Sayt test rejimida ishlamoqda

Юсупов Шухрат Абдурасуловичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Болаларда аппендикуляр тарқоқ перитонит диагностикаси ва хирургик даволашни такомиллаштириш», 14.00.35–Болалар хирургияси (тиббиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.2.DSc/Тib128.

Илмий маслаҳатчи: Шамсиев Азамат Мухитдинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат тиббиёт институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.49.01.

Расмий оппонентлар: Ормантаев Алмас Камалович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Эргашев Насриддин Шамсиддинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Акилов Хабибулла Атауллаевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети Олий касбий таълим федерал давлат бюджет муассасаси.

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсадитарқоқ аппендикуляр перитонит билан болаларни комплекс даволашга принципиал янги ёндашувларни ишлаб чиқиш йўли билан хирургик даволаш натижаларини яхшилашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

ТАП сонографик семиотикаси асосида хирургик даволаш тактикасини оптималлаштириш имконини берувчи динамик УТТ усули ишлаб чиқилган;

болаларда ичак етишмовчилиги синдроми ривожланиши ва ТАП прогрессланишида систем яллиғланиш жавоб синдроми, оксидлаш стресси интенсивлиги, фагоцитоз ва иммунореактивлик бузилишининг аҳамияти аниқланган;

операциядан кейинги қорин ичи йирингли асоратларнинг эрта диагностикаси учун динамик УТТ билан комплексда информатив ҳисоблаш кўрсаткичлари (лейкоцитлар спонтан агломерацияси кўрсаткичи – ЛСАК ва нейтрофиллар ядро сегментацияси индекси – НЯСИ) ишлаб чиқилган;

қорин бўшлиғи санацияси, озонлаш ва дренажлаш билан бирга ичак декомпрессиясининг турли вариантларини ўз ичига олган болаларда ТАПни комплекс хирургик даволаш усули ишлаб чиқилган;

ТАП билан болаларда ичак декомпрессиясида кўричак гумбазини кетиб қолиши ва кейинги асоратлар ривожланишининг олдини олиш учун уни қориннинг олд деворига вақтинчалик фиксация усули ишлаб чиқилган;

экспериментда тарқоқ йирингли перитонит кечиши ва битишмалар ҳосил бўлиш жараёнига озон-кислород аралашмасини қўллаш асосланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Тарқоқ аппендикуляр перитонит билан болалар диагностикаси ва хирургик даволаш натижаларини яхшилашга бағишланган тадқиқот бўйича олинган илмий натижалар асосида:

ишлаб чиқилган «Болаларда ингичка ичак декомпрессияси усули» учун Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (IAP 5987-сон патент, 1999 йил). Таклиф этилган усулни қўллаш болаларни даволашнинг узоқ муддатли натижаларини яхшилаш, операциядан кейинги асоратлар частотасини қисқартириш имконини берган;

ишлаб чиқилган «Болаларда цекоэнтеростомия қўйиш усули» учун Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (IAP 5988-сон патент, 1999 йил). Таклиф этилган усул беморларни хирургик даволаш сифатини 65%дан 78%гача яхшилаш имконини берган;

ишлаб чиқилган «Болаларда ичак фаолиятини текшириш усули» учун Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (IAP 5989-сон патент, 1999 йил). Болаларда ичакнинг мотор-эвакуатор фаолиятини ультратовуш ёрдамида текширишнинг модификацияланган усули ичак найчаси бўйлаб таркибининг ўтиш тезлиги ва шаклини текширишни ўз ичига олиб, унда овқат моддаларнинг маятниксимон ҳаракати ўрганилган ва ичакнинг меъёрдаги функционал ҳолати аниқланган;

ишлаб чиқилган «Болаларда ичак стомасини қўйишда кўричакни вақтинча фиксация қилиш усули» учун Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (IAP 5992-сон патент, 1999 йил). Таклиф этилган усул қайта оператив аралашувни инкор қилиш, операция травмасини камайтириш ва йирингли-некротик жараён фонида цекостома ёки аппендикостомани қорин олд деворидан кетиб қолишининг олдини олиш ҳисобига операциядан кейинги асоратлар ривожланишининг олдини олиш имконини берган;

ишлаб чиқилган «Перитонит билан болаларда битишмали ичак тутилиши профилактикаси усули» учун Интеллектуал мулк агентлигининг патенти олинган (IDP 05152-сон патент, 1999 йил). Таклиф этилган усул асоратлар ва релапаротомиялар частотасини камайтириш ҳисобига болаларда ТАПни даволаш натижаларини яхшилашга ёрдам берган;

ишлаб чиқилган «Болаларда операциядан кейинги абсцесслар эрта диагностика усули» учун Интеллектуал мулк агентлигининг патенти олинган (IDP 05125-сон патент, 1999 йил). Таклиф этилган усул операциядан кейинги эрта давр натижаларини яхшилаш, релапаротомиялар частотасини қисқартириш имконини берган.

«Болаларда тарқоқ аппендикуляр перитонит диагностикаси ва хирургик даволаш хусусиятлари» ва «Қиз болаларда ўтказилган перитонит асоратлари диагностикаси» услубий тавсияномалари тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 2 февралдаги 8н-д/20-сон маълумотномаси). Таклиф этилган тавсиялар ТАП билан болаларда диагностик дастурни оптималлаштириш, беморларнинг энг мураккаб гуруҳини аниқлаш ва даволашнинг комплекс тактикасини танлаш, объектив мезонларини аниқлаш имконини берган;

тарқоқ аппендикуляр перитонит билан болалар диагностикаси ва хирургик даволаш натижаларини яхшилашга оид илмий таклиф ва тавсиялар соғлиқни сақлаш амалий фаолиятига, хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд ва Бухоро филиалларига (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 2 февралдаги 8н-д/20-сон маълумотномаси) фойдаланилган. ТАП билан болаларни даволашга таклиф этилган комлекс ёндашувни қўллаш жароҳат асоратлари частотасини 11,8%, қорин бўшлиғи абсцессларини 3,3%, давом этувчи перитонитни 4,6%, эрта битишмали ичак тутилишини 4,9%, релапаротомияларни 2,3 баробар ва операциядан кейинги ўлим кўрсаткичини 13,8% дан 1,1% гача камайтириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish