Sayt test rejimida ishlamoqda

Якубова Ирода Бахрамовнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон ва Япония қонунчилигида шахсий номулкий ҳуқуқларни фуқаролик-ҳуқуқий муҳофаза қилиниши», 12.00.03–Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Yu10.

Илмий раҳбар:  Насриев Илҳом Исмоилович, юридик фанлар доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.27.06.2017.Yu.22.01.

Расмий оппонентлар: Синдаров Комил Ойдинович, юридик фанлар доктори; Ҳазратқулов Одилбек Турсунович, юридик фанлар номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон ва Япония қонунчилигини қиёсий-ҳуқуқий таҳлили натижасида шахсий номулкий ҳуқуқларнинг фуқаролик-ҳуқуқий муҳофаза қилинишини такомиллаштириш ва уни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

шахсий ҳаётга оид маълумотларни шахснинг розилигисиз йиғиш ёки тарқатиш учун маъмурий жавобгарлик чорасини белгилаш ҳамда ҳаёт дахлсизлигини муҳофаза қилиш механизмларини кучайтириш лозимлиги асосланган;

фуқаронинг тасвирини (шу жумладан суратини, видеолавҳасини ёки у тасвирланган санъат асарини) эълон қилишга ва ундан фойдаланишга фақат шу фуқаронинг розилиги билан йўл қўйилиши лозимлиги асосланган;

оммавий ахборот воситалари оилавий муносабатларга бевосита алоқадор маълумотни эр-хотин ва уларнинг вояга етган фарзандларининг (фарзандликка олганлар ва фарзандликка олинганларнинг) розилигисиз тарқатишни тақиқлаш лозимлиги асосланган;

шахснинг исмидан унинг розилигисиз фойдаланиш давлат ва жамият манфаатлари, шу жумладан жамоат тартиби ва хавфсизлик, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси мақсадларида амалга оширилганда, исмдан фойдаланиш қонунсиз фойдаланиш ҳисобланмаслиги асосланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ўзбекистон ва Япония қонунчилигида шахсий номулкий ҳуқуқларнинг фуқаролик-ҳуқуқий муҳофаза қилиниши тадқиқоти бўйича олинган илмий натижалар асосида:

шахсий ёки оилавий сирни ташкил этувчи шахсий ҳаёт тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш  энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлишига оид таклиф Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 461-моддада ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2016 йил 19 декабрдаги 06-18/799-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф шахснинг шахсий номулкий ҳуқуқи ҳисобланмиш сирга бўлган ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш ва тегишли тартибда ҳимоясини  таъминлашга хизмат қилган;

фуқаронинг тасвирини эълон қилишга ва ундан фойдаланишга фақат шу фуқаронинг розилиги билан йўл қўйилади. Вафот этган фуқаронинг тасвиридан фақат унинг рафиқаси, фарзандлари, улар йўқ бўлганда эса ота-онасининг розилиги билан фойдаланилишига оид таклиф Фуқаролик кодексининг 991-моддасида ўз аксини топган(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2018 йил 9 декабрдаги 06/1-06/3312-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф шахснинг шахсий номулкий ҳуқуқи ҳисобланган тасвирга бўлган ҳуқуқи ҳимоясини таъминлашга хизмат қилган;

оммавий ахборот воситалари орқали фуқаролар ва ташкилотларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини ҳақиқатга мос келмайдиган материаллар тарқатиш орқали таҳқирлаш, фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашиш, оилавий муносабатларга бевосита алоқадор маълумотни эр-хотин ва уларнинг вояга етган фарзандларининг розилигисиз тарқатиш тақиқланишига оид таклиф «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунининг 6-моддаси иккинчи қисмида ўз аксини топган(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2018 йил 9 декабрдаги 06/1-06/3312-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шахсий ҳаётига, оилавий муносабатларига ўзбошимчалик билан аралашишнинг олдини олишга хизмат қилган;

шахснинг исмидан унинг розилигисиз фойдаланиш давлат ва жамият манфаатлари, шу жумладан жамоат тартиби ва хавфсизлик, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси мақсадларида амалга оширилганда, исмдан фойдаланиш қонунсиз фойдаланиш ҳисобланмайди деган таклиф  Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 20-моддасида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2018 йил 9 декабрдаги 06/1-06/3312-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси мақсади учун хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish