Очилова Озода Одиловнанинг
диссертация ҳимоясисиз ихтиро патенти асосида
фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш бўйича эълон матни
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Аппарат-программали телевизион микроскопни ишлаб чиқиш», 05.04.02–Радиотехника, радионавигация, радиолокация ва телевидение тизимлари ва қурилмалари. Мобиль, тола-оптик алоқа тизимлари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/T202.
Илмий тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Тошкент ахборот технологиялари университети.
Илмий раҳбар: Абдурахманов Кахар Паттахович, физика-математика фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc.28.12.2017.T.07.02.
II. Тадқиқотнинг мақсади: турли мақсадлар учун ишлатиладиган телевизион микроскопларни ва қаттиқ жисмлар, оптик материаллар, қон томирлари ва биологик тўқималарнинг юзаси суратларни қиёсий таққослаш қурилмасини такомиллаштириш, шунингдек, қиёсланаётган объектларнинг ўхшашлигини аниқлашда халқа тасвирларининг Муар бузилишини аниқлаш усулини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
объект юзасини қиёсий анализ қилиш қурилмасига тасвир майдонларини бирлаштириш блоки ва кузатиш блокидан иборат бўлган махсус окулярли микроскоп, йўналишини ўзгартирувчи кўзгулар ва телевизион камера орқали қаттиқ жисм сиртидаги тасвирларни таққослаш қурилмаси яратилган (№IAP 04195-2010 й.);
интерференцион Ньютон халқалари ҳосил қилувчи тасвирларнинг Муар бузилишини аниқлаш усули ишлаб чиқилган (№IAP 04195-2010 й.);
қаттиқ жисмлар ҳамда биологик объектлар тасвирларининг мультиплекс голограммали ёзиш усули ишлаб чиқилган;
тасвирни шакллантиришда таъсир этувчи омилларни инобатга олувчи (кузатишда ёритиш бурчаклари орасидаги фарқлар, ёритилганлик даражаси ва ёруғликдан акс этган нурлар) компьютерда тасвир юзасига ишлов берувчи махсус дастурий восита ишлаб чиқилган.
IV. Ихтирога патенти: «Объект юзасининг суръати бўйича уни қиёсий анализ учун қурилма», №IAP 04195-2010 й., Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2017 йил 4 июлдаги 02-11/1703-сон хулосаси.
V. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Аппарат-дастурий телевизион микроскопни такомиллаштириш усуллари бўйича олинган натижалар асосида:
ишлаб чиқилган телевизион микроскоп МЧЖ Микроэлектроника ва махсус техника илмий ишлаб чиқариш маркази (“Melma”)нинг тадқиқотлар жараёнига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2018 йил 26 апрелдаги 33-8/3007-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида ишлаб чиқилган микроскоп хўжалик шартномаси асосида аппарат-программали телевизион микроскопларни, микротузилишларни намойиш қилиш ва 3 каналли микроскоплардан фойдаланган ҳолда гистология ва паталогик анатомияни ўрганишда қўллай олиш имконини берган;
ишлаб чиқилган телевизион микроскоп Ядро физикаси институтининг илмий тадқиқотлар жараёнига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2018 йил 26 апрелдаги 33-8/3007-сон, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 7 сентябрдаги 2/1255-2396-сон маълумотномалари). Илмий тадқиқот натижасида металлик аралашмалар билан легирланган матрицада кичик ўлчамли металографик ҳолатларнинг ҳосил бўлишини ўрганиш, қаттиқ жисмли электроника материаллари ва маҳсулотларининг хусусиятлари, легирланган кристалларнинг радиацион ишлов беришдаги оптимал режимларини аниқлаш, уларнинг сифат ва бир жинсли даражасини ошириш имконини берган;
ишлаб чиқилган телевизион микроскоп Тошкент врачлар малакасини ошириш институти Офтальмология кафедраси клиник жараёнларига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2018 йил 26 апрелдаги 33-8/3007-сон, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 25 июлдаги 8н-4/198-сон маълумотномалари). Илмий тадқиқот натижасида ишлаб чиқилган микроскоп фокал текислигини ростлаш учун окулярга ўрнатилган махсус объектив ва тасвирни видеотутқич платаси, «KarlZeiss» операцион микроскоп базасида яратилган телевизион микроскоп, компьютер монитори экранида кўз тўқималарининг тузилиши ва жарроҳ олиб бораётган манипуляцияларнинг етарли даражадаги сифатли тасвирларини олиш имконини берган.