Sayt test rejimida ishlamoqda

Кувватов Нарказак Бурхановичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи):  “Ўтиш даври фалсафаси  (ижтимоий-фалсафий таҳлил, Ўзбекистон мисолида)”. 09.00.04 – Ижтимоий фалсафа” (фалсафа фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам:  B2023.2.DSc/Fal178.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат педагогика университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Наманган давлат университети ҳузуридаги PhD.03/30.04/2021.F/76.06. рақамли Илмий  кенгаш  асосидаги  бир марталик илмий кенгаш.
Илмий маслаҳатчининг Ф.И.Ш., илмий даража, унвони: Назаров Қиём Нормирзаевич, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Расмий оппонентлар: Абилов Ўрол Муродович, фалсафа фанлари доктори, профессор; Холбеков Абдуғани Жуманазарович, социология фанлари доктори, профессор; Хусейнова Абира Амановна, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат техника университети.
Диссертация  йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга эга.
II.Тадқиқотнинг мақсади: ўтиш даври мезонлари, муаммо ва ечимларини назарий фалсафий таҳлил қилиш, аниқлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги: ўтиш даври заруратининг фалсафий характери давлатнинг сиёсий ва иқтисодий тизими негизларининг тубдан ўзгариши ва янгиланиши, маънавий қадриятларнинг тикланиши, жамият тараққиётининг устувор йўналишлари ва тарихий тараққиёт босқичлари, халқларнинг эркинликлари, менталитети, қадриятлари ва мураккаб динамик жараёнларни ўзида мужассамлаштирган алоҳида тушунча сифатида далилланган;
жамият тараққиёти ва ўтиш даври фалсафий консепсиялари прогресс ва регресснинг диалектик бирлиги, эмоционал эмпирик даража, аралаш хронотопия, жаҳон тарихи структураси, цикллилик, этник-тарихий жараён механизмини биосферанинг таркибий қисми сифатида қараш, тараққиёт жараёнларини ўрганишда модернизм генезиси ҳамда турли даврлардаги тарихий ривожланиш билан боғлиқ воқеликлар хусусиятларини акс эттириш асосида аниқланган;
ўтиш даврининг ривожланиш босқичларида структуравий ўзгаришлар, сиёсий тизим институтларининг тубдан қайта ташкил этилиши, мафкуравий қарашлар, воқеалар диалектикаси, ўтиш даврига ўтиш босқичини инобатга олиш ҳамда жамиятдаги ўзгаришлар стратегияси, ислоҳотларнинг узлюксизлиги эволюциясини янги сиёсий тизимга, бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтиш ва ғоявий-мафкуравий жиҳатдан янгиланишни ўз ичига олиши далилланган;
сиёсий ҳаётдаги ислоҳотлар сиёсий жараёнларни миллий-тарихий турмуш, урф-одатлар, кўпмиллатли жамият тизимини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш ютуқлари ҳамда жамият тараққиётига онгли муносабатда бўлиш, абсалютизмдан воз кечиш ва манфаатлар муштараклиги, ижтимоий ва шахсий манфаатлар ўртасида обектив уйғунликнинг бўлиши асосида аниқланган;
ўтиш даврининг мезонлари ижтимоий ҳаётнинг фикрлар, мафкуралар плюрализми (хилма-хилллиги) ғоявий-мафкуравий янгиланишлар, турли фикрлар, онг ва тафаккурда консептуал ғоялар ривожланиш динамикаси ва тадрижий босқичлари ҳамда тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенгликнинг ҳамоҳанглигини янги босқичга демократик транзитлаш  асосида далилланган.
IV.    Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўтиш даврининг ижтимоий-фалсафий таҳлилига оид тадқиқот натижалари асосида: ўтиш даври заруратининг фалсафий характери, сиёсий, иқтисодий ва маданий вазифалар моҳиятининг ўтиш даврига оид фалсафий таҳлил асосида далилланган хулосаларидан Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди дастурлари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси иш режаларининг ижросида кенг фойдаланилган. Шунингдек, Ўзбекистон жамияти тараққиёти, унинг ўтиш даври билан боғлиқ муаммоларини ҳал этишга оид тавсиялардан Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурининг 2-йўналишида кўрсатиб ўтилган “Партия сиёсий мафкурасининг устувор йўналишлари” ҳамда 3-йўналиши “Партиянинг ижтимоий идеали – демократик давлат барпо этиш” бобларида қайд этилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, республикамиз аҳолиси, ёшлар ўртасида жамиятимиз тараққиётининг мазмун-моҳияти, ўтиш даври босқичлари ва муаммолари, уларинг ечимлари билан боғлиқ туркум тарғибот-ташвиқот ишларида ҳамда сайловолди тадбирларини амалга оширишда фойдаланилган. Ўзбекистоннинг энг янги даври тарихини ёритиш, услубий тавсиялар ишлаб чиқиш, партиянинг тарғибот ташвиқот ишлари,  Ўзбекистон ХДП фракцияси ва партиядан сайланган  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари учун сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга доир йўриқномалар ишлаб чиқишга хизмат қилган (Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2023-йил 30-октябрдаги 21/03-109-сонли далолатномаси). Натижада, ўтиш даврида мамлакатимиздаги сиёсий партияларнинг ролини ошириш, улар ўртасидаги рақобатни такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш орқали ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган устувор вазифаларни ишлаб чиқишга хизмат қилган;
ўтиш даврида маънавий қадриятларнинг тикланиши ва ривожланиши, ғоявий-мафкуравий соҳалардаги ўзгаришлар, ижтимоий ва шахсий манфаатлар ўртасида обектив уйғунликнинг бўлиши асосида аниқланган илмий-амалий таклиф ва тавсиялар Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2022-2023-йилларда ўтказилган тарғибот фаолиятига татбиқ этилган. Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2023-йил учун чора-тадбирлар дастурининг 4-йўналишида белгиланган “Ватанрарварлик туйғуларини ривожлантиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари” 13-банди “Янги маънавий маконни шакллантиришнинг долзарб масалалари, бу борада маърифатпарвар зиёлилар, давлат ва жамоат фаолларини бирлаштириш ҳамда “Янги Ўзбекистон орзуси”ни рўёбга чиқариш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш” мавзуларида ўтказилган тарғибот ишларини ташкил этиш ва ўтказишда фойдаланилган.  Ўзбекистоннинг ўтиш стратегияси ва босқичларини ўрганиш бўйича ўтказилган маънавий-маърифий соҳадаги тадбирларни амалга оширишга оид услубий қўлланмалар ишлаб чиқишга хизмат қилган (Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2023-йил 30-октябрдаги 01/01-625-сонли далолатномаси). Натижада, республикамизда маънавий-мърифий, ғоявий-мафкуравий соҳадаги устувор йўналишлар ва вазифаларни аниқлаш ҳамда ривожлантиришга оид консепсиялар ва стратегияларни ишлаб чиқишга хизмат қилган;
Ўзбекистоннинг ўтиш даври стратегияси ва ривожланиш босқичлари, ўтиш даврига ўтиш босқичи, ўтиш жараёнларининг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги далилланган хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси Илмий-тадқиқот ва таълим маркази ишларини режалаштириш ва бажариш, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этишда фойдаланилган. Диссертация доирасида тайёрланган монография, рисола ва илмий мақолаларда асосланган ўтиш даври ва ўтиш жараёнлари, ўтиш даврининг маъно-мазмуни, унинг қонуниятлари, муаммолари, уларнинг ечимлари билан боғлиқ хулосалар, таклифлардан илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасининг тарғибот ишларини ташкил этишда кенг фойдаланилган ҳамда мажмуанинг илмий фондини, тарғибот материалларининг мазмунини бойитишга хизмат қилган (Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасининг 2023-йил 1-ноябрдаги 1/176-3-сонли далолатномаси). Натижада, Ўзбекистоннинг ўтиш даврида  сиёсий, ижтимоий, маънавий-маданий йўналишлардаги консепсиялари ва устувор йўналишларини белгилаш  ва  такомиллаштиришга хизмат қилган;
ижтимоий ҳаётнинг фикрлар, мафкуралар плюрализми, ғоявий-мафкуравий янгиланишлар, турли фикрлар, онг ва тафаккурдаги ўзгаришлар, мамлакатимизда осойишталик, миллатлараро тотувликни таъминлаш орқали ўтиш даври муаммоларини ҳал этишнинг муҳим ўрин эгаллаши асосланган бўлиб, унинг илмий натижаларидан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканали кўрсатувларининг ссенарийларини тайёрлаш, хусусан, “Ўзбекистон тарихи” каналининг “Очиқ дарс” кўрсатувларида фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2023-йил 31-октябрдаги 06-28-1416-сонли маълумотномаси). Натижада, жамият ҳаётида фикрлар, мафкуралар плюрализмини, тафаккурдаги ўзгаришлар билан боғлиқ тарғибот-ташвиқот ишларини такомиллаштириш, бу соҳадаги устувор йўналишларни ишлаб чиқишга  хизмат қилган;
мамлакатда ўтиш даврининг ўзига хос хусусиятлари, ўтиш даври босқичлари уларнинг фарқлари, эволюцияси шунингдек, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий, маънавий ривожланиш жараёнларининг ўтиш даври контекстида асосланган тавсияларидан Ўзбекистон файласуфлари миллий жамиятининг илмий-назарий ва илмий-амалий ишларида фойдаланилган. Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти нашриётида диссертантнинг “Ўтиш даври: назария ва амалиёт”, “Ўзбекистонда ўтиш даври ва жамият тараққиёти” номли монографияларининг чоп этилгани ўтиш даврига оид хулосалар ва тавсиялар бериш имкониятини кенгайтирган (Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти томонидан 2023-йилнинг 30-октябрида берилган 12-сонли далолатнома). Натижада, ижтимоий, маънавий-маданий, ғоявий-мафкуравий йўналишдаги устувор вазифаларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish