Sayt test rejimida ishlamoqda

Олимов Фаррухбек Султонмуродовичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Алишер Навоийнинг “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асари бадиияти», 10.00.02–Ўзбек адабиёти (филология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.4.PhD/Fil366.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.

Илмий раҳбар: Ҳаққулов Иброҳим Чориевич, филология фанлари доктори.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎР ФА Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, DSc.27.06.2017.Fil.46.01.

Расмий оппонентлар: Болтабоев Ҳамидулла Убайдуллаевич, филология фанлари доктори, профессор; Турсунов Юсуф Турсунович, филология фанлари номзоди.

Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.

Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Навоийнинг барча асарларидаги Абдураҳмон Жомий таърифу тавсифига бағишланган саҳифалар ҳамда “Хамсат ул-мутаҳаййирин”даги Жомий тимсолини қиёсан таҳлил этиш орқали мазкур асарнинг муаллиф ижодидаги ўзига хос ўрнини аниқлаш, асарнинг иккала буюк тарихий шахс ҳаёти ва ижоди, ўзаро муносабатлари доирасини ўрганишда ўта муҳим манба эканини исботлаш, асар бадиияти ҳамда муаллифнинг насрнавислик маҳорати ва услубий ўзига хосликларини ёритиб беришдан иборатдир.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

“Хамсат ул­мутаҳаййирин”нинг жанр хусусиятлари, умумий ва анъанавий маноқиблардан фарқ қилувчи ўзига хосликлари, маноқибнинг бош хусусияти идеал ҳисобланган реал шахс қаҳрамон қилиб олиниши билан белгиланиши, комил инсон ғояси ҳаётий асосга эга экани ўз исботини топган;

илк бор “Хамсат ул­мутаҳаййирин”га манба бўлган шахснинг маънавий фазилатлари, хусусан, пирлик сифатлари атрофлича очиб берилган;

Навоий асарларидаги Жомийга бағишланган таърифу тавсифлар жамланиб, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”даги Жомий сиймоси яратилишига қиёсланган ҳолда асарда Жомий сиймоси яхлит тарзда, ҳар тарафлама гавдалантирилгани, бошқа асарларида эса унга муайян бир масала юзасидангина муносабатда бўлингани илмий асосланган;

асарнинг бадиий­эстетик хусусиятлари, хусусан, композицияси, муаллифнинг воқеанавислик (эпик), ифода, тасвир  ва баён маҳорати кўрсатиб берилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Алишер Навоийнинг “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарида акс этган маноқиб, ҳолот, агиография,  пир, мурид, комил инсон каби тушунчалар, асарнинг бадииятини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

Навоий насрий ижоди, унда агиографик (маноқиб-ҳолот) типидаги асарларнинг ўрни, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”нинг ғоявий-бадиий хусусиятларига доир маълумотлардан Самарқанд давлат университетида бажарилган ОТ-Ф8-027 рақамли “Қўлёзма манбаларнинг миллий маънавий ва адабий мерос тарғиботидаги аҳамияти” (2008–2011) мавзусидаги фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 5 июндаги 89-03-2192-сон маълумотномаси). Натижалар Жомий ва Навоий ўртасидаги устоз-шогирдлик, пир-муридлик ва дўст-биродарликнинг юксак намунасини ёритишдаги аҳамиятини кўрсатиш муаммолари ечимини ишлаб чиқишга хизмат қилган;

“Хамсат ул-мутаҳаййирин” асари мазмун-моҳияти, поэтик ҳамда жанрий хусусиятлари, ундаги образ ва тимсоллар табиатининг ўзига хос хусусиятларини асослашда Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида олиб борилган ФА-Ф1-Г039 рақамли “Алишер Навоий (2 жилдлик) ва Абдулла Қодирий қомусларини яратиш” (2012–2016) фундаментал илмий лойиҳасида фойдаланилган (Фанлар академиясининг  2018 йил 13 июлдаги 3/1255-1861-сон маълумотномаси). Илмий қарашлар асосида асарнинг жанрий хусусиятлари белгиланган, муаллифнинг  тарихий шахс тимсолида комил инсонни тасвирлаш маҳоратини кўрсатиб беришга эришилган;

Жомий ва Навоий ўртасидаги устоз-шогирдлик, пир-муридлик муносабатлари ҳақида тадқиқотда келтирилган хулосалардан “Madaniyat va ma’rifat” телеканалининг “Башарият сиймолари” туркум кўрсатувлари сценарийларини ёзишда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Madaniyat va ma’rifat” телеканалининг 2018 йил 26 июлдаги 01-16/378-сон маълумотномаси). Кўрсатувларда Жомий ва Навоий муносабатлари ўзбек-тожик халқлари орасидаги дўстликнинг олий намунаси эканлиги, бу икки буюк зот ўз даврининг комил инсонлари бўлганлиги тадқиқотга таянган ҳолда атрофлича ёритилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish