Хайназаров Бахромжон Бахтиёровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон уйғурлари диаспораси тарихи (1925–2012 йй.)”, 07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Tar35.
Илмий раҳбар: Муртазаева Рахбар Хамидовна, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий Университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, Қорақалпоқ ижтимоий фанлар илмий-тадқиқот институти, DSc27.06.2017.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар: Бобожонова Дилором Бобожоновна, тарих фанлари доктори, профессор; Зияева Доно Хамидовна, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат шарқшунослик институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистондаги уйғурлар диаспорасининг шаклланиш тарихи, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёти, демографик ҳолати, мустақиллик йилларида уйғурлар ҳаётида юз берган ўзгаришларни тарихий манбалар асосида ёритиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
XX асрнинг 30-йиллари охирига келиб маҳаллийлаштириш сиёсати натижасида Ўзбекистондаги уйғурларнинг 80 фоизи ассимиляцияга учраб, ўзбек миллати таркибига сингиб кетганлиги аниқланган;
Ўзбекистоннинг уйғур тилидаги дастлабки даврий нашрларнинг чоп этилиши, кўплаб уйғур зиёлиларининг етишиб чиқиши, замонавий уйғур адабий тилининг шаклланиши ва ривожланиши ҳамда Шарқий Туркистон таълим тизимида ушбу адабий тил меъёрлари жорий этилганлигига катта ҳисса қўшганлиги исботланган;
совет миллий сиёсати таъсирида республикадаги ягона уйғур мусиқали драма театри, уйғур педагогика билим юрти, Фарғона ва Андижон вилоятларидаги уйғур мактабларининг фаолияти тўхтатилганлиги очиб берилган;
мустақиллик йилларида уйғур диаспорасининг фаолияти нафақат миллий маданий меросни асраб-авайлашда, балки республикани ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ривожлантиришда ҳам катта салоҳиятга эга эканлиги асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистон уйғурлари диаспораси тарихи оид ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
Ўзбекистондаги уйғурларнинг аксарият қисми ўтган йиллар мобайнида ассимиляцияга учраб ўзбек миллати таркибига сингиб кетганлиги, Ўзбекистондаги уйғурларга нисбатан «уйғур диаспораси атамасини қўллаш лозимлиги ҳақидаги хулосалардан Уйғур миллий маданий марказлари фаолиятини тизимли ташкил қилишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг 2018 йил 26 мартдаги 01-08-386-сон маълумотномаси). Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган жараёнда мамлакатдаги уйғурлар тарихи, маданияти, маънавиятини тиклаш, асраб-авайлаш ва баркамол авлодни шаклантиришда тарбиявий ишларни йўлга қўйишда катта аҳамиятга эга бўлган;
замонавий уйғур адабий тилининг шаклланишида Ўзбекистоннинг катта роль ўйнаганлиги, мустақиллик йилларида уйғур ва бошқа диаспораларнинг миллий маданий марказлар ижтимоий институтлар сифатида Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, маданий соҳалардаги ислоҳотларнинг фаол иштирокчиларига айланганлиги каби натижалардан Мирзо Улугбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида А-1-163 рақамли «Демократик ислоҳотларда ўзбек моделининг концептуал масалалари таҳлили ва изчил ривожланишнинг назарий-методологик асослари» (2015–2017 йиллар) мавзусидаги амалий лойиҳа доирасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 7 майдаги 89-03-1762-сон маълумотномаси). Бу демократик ислоҳотларда Ўзбекистондаги миллатлараро муносабатлар ва тотувликни мустаҳкамлаш жараёнларининг илмий асосларини фалсафий-методологик нуқтаи назардан ўрганишга хизмат қилган.