Sayt test rejimida ishlamoqda

Шакаров Алишер Расуловичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тери эпидермиси регулятор механизмларини математик моделлаштириш», 05.01.07–Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/T62.

Илмий раҳбар: Сайдалиева Махруй, техника фанлари доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc.27.06.2017.Т.07.01.

Расмий оппонентлар: Усманов Ришат Ниязбекович, техника фанлари доктори, профессор; Тахиров Жозил Останович, физика-математика фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: тери эпидермиси ҳужайралари ўзаро фаолияти регулятор механизмларининг математик моделлари, ҳисоблаш алгоритмларини ишлаб чиқиш ҳамда компьютер моделларини такомиллаштиришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

тери эпидермиси бўлинувчи, ўсувчи, дифференциалланувчи ҳужайралари ўзаро алоқасини ифодаловчи биологик модели кечикувчи вақтнинг ҳисобга олиниши асосида такомиллаштирилган;

вақтий-фазовий муносабатлар инобатга олинган биологик модель асосида тери эпидермиси ҳужайраларининг регулятор механизмлари тенгламалар тизими ишлаб чиқилган;

тери эпидермиси ҳужайралари ўзаро фаолияти регулятор механизмларини кечикувчи аргументли функционал-дифференциал тенгламалар тизими асосида математик модель яратилган;

тери эпидермиси регулятор механизмлари математик модели учун қайта алоқа вақтини ҳисобга олувчи сонли ечиш усуллари кечикувчи идентификаторлар асосида такомиллаштирилган;

тиббиётда тери эпидермиси ҳужайралари регулятор механизмлари ўзаро боғлиқлик жараёнлари масалаларини сонли ечиш учун дастурлар мажмуаси яратилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Тери эпидермиси регулятор механизмларини математик моделлаштириш жараёнида олинган натижалар асосида:

тери эпидермиси регулятор механизмлари нормал ва аномал фаолияти қонуниятларини аниқлаш дастурий мажмуаси Самарқанд вилоят ҳокимияти соғлиқни сақлаш бошқармаси Вилоят тери-таносил касалликлари диспансерига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2017 йил 27 ноябрдаги 33-8/8035-сон; Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 26 октябрдаги 8н-з/26-сон маълумотномалари). Илмий тадқиқот натижасида тери эпидермиси ҳужайралари регулятор механизмларининг нормал ва аномал ҳолатларда бошқариш ва башоратлаш, самарали илмий тажрибалар ўтказиш, тери касалликларига аниқ диагноз қўйишни 1,5-2 марта ошириш ва ушбу касалликни патогенези ва этиологияси хусусиятларини аниқлаш асосида даволаш тактикасини 35-40% оптималлаш имкони яратилган;

тери эпидермисида пайдо бўладиган касалликларни олдиндан башорат қилиш ва ташхис қўйишнинг такомиллашган усуллари ва дастурий воситалари “Orzubek shifo servis” МЧЖга жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2017 йил 27 ноябрдаги 33-8/8035-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида тери эпидермиси ҳужайраларининг ўзаро биологик муносабатларини инобатга олган ҳолда башорат қилишни 5-10%га ошириш ҳамда тери касалликларига тез ва аниқ ташхис қўйишни 2-3 марта тезлаштириш имконини берган;

ҳужайраларнинг патологик ҳалок бўлиши, “қора ўрама” соҳасида кечадиган жараёнларни аниқлаш дастурий мажмуа “Diyora shifo najot med servis” МЧЖга жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2017 йил 27 ноябрдаги 33-8/8035-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида тери касалликларини нормал ва аномал ҳолатларда бошқариш, тери касалликларига ташхис қўйиш технологияларидан фойдаланиш натижасида тери касалликларига эрта ташхис қўйишни 10-15%га ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish