Sayt test rejimida ishlamoqda

Аъзам Сардор Эркин ўғлининг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ташқи савдони эркинлаштириш шароитида Ўзбекистон саноат сиёсати трансформацияси”, 08.00.09–Жаҳон иқтисодиёти (иқтисодиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.DSc/Iqt59.

Илмий маслаҳатчи: Тўхлиев Нурислом, иқтисодиёт фанлар доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, DSc.27.06.2017.Tar/Yu/I./S/24.01.

Расмий оппонентлар: Мурадова Ҳусния Муҳитдиновна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, Исаджанов Абдували Абдураҳимович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, Зуфарова Наргиза Алимджановна, иқтисодиёт фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш йўлидаги илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон саноат сиёсати трансформацияси механизмларини ташқи савдони эркинлаштириш шароитида такомиллаштириш бўйича илмий-амалий таклифларни ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

маҳаллий корхоналарнинг глобал қўшилган қиймат занжирларига уланишини таъминловчи экспортга йўналтирилган саноат сиёсатининг ўзига хос жиҳатлари аниқланиб, уни амалга ошириш механизмлари асосланган, шунингдек, кам ва ўрта даромадли мамлакатлар кесимида бундай сиёсат воситаларининг таснифи такомиллаштирилган;

Ўзбекистоннинг бошқа юқори суръатларда ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётидаги таркибий ўзгаришлар билан таққослама таҳлили амалга оширилиб, саноатнинг экспортга йўналтирилган устувор тармоқларини аниқлашнинг услубий жиҳатлари такомиллаштирилган;

когнитив капитал ва бошқа бир қатор омилларнинг инновацион фаолиятга таъсири асосий каналлар кесимида аниқланиб, уларнинг ўртасида мустаҳкам алоқа мавжудлиги эмпирик жиҳатдан исботланган;

халқаро таснифлар асосида Ўзбекистон ташқи савдоси маҳсулот таркибининг технологик даражасига баҳо берилиб, гравитацион моделлаштиришга оид илмий асосланган воситалар ёрдамида Ўзбекистон ташқи савдосини жуғрофий жиҳатдан диверсификация қилиш бўйича истиқболли мамлакатлар рўйхати аниқланган;

Жаҳон банки сўровномаларидан олинган маълумотларнинг максимал эҳтимоллик эконометрик услуби орқали амалга оширилган логистик регрессияси ёрдамида глобал қўшилган қиймат занжирларида иштирок этувчи ривожланаётган мамлакатлар саноат корхоналарининг ўзига хосликлари, уларнинг бошқа турдаги корхоналардан устун жиҳатлари аниқланган;

тармоқлараро балансга оид статистик маълумотларнинг етишмовчилиги шароитида мамлакатларнинг минтақавий ва глобал қўшилган қиймат занжирларида иштироки даражасини аниқлашнинг услубий асосларини такомиллаштиришга доир ёндашувлар таклиф этилган;

экспортнинг технологик даражасини яхшилаш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, маҳаллий корхоналарнинг жаҳон бозорига интеграциясини таъминлаш, шунингдек, синовдан ўтган илғор хориж тажрибаси таҳлили асосида Ўзбекистонда ЭИЗнинг инновацион-индустриал ривожланиши муаммоларини бартараф этиш мақсадида саноат сиёсатининг самарали воситаларини қўллаш бўйича илмий асосланган чора-тадбирлар ҳамда таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган;

глобал қўшилган қиймат занжирларига уланишни назарда тутувчи янги экспортга йўналтирилган ривожланиш моделига Ўзбекистон Республикасининг босқичма-босқич ўтиши билан боғлиқ “йўл харитаси” таклиф этилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ўзбекистон саноат сиёсати трансформацияси механизмларини ташқи савдони эркинлаштириш шароитида такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар асосида:

маҳаллий корхоналарни глобал қўшилган қиймат занжирларига уланишини таъминловчи экспортга йўналтирилган янги саноат сиёсатининг ўзига хосликлари ҳамда унга ўтишнинг асосланган механизмлари, шунингдек, божхона-тариф сиёсатини бошқариш соҳасида ўрганилган илғор хориж тажрибаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги ПҚ-3303-сонли “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2018 йил 19 июлдаги НБ-3-1/20-20-1736-сон маълумотномаси). Ҳужжатнинг қабул қилиниши натижасида импорт маҳсулотларига нисбатан ўрнатилган ўрта арифметик божхона ставкалари 14,5 фоиздан 6,4 фоизга тушган. Бу эса рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини рағбатлантириш, республикада рақобат муҳитини ривожлантириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватлашга қаратилган божхона-тариф сиёсатини янада самарали бошқариш имкониятини яратган;

экспортга йўналтирилган истиқболли саноат тармоқларини аниқлашнинг такомиллаштирилган методикаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги тасарруфидаги модел ва услубиётга оид воситалар захирасининг янада бойишига хизмат қилиб, қиёсий афзалликлар асосида саноат тармоқларининг самарадорлиги таҳлилини амалга оширишга, қайта ишлаш саноати соҳасида истиқболли лойиҳаларни аниқлашга замин яратган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2018 йил 19 июлдаги НБ-3-1/20-20-1736-сон маълумотномаси). Илмий натижалар қайта ишлаш саноати тармоқлари модернизациясини амалга ошириш ҳамда таркибий ислоҳотларнинг амалий аҳамияти юқори бўлган ва илмий асосланган дастурларини шакллантиришнинг услубий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилган;

дунё мамлакатларидаги когнитив капиталнинг инновацион фаолиятга таъсирини тадқиқ этиш соҳасида шахсан муаллиф томонидан қўлга киритилган янги илмий натижаларга импакт-фактори юқори бўлган тўртдан зиёд халқаро илмий журналларда (Environmental Research, 2017. V. 157, pp. 182-189, Journal Citation Reports, IF – 4.732; Personality and Individual Differences, 2018. V. 120, pp. 52-57, Journal Citation Reports, IF – 1.967; Environmental Research, 2018. V. 160, pp. 322-330, Journal Citation Reports, IF – 4.732; Social Indicators Research, 2018. pp. 1-24, Springer Nature, IF – 1.648), шунингдек, Дейвисдаги Калифорния университети каби илғор хорижий университетлар тадқиқотчилари томонидан ҳаволалар келтирилган ва турли илмий мақсадларда фойдаланилган. Натижада дунё мамлакатлари аҳолисининг интеллект даражаси қанчалик юқори бўлса, ушбу мамлакатлар экспортининг маҳсулот таркиби ҳам шунчалик мураккаб ва диверсификациялашган бўлиши, мазкур ҳолат, шунингдек, уларнинг инновацион салоҳияти юқорилигидан дарак бериши ҳақидаги гипотеза тадқиқот ёрдамида ўз исботини топган;

ташқи савдо маҳсулот таркибининг технологик даражасини аниқлашга оид методик ишланма Ташқи савдо вазирлиги иш фаолиятига татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг 2018 йил 26 июлдаги СС-02/05-1-3029-сон маълумотномаси). Мазкур ишланма ташқи савдода қатнашаётган маҳсулотларнинг технологик даражасини аниқлашга, импорт ҳажмини унинг технологик даражаси ва ўрнини босиш имкониятларига кўра оқилона оптималлаштиришга, импорт ўрнини босиш мақсадида тегишли технологик даражага эга бўлган истиқболли лойиҳаларни танлаб олишга, бундай лойиҳаларни уларга турли имтиёз ва преференциялар бериш йўли билан рағбатлантиришга, юқори технологик маҳсулотлар улушини ошириш эвазига ишлаб чиқариш ва экспортни сифатли диверсификация қилишга имкон яратади;

гравитацион моделлаштириш воситаларини қўллаган ҳолда Ўзбекистон ташқи савдосини жуғрофий жиҳатдан диверсификация қилиш салоҳиятини аниқлаш методикаси республиканинг ҳам экспорт, ҳам импорт жабҳасида бир қатор яқин ва узоқ хориж мамлакатлари билан фойдаланилмаган ўзаро савдо салоҳияти мавжудлигини кўрсатган (Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг 2018 йил 26 июлдаги СС-02/05-1-3029-сон маълумотномаси). Хусусан, мазкур методика асосидаги ҳисоб-китоблар жорий йилнинг биринчи яримйиллигида дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатларига, шу жумладан, 45 та янги бозорга миллий маҳсулотларни экспорт қилишда қўл келди. Бу эса методиканинг нечоғлиқ самарали эканини намоён этган;

глобал қўшилган қиймат занжирларида иштирок этувчи саноат корхоналарининг аниқланган ўзига хос жиҳатлари, шунингдек, Марказий Осиёдаги минтақавий қўшилган қиймат занжирларида Ўзбекистоннинг иштироки даражасини ўрганиш натижалари Ташқи савдо вазирлигининг Миллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқишга кўмаклашиш бошқармаси фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг 2018 йил 26 июлдаги СС-02/05-1-3029-сон маълумотномаси). Хусусан, ушбу илмий натижалар ўрта муддатли даврда ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солишга оид таклиф ва тавсияларнинг илмий жиҳатдан асослантирилишига хизмат қилган;

экспортнинг технологик даражасини яхшилаш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, маҳаллий корхоналарнинг минтақавий ва глобал қўшилган қиймат занжирларига интеграциясини таъминлаш, Ўзбекистонда ЭИЗнинг инновацион-индустриал ривожланиши муаммоларини бартараф этиш мақсадида саноат сиёсатининг самарали воситаларини қўллаш бўйича ишлаб чиқилган илмий асосланган чора-тадбирлар ҳамда таклиф ва тавсиялар таҳлилий маълумотномалар тайёрлаш жараёнида, шунингдек, “Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон мавқеини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2018 йил 19 июлдаги НБ-3-1/20-20-1736-сон маълумотномаси). Хусусан, ушбу чора-тадбир ва таклифлар 2018 йилнинг биринчи яримйиллигида Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари бўйича тайёрланган материалларнинг мазмун-моҳиятини бойитиш имконини бериб, Ўзбекистон инвестицион иқлими ва тадбиркорлик муҳитидаги жорий ҳолатни янада яхшилаш, халқаро рейтингларда республика мавқеини объектив акс эттириш ва кўтаришга замин яратади;

саноат сиёсатининг турли воситалари, шунингдек, маҳаллий корхоналар экспорт фаолиятини рағбатлантириш, уларнинг ва саноат тармоқларининг глобал қўшилган қиймат занжирларига интеграцияси жараёнини самарали ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбир ва таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сонли “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар Стратегияси ижросини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологиялар” йилида таъминлашга доир Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонининг иловасидаги 82-, 111- ва 226-моддаларни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг 2018 йил 26 июлдаги СС-02/05-1-3029-сон маълумотномаси). Бу эса ўз навбатида маҳаллий маҳсулот ва хизматлар экспорти ҳажмларини кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, 2018 йилнинг биринчи яримйиллигида маҳаллий экспортчи корхоналарнинг 50дан ортиқ халқаро кўргазма ва ярмаркалардаги самарали иштирокини таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш, маҳсулот айирбошлаш ҳажмларини ошириш ҳамда корхоналар ўртасида кооперацион алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида шароитларни яхшилаш каби жабҳаларда Ташқи савдо вазирлиги фаолияти самарадорлигининг ошишига хизмат қилган;

глобал қўшилган қиймат занжирларига уланишни назарда тутувчи янги экспортга йўналтирилган ривожланиш моделига Ўзбекистон Республикасининг босқичма-босқич ўтиши билан боғлиқ “йўл харитаси”да ўз ифодасини топган таклиф ва тамойиллар Иқтисодиёт вазирлигининг 2017 йил 17 майдаги 36-сонли буйруғининг 2-иловасига мувофиқ 2018-2020 йиллардаги ўрта муддатли даврга мўлжалланган республика макроиқтисодий прогноз кўрсаткичларини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2018 йил 19 июлдаги НБ-3-1/20-20-1736-сон маълумотномаси). Натижада ташқи конъюнктура ривожланишининг турли траекторияларини ҳисобга олган асосий макроиқтисодий индикаторларнинг 2018-2020 йиллардаги прогноз кўрсаткичлари сценар вариантлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига йўлланган таҳлилий материалда ўз ифодасини топган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish