди ва амалиётга татбиқ қилинди. ТЎПни таклиф қилинаётган алгоритмлар ва тамойилларга биноан комплекс даволаш жойлардаги умумий ўлим кўрсаткичини 5,5-13,1 фоизга камайтиришга имкон берди;
ишлаб чиқилган ЎПли беморларни даволашга ёндашувлар РШТЁИМ ва унинг ҳудудий филиалларидаги хирургия ва реанимиция бўлимларининг даволаш-диагностика жараёнига татбиқ қилинган бўлиб (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 10 майдаги 8н-д/35-сон хулосаси), бунинг натижасида ЎП ва унинг асоратларида мамлакатимиз аҳолисига кўрсатилаётган ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдамнинг географиясини салмоқли кенгайтириш ва унинг очиқлилигини ошириш имконини берди.