Аллабердиев Алижон Авезбердиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Бухоро ўғуз шевалари лексикаси», 10.00.01–Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/Fil13.
Илмий раҳбар: Мадвалиев Абдуваҳоб Патахович, филология фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.27.06.2017.Fil.19.01.
Расмий оппонентлар: Абдушукуров Бахтиёр Бўриевич, филология фанлари доктори; Ибрагимов Юлдош Маткаримович, филология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Андижон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Бухоро ўғуз шевалари лексикаси бўйича йиғилган барча тил фактларини лексик қатламлар тарзида қиёсий-тарихий йўналишда лексик-семантик жиҳатдан таҳлил қилиш ҳамда қиёсий-тарихий таҳлил орқали Бухоро ўғуз шеваларининг ўзбек тилига, бошқа ўғуз шеваларига, туркман тили ва унинг лаҳжаларига узвий боғлиқлигини ўрганишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Бухоро ўғуз шеваларининг бошқа ўзбек ўғуз шеваларидан фонетик ва лексик жиҳатдан фарқ қилувчи алоҳида шева эканлиги илмий, тарихий манбаларга асосланган ҳолда исботлаб берилган;
Бухоро ўғуз шеваларида қўлланувчи сўзларнинг генетик (сўзларнинг келиб чиқиш манбалари бўйича) қатламлари аниқланган; ушбу қатламларга мансуб сўзлар маъноларидаги тадрижий ўзгаришлар ўзбек адабий тилига қиёсланган ҳолда очиб берилган;
Бухоро ўғуз шевалари лексик бирликларининг шакл ва маъно муносабатига кўра турлари (синонимлар, антонимлар, омонимлар) нинг ўзбек адабий тилидаги айни шундай тил ҳодисаларидан фарқли томонлари аниқланган;
Бухоро ўғуз шевалари лексикасининг туркман тили ва шевалари, Хоразм, Тошовуз, Қорақалпоғистон ва Қарноқ ўзбек ўғуз шеваларидаги сўзлардан шакл ва маъно жиҳатидан фарқланиши исботланган, улардаги лексик-семантик диалектизмлар, лексик-семантик гуруҳлар аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Бухоро ўғуз шеваларидаги луғавий бирликларни генетик, лексик-семантик тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
абжўш, балақ, белли, бозванд, гулмих, даёв, депма, дойи, дурда, дўлоп, жубба, мозорот, ўкча, қатим сингари шева ҳамда ўзбек адабий тилида фонетик, талаффуз фарқи билан қўлланадиган 50 дан ортиқ лексема ва фақат Бухоро ўғуз шеваларида учрайдиган айрам, бадланмоқ, дал, ёғиш, муррук, ҳўкки каби каби луғавий бирликларни танлаб олиш ва изоҳлашда ФА–Ф8–034 рақамли “Ўзбек тили лексикаси ва терминологиясининг ривожланиш тамойиллари” (2007–2011) фундаментал лойиҳасининг кўп жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни тузиш йўналишида фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2018 йил 18 апрелдаги 311255–990-сон маълумотномаси). Мазкур луғавий бирликлар ва уларнинг изоҳларидан фойдаланиш луғатдаги лексикографик таҳлилларни янада такомиллаштирган ва сўзларнинг маъно хусусиятларини ойдинлаштирган;
тадқиқотдаги дўрамоқ, дўғма, ёбон, кажава, кажрав, одоғли, парахат, сичраб, соралди, сочоқ, сужу (сужы), тунглук, чага, чалчиқ, ўкуз, ўкча ва бошқа сўзларнинг маънолари ва изоҳларидан Ф1–ФА.2012–1–8 рақамли “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлигини нашрга тайёрлаш ва уни текстологик ўрганиш масалалари” (2012–2016) фундаментал илмий лойиҳасининг 7 ва 16-жилдларига киритилган “Юсуф билан Аҳмад”, “Ёзи билан Зебо” достонларини нашрга тайёрлашда фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2018 йил 18 апрелдаги 311255–990-сон маълумотномаси). Натижада достонлар йиғма матни бўйича луғат тузиш ишлари осонлашган ва луғат мукаммаллашган; бахшиларнинг сўз қўллаш маҳорати аниқ ва тўғри ёритиб берилган;
тадқиқот бўйича эришилган натижа ва хулосалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Маданият ва маърифат” телеканалида ўзбек тилига доир бир қатор теледастурлар тайёрлашда фойдаланилган; хусусан, 2017 йил 21 октябрдаги “Тил жозибаси” ток-шоусида тилимизнинг ички имкониятлар асосида бойиши ва жозибаси ортишини намоён этувчи, Бухоро ўғуз шеваларида учрайдиган малакча, тунгча, ғўлча, чапия, гўвдиш каби лексик бирликлар ҳамда кўза сўзининг шева вариантларига мурожаат қилинган (ЎзМТРК “Маданият ва маърифат” телеканали” давлат унитар корхонасининг 2018 йил 9 апрелдаги 01–16 / 204-сон маълумотномаси). Натижада телекўрсатувлар янги материаллар, илмий далиллар билан бойитилган.