Хошниязов Жалғасбой Хошниязовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қорақалпоқ қаҳрамонлик достонларининг пайдо бўлиш манбалари (тарихий-фольклористик тадқиқот тажрибаси)”, 10.00.08–Фольклоршунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Fil49.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, DSc.30.08.2018.Fil.46.02.
Расмий оппонентлар: Турдимов Шомирза Ғаниевич, филология фанлари доктори; Рахмонов Насимхон Асқарович, филология фанлари доктори, профессор; Алламбергенов Кенгесбой Алламбергенович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: қаҳрамонлик достонларининг генезиси, манбалари ва ривожланиш тамойилларини аниқлаш орқали эпик сюжетларнинг қадимий типлари мифологик эпосдан иборат бўлганлигини асослаш, халқ тарихи, турмуш тарзи ва анъанавий маданиятининг бадиий тафаккур ривожида тутган ўрнини қорақалпоқ достонлари мисолида далиллашдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор қорақалпоқ фольклоршунослигида қаҳрамонлик достонларининг пайдо бўлишига асос бўлган илк сюжетлар патриархал-уруғчилик тузуми ва унинг милоддан аввалги биринчи минг йиллик ўрталарида инқирозга юз тутиши даврида мифологик эпоснинг тадрижий ривожи натижасида шаклланганлиги исботланган;
қаҳрамонлик достонлари ўзининг яратилиш даврига кўра кўп қатламли бўлиб, унинг архаик эпосга мансуб қисми сак, массагет, хунн ва қадимги туркийлар эпик ижодиётига тааллуқли мифологик тасаввурлар ва сюжетлардан иборат эканлиги аниқланган;
қорақалпоқ фольклоридаги Арухон, Оқчўлпон, Гулойим образлари билан боғлиқ қаҳрамонлик достонларида сак-массагетлар ижодиётига хос ватанпарварлик ғояси, чорвачиликдан иборат турмуш тарзи, қизларнинг куёв танлаш мақсадида йигитлар билан куч синашиши, матриархат даврига хос давлат бошқаруви тизими бадиий акс эттирилганлиги далилланган;
қорақалпоқ қаҳрамонлик достонлари сюжетининг бадиий эволюциясида қипчоқ, қўнғирот, манғит, нўғой ва бошқа қабилалар ҳаётида юз берган тарихий воқеалар, уларнинг оила ва юрт ҳимояси учун олиб борган мардонавор кураши муҳим роль ўйнаганлиги, жумладан, ўғузларнинг Оролбўйи ҳудудида ҳукмронлик қилиши туфайли VIII–XI асрларда «Китоби дадам Қўрқит»нинг асосини ташкил этувчи эпик сюжетлар юзага келганлиги, XI–XII асрларда қипчоқларнинг тарих саҳнасига чиқиши натижасида «Қўблон» достони яратилганлиги асосланган;
XVIII асрда Ўрта Осиёга босқинчилик юриши қилган жўнғор-қалмоқларнинг ёвузлиги ва ўз ватанини ҳимоя қилишга бел боғлаган ботирларнинг мардонавор кураши воқеаларининг қаҳрамонлик достонлари сюжетидан ўрин олиши натижасида халқ эпосида “қалмоқ” образининг эпик душман типи сифатида анъанавийлашганлиги далилланган;
Оролбўйи эпик анъанасида «Алпомиш», «Қўблон», «Қирққиз» каби туб сюжетли достонларнинг кенг кўламда оммалашиши туфайли XIV–XVIII асрларда туркий қавмлар ва қабилавий уюшмаларнинг миллат сифатида иттифоқлашиши жараёни ўзининг юксак чўққисига етгач, қаҳрамонлик характеридаги «Эдиге», «Эр Шўра», «Бўзўғлон», «Масподшо», «Гўрўғли», «Эр Сайим», «Жаскелен», «Эр Қўсай», «Эр Зевар», «Қурбонбек», «Ҳажи Герей» каби қорақалпоқ халқ достонлари юзага келганлиги асослаб берилган;
қорақалпоқ қаҳрамонлик достонларини Марказий Осиё, Сибирь ва Шимолий Кавказ халқлари оғзаки ижодиёти намуналари контекстида қиёсий-типологик нуқтаи назардан тадқиқ этиш натижасида туркий эпик анъананинг тарихий-генетик асослари муштараклиги хусусидаги илмий-назарий қарашлар такомиллаштирилган;
достонлар сюжетида тарихий воқелик, ҳаётий ҳақиқат ва ижтимоий-маданий қадриятларнинг акс этиши, қорақалпоқ қаҳрамонлик эпосининг даврлаштирилиши, эпик сюжетларнинг генезиси ва тадрижий ривожи жараёнлари ойдинлаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қорақалпоқ халқ қаҳрамонлик эпосининг тарихий асослари ва бадиий эволюциясини тадқиқ этиш асосида олинган илмий натижалар қуйидаги йўсинда жорий этилган:
қорақалпоқ достонларининг туркий халқлар эпоси контекстида тутган ўрни ҳамда қаҳрамонлик достонларининг шаклланиш манбаларига доир илмий-назарий қарашлари акс этган «Қарақалпақ қаҳарманлық дәстаны «Алпамыс» (Нөкис: Билим, 1992), «Қарақалпақ халық дәстанлары – миллий қәдириятлар дәреги» (Нөкис: Илим, 2017) сингари монографиялари Туркия жумҳурияти Қарабук университети “Турк тили ва адабиёти” бўлимининг 2017-2018 ўқув йили режасидаги “TDE141 Halk Edebiyati I”, “TED303 Halk Edebiyati III”, “TED709 Halk Bilimi Kuram ve yontemleri I” каби фанларни ўқитишда, шунингдек, туркий халқлар фольклори материаллари асосидаги магистрлик ишларини бажаришда фойдаланилган (Карабук университетининг 2018 йил 25 сентябрдаги 009/08-сон маълумотномаси). Натижада талабаларга туркий халқлар эпосининг тарихий-генетик илдизлари муштараклиги ҳақида кенг кўламли билим беришга эришилган;
диссертациянинг қадимги туркий қавмлар фольклор анъаналарнинг ўғуз қаҳармонлик эпоси тараққиётида тутган ўрни ва эпик анъаналарнинг қиёсий типологиясига оид илмий-назарий хулосаларидан Озарбайжон Миллий фанлар академияси Фольклор институтининг «Ўғуз эпоси генезиси ва типологияси» фундаментал тадқиқотлари лойиҳасининг бажарилишида фойдаланилган (Озарбайжон Миллий Фанлар академияси Фольклор институтининг 2018 йил 19 сентябрдаги маълумотномаси). Натижада озарбайжон халқ достонларини қорақалпоқ эпоси билан қиёслаш асносида эпик сюжетлар тараққиётида Оролбўйи ҳудуди достончилик анъаналарининг таъсирини аниқлашга эришилган;
тадқиқотнинг қорақалпоқ қаҳрамонлик достонлари жанр хусусиятлари, бадиияти ва асосий сюжет типларининг эпик анъанада вариантлашувига оид илмий-назарий натижаларидан ИI-ФА-0-14244 рақамли «Қорақалпоқ фольклори» кўп жилдлигини нашрга тайёрлаш» мавзусидаги инновацион тадқиқот лойиҳасини (2007–2017 йиллар) бажаришда, жумладан, достонлар матни юзасидан илмий изоҳлар, кўрсаткичлар ва луғатлар тузишда, жилдларга сўзбоши-тадқиқот ёзишда фойдаланилган (ЎзР ФА ҚҚБ Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2018 йил 13 мартдаги 17-01/44-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида қорақалпоқ бахшилари ва жировлари эпик репертуарида мавжуд бўлган қаҳрамонлик достонларининг тўла нашри чоп этилган;
қадимги сак-массагет ва туркийлар эпик ижодиётига мансуб сюжетларнинг бадиий эволюцияси ва қорақалпоқ қаҳрамонлик, достонларидаги изларини ойдинлаштиришга доир назарий мулоҳазалардан ФА-Ф8-001 рақамли «Қорақалпоқ фольклори тарихи» (2007–2011), Ф1-ФА-0-43429 рақамли «Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ қилиш» (2012–2016) мавзуларидаги фундаментал тадқиқот лойиҳаларида фойдаланилган (ЎзР ФА ҚҚБ Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтининг 2018 йил 13 мартдаги 17-01/44-сон маълумотномаси). Натижада қорақалпоқ қаҳрамонлик достонларининг пайдо бўлиш манбалари ва тарихий-генетик асослари ёритилган;
қаҳрамонлик эпосининг қорақалпок бахши ва жировлари эпик репертуаридаги талқинлари, ижрочиларнинг бадиий маҳорати ва анъанавий достонларни айтиш усуллари ҳақидаги илмий-назарий қарашларга асосланиб Қорақалпоқ давлат университети ҳузуридаги Бердақ миллий музейида халқ ижодига доир махсус стендлар тайёрланган (Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2018 йил 7 мартдаги 2-04/433-сон маълумотномаси). Ушбу хулосалар қорақалпоқ халқ достончилигининг Оролбўйи минтақаси эпик анъанасида тутган ўрни ва достонларнинг миллий хусусиятларини кенгроқ тарғиб қилишга асос бўлган.
қаҳрамонлик достонларининг миллий ўзига хослиги, халқ турмуш тарзини бадиий ифода этиш тамойиллари ва ёш авлодни маънавий жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялашдаги аҳамиятига доир илмий-назарий хулосалардан Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпаниясининг «Мийрас», «Əдебият ҳəм дəўир», «Уллы тулғалар», «Гəўҳар сөз», «Этноэтика», «Бизде бир гəп бар», «Еркин пикир» ва бошқа дастурларида фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпаниясининг 2018 йил 6 мартдаги 01-02/90-сон маълумотномаси). Натижада миллий қадриятларимизнинг маънавий-маданий тараққиётда тутган ўрни ва тарбиявий аҳамиятини ёшлар орасида кенг жорий этишга эришилган.