Тошканов Нурбек Бахриддиновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Интеллектуал мулк обектларини тижоралаштиришнинг фуқаролик-ҳуқуқий масалалари”, 12.00.03 – Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.3.PhD/Yu1147.
Илмий раҳбар: Ходжаев Бахшилло Камолович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/30.12.2019.Yu.22.01.
Расмий оппонентлар: Бозоров Сардор Соҳибжонович, юридик фанлар доктори, профессор; Ахмаджонов Бахтиёржон Усубжонович, юридик фанлар номзоди.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда интеллектуал мулк обектларини тижоратлаштиришни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
интеллектуал мулк обектларини тижоратлаштириш деганда мазкур обектларни фойда олиш мақсадида турли шартнома шаклларидан фойдаланган ҳолда фуқаролик муомаласига жорий этиш тушунилиши, ундирув мутлақ ҳуқуқларга нисбатан қаратилган ҳолатлар мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа шахсга ўтиши асосларидан бири эканлиги асослаб берилган;
интеллектуал мулк обектларини тижоратлаштириш усуллари доираси кенглиги, интеллектуал мулк обектларига бўлган ҳуқуқлар устав фондига улуш сифатида киритилганда мазкур улуш миқдори чегараланган бўлиши кераклиги, шунингдек, мажбурий баҳоланиши шартлиги, тижорат сири жумласига кирувчи маълумотларни ўз ичига олган ишланмаларни тижоратлаштиришда махсус ҳуқуқий режимга амал қилиниши зарурлиги асослантирилган;
муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари тижоратлаштирилиши мумкин эмаслиги, мазкур ҳуқуқлар ҳар қандай ҳолатда унга тегишли бўлиши, бундай ҳуқуқлар мулкий ҳуқуқлар бошқа шахсларга ўтказилган тақдирда ҳам сақлаб қолиниши асослаб берилган;
мажбурий лицензия белгиланган ставка бўйича тўловни тўлаш шарти билан амалга оширилиши, мажбурий лицензия берилишидан нафақат шахс ва жамият, балки давлат ҳам манфаатдор бўлиши кераклиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалар қуйидагиларда фойдаланилган:
мажбурий лицензия белгиланган ставка бўйича тўловни тўлаш шарти билан амалга оширилиши, мажбурий лицензия берилишидан нафақат шахс ва жамият, балки давлат ҳам манфаатдор бўлиши кераклиги ҳақидаги таклифлардан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2024-йил 15-февралдаги ЎРҚ–908-сон Қонунининг 1-моддаси 2-бандини (Ўзбекистон Республикасининг 1994-йил 6-майда қабул қилинган “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги 1062-ХИИ-сон Қонунига киритилган 111-моддани) шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2024-йил 28-майдаги 3/08-93-сон далолатномаси). Мазкур таклиф саноат мулки обектлари учун мажбурий лицензия беришнинг ҳуқуқий асослари яратилишига хизмат қилган;
интеллектуал мулк обектларини тижоратлаштириш деганда мазкур обектларни фойда олиш мақсадида турли шартнома шаклларидан фойдаланган ҳолда фуқаролик муомаласига жорий этиш тушунилиши, ундирув мутлақ ҳуқуқларга нисбатан қаратилган ҳолатлар мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа шахсга ўтиши асосларидан бири эканлиги ҳақидаги таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги таҳрири лойиҳаси 1084-моддаси ва 1091-моддасини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2024-йил 11-июлдаги 27/1-30-сон далолатномаси). Мазкур таклиф интеллектуал мулк обектларини тижоратлаштириш ва уларга бўлган ҳуқуқларга нисбатан ундирувни қаратишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилишига хизмат қилган;
интеллектуал мулк обектларини тижоратлаштириш усуллари доираси кенглиги, интеллектуал мулк обектларига бўлган ҳуқуқлар устав фондига улуш сифатида киритилганда мазкур улуш миқдори чегараланган бўлиши кераклиги, шунингдек, мажбурий баҳоланиши шартлиги, тижорат сири жумласига кирувчи маълумотларни ўз ичига олган ишланмаларни тижоратлаштиришда махсус ҳуқуқий режимга амал қилиниши кераклиги бўйича билдирилган таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Тадбиркорлик кодекси лойиҳасининг 318-моддаси 2-4-қисмларини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2024-йил 11-июлдаги № 27/1-31-сон далолатномаси). Мазкур таклиф интеллектуал мулк обектларини тижоратлаштириш усуллари доирасини аниқлаш, ушбу обектларга бўлган ҳуқуқларни устав фондига улуш сифатида киритиш, бунда тижорат сирининг махсус ҳуқуқий режимига амал қилиниши зарурлигига доир қонунчиликни такомиллаштиришга хизмат қилган;
муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари тижоратлаштирилиши мумкин эмаслиги, мазкур ҳуқуқлар ҳар қандай ҳолатда унга тегишли бўлиши, бундай ҳуқуқлар мулкий ҳуқуқлар бошқа шахсларга ўтказилган тақдирда ҳам сақлаб қолиниши ҳақидаги таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023-йил 23-июндаги “Интеллектуал мулкка оид ишларни кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида” 19-сон қарорининг 16-банди 2-хатбошисини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2024-йил 27-майдаги 08/458-24-сон далолатномаси). Мазкур таклиф шахсий номулкий ҳуқуқларга оид ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга хизмат қилган.