Гулямова Шахзада Сайпиддиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Соғлиқни сақлашни бирламчи тизимида гипертония касаллигини даволаш ва профилактикаси самарадорлигини ошириш», 14.00.05–Ички касалликлар (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.PhD/Tib464.
Илмий раҳбар: Гадаев Абдигаффор Гадаевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тиббиёт академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.30.02.
Расмий оппонентлар: Нуриллаева Наргиза Мухтархановна, тиббиёт фанлари доктори, доцент; Захидова Машкура Зияматовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Андижон давлат тиббиёт институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида гипертония касаллигига чалинган беморларни тизимли дастур асосида ўқитиш ёрдамида дориларсиз ва дорилар билан даволаш ҳамда профилактика самарадорлигини такомиллаштиришдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
беморлар савиясини ошириш борасида соғлиқни сақлашнинг бирламчи тизимида ўтказилган тадбирлар ёрдамида қон босимининг мақсадли даражага эришилиши, хавф омилларини бартараф этиш ва антигипертензив дориларни мунтазам қабул қилиш орасида ўзаро боғлиқликни қоннинг биокимёвий кўрсаткичлари глюкоза, умумий холестерин, триглицеридлар, паст ва юқори зичликдаги липопротеидлар ижобий таъсир этиш кўрсаткичлари асосида исботланган;
беморларни тиббий савиясини оширишда гипертония касаллигида нишон-аъзоларнинг зарарланиш даражасига бош мия, кўз туби, юрак ва қон томирлар, буйраклар, асоратларининг олдини олиш, гипотензив дориларни қабул қилишларига ижобий таъсири механизми исботланган;
оилавий поликлиника ва бирламчи тиббий бўғин шароитида беморлардаги мавжуд бошқариб бўладиган ва бошқариб бўлмайдиган хавф омиллари, нишон-аъзолар зарарланиш даражаси ва ассоциацияланган клиник ҳолатларни инобатга олган ҳолда уларнинг динамик кузатиш жараёнини индивидуаллаштириш тизими яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Соғлиқни сақлашни бирламчи тизимида гипертония касаллигини даволаш ва профилактикаси самарадорлигини ошириш бўйича олинган натижалар асосида:
«Гипертонияни бошқариш мумкин ва зарур» услубий қўлланмаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 25 майдаги 8н-д/131-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма бирламчи тизимда ГК мавжуд беморларнинг қон босимини мақсадли кўрсаткичларга эришиш имконини берган;
«Қон босими ошганда нималарни билиш керак» услубий қўлланмаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 25 майдаги 8н-д/131-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма аҳоли орасида қон босими кўтарилганда нималарни қилиш зарурлиги, касалликни ташхислаш, даволаш ва олдини олишни башоратлаш имконини берган;
Соғлиқни сақлашни бирламчи тизимида гипертония касаллигини даволаш ва профилактикаси самарадорлигини ошириш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиникаси ва Чилонзор туманидаги 37-сон оилавий поликлиникаси фаолиятига татбиқ қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 30 июндаги 8н-д/151-сон маълумотномаси). Олинган илмий натижалар касалликнинг кечиш эҳтимоллигини аниқлаш, соғлиқни сақлашни бирламчи тизимда АГ чалинган беморларни ўз-ўзини назорат қилиши, гипертоник криз ва госпитализациялар сонини камайиши ва уларнинг антигипертензив дориларни мунтазам равишда қабул қилишга имконият яратган.