Sayt test rejimida ishlamoqda

Тожиев Беҳзод Бекмурод ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ активларнинг қадрсизланиши ҳисоби”, 08.00.08 – “Бухгалтерия ҳисоби, иқтисодий таҳлил ва аудит”.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.1.PhD/Iqt2026.
Илмий раҳбар: Каримов Акрам Аббосович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/30.12.2019.I.17.01.
 Расмий оппонентлар: Ахмеджанов Каримжон Бакиржанович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Маматқулов Мурод Шукурович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: активларнинг қадрсизланиши ҳисобини юритиш ва ҳисоботларда акс эттириш бўйича илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
активларнинг қадрсизланишини ҳисоб сиёсатида акс эттириш мақсадида 0201-“Асосий воситаларнинг қадрсизланиши”, 0301-“Молиявий ижарага олинган активларнинг қадрсизланиши”, 0501-“Номоддий активларнинг қадрсизланиши” каби ишчи счётларни киритиш таклиф этилган;
активларнинг қадрсизланишидан кўрилган зарарларни ҳисоб сиёсатида акс эттириш мақсадида 9431-“Активларнинг қадрсизланишидан кўрилган зарарлар” ишчи счётини киритиш таклифи асосланган;
хўжалик юритувчи субектларда активларнинг ҳар бир компоненти бўйича фойдаланиш даврига мутаносиб равишда эскириш қийматларини ҳисоблаш орқали иш ва хизматларнинг таннархи ишончли таъминланишига эришиш таклиф этилган;
жорий активлар таркибидаги товар-моддий захираларнинг ҳисобот санасида қолдиқ суммаларига реклассификация ўтказмаларини узоқ муддатли активлар қисмига ўтказиш орқали молиявий ҳисоботларда жорий активларнинг ликвидлилик даражасини аниқ акс эттириш таклиф этилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари талабларига мувофиқ активларнинг қадрсизланиши ҳисоби бўйича ишлаб чиқилган илмий таклифлар ва амалий тавсиялар асосида:
молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари асосида активларнинг қадрсизланишини текшириш бўйича ташқи ва ички омилларни амалиётга тадбиқ этиш бўйича таклифи “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан амалиётга жорий этилган (“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг 2023-йил 25-июлдаги 01-03-33/2829-сонли маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга жорий қилиниши молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида тузувчи корхоналар ҳар йили активларнинг қадрсизланишини текширишдан олдин юқорида келтирилган ташқи ва ички омиллар мавжуд эканлигини аниқланишига ва активларни ишончли қийматда молиявий ҳисоботларда акс эттиришга хизмат қилган;
хўжалик юритувчи субектларда активларнинг ҳар бир компоненти бўйича фойдаланиш даврига мутаносиб равишда эскириш қийматларини ҳисоблаб бориш тўғрисидаги таклифи “4-сонли Монтаж Бошқармаси” АЖ томонидан амалиётга жорий этилган (“4-сонли Монтаж Бошқармаси” АЖнинг 2023-йил 19-июлдаги 890-сонли маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга жорий этилиши молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари талабларига мувофиқ ҳисобот тузувчи субектларда активларни алоҳида компонентларга ажратиб эскириш ҳисоблаш ва харажатларнинг иқтисодий моҳиятидан келиб чиқиб ҳисоботларда таннарх ёки давр харажатлари сифатида аниқ қийматда акс эттириш имкониятини яратди. Шунингдек, активлар фойдалилик даври тугагач, cапитал таъмирлаш даврини тўғри аниқлаш ва эскириш харажатларини аниқ ҳисоб-китоб қилишга хизмат қилган;
активларнинг қадрсизланиш даражасини фоизларда белгилаб берувчи таҳлилий формулани амалиётга жорий қилиш бўйича таклифи “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан амалиётга жорий этилган (“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг 2023-йил 25-июлдаги 01-03-33/2829-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида хўжалик юритувчи субектларнинг активлари йилдан-йилга қадрсизланиш даражаси ижобий ёки салбий даражада эканлиги тўғрисида ишончли маълумотларни шакллантириш ва активлар қийматини ҳисоботларда тўғри акс эттириш имкониятини яратган;
жорий активлар таркибидаги товар-моддий захираларнинг ҳисобот санасида қолдиқ суммаларига реклассификация ўтказмаларини бериш орқали молиявий ҳисоботларда акс эттириш бўйича таклифи амалиётга жорий этилган (“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг 2023-йил 25-июлдаги 01-03-33/2829-сонли маълумотномаси). Мазкур таклиф амалиётда молиявий ҳисоботни тузиш санасига корхонада мавжуд товар-моддий захиралар қолдиғини таснифлаш назарда тутилмоқда. Бунда капитал қўйилмалар, асосий ёки ёрдамчи ишлаб чиқариш харажатларига товар-моддий захиралар бўйича мавжуд қолдиқ суммаларга бухгалтерия ўтказмаси бериш орқали жорий активларнинг таърифида келтирилган 12 ойдан кам фойдаланиш муддатига эга активлар сифатида ҳисоботларда акс эттириш имкониятини яратган. Шунингдек, молиявий кўрсаткичлар жумладан, жорий ликвидлилик коеффициенти тўғрисида таҳлил хулосалари шаклланишига салбий таъсир кўрсатишини олди олинишига эришилди.

Yangiliklarga obuna bo‘lish