Рустамий Салимахон Алийбег қизининг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўрта асрлар ислом балоғат илмида тилшуносликка оид қарашлар”, 24.00.04–Шарқ мумтоз адабиёти ва манбашунослиги ихтисослиги (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: D2018.3.DSc/Fil.39/
Илмий маслаҳатчи: Ибрагимов Нематулла, филология фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон халқаро ислом академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, DSc.26.04.2018.Isl.Tar/F/Fil.57.01.
Расмий оппонентлар: Дадабоев Ҳамидулла Арипович, филология фанлари доктори, профессор; Ходжаева Раъно Умаровна, филология фанлари доктори, профессор, Сиддиқова Ирода Абдузуҳуровна.
Етакчи ташкилот: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ислом уйғониш даврида балоғат илми таркибидаги тилшуносликка оид қарашларни ёритиш негизида балоғат билан тил орасидаги муносабатларни асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
балоғат тизими таркибини лафз (لفظ), калом (كلام), маъно (معنى), ибора (عبارة), ҳолат (حال), сўзловчи (متكلم), мурожаат қилинаётган шахс (مخاطب) кабилар ташкил қилиши далилланган;
Юсуф Саккокий ўзининг «Мифтоҳу-л-улум» асарида балоғат илмига бадиий санъатлар бўлимини киритиб, араб тилининг эмоционал-экспрессив, эмотив, валюнтатив функцияларини ўрганиш бўйича мавжуд лингвистик қарашлар тизимини яратиб бергани исботланган;
Ислом уйғониш даври балоғат илми таркибида «тил – шаклга эга», «тил – алоқа воситаси», «тилда шакл ва мазмун бирлиги», «мазмунни аниқ шакл орқали ифодалаш», «лафз ва маъно муносабати», «нутқда эшитувчи ва гапирувчи орасида психологик мувозанатнинг борлиги», «маъно устуворлиги», «маъно кўчиши», «тил эстетикаси»га доир назарий қарашлар мавжудлиги аниқланган;
араб тили ва ғарб тиллари қиёсий типологияси асосида балоғат илмининг стилистика ва риторика билан умумий (фикрни аниқ ифода қилиш, тингловчида қизиқиш уйғотиш, осон ўзлашадиган, оддий ва таъсирчан шаклда ифодалаш) ҳамда фарқли (назарий асослар, объектлар, ифода усуллари) жиҳатлари аниқланган;
араб ва ажам олимлари орасида бадиий санъатлар таснифидаги тафовутлар сабаби балоғат илми назариясининг форс тилига кўчиши билан боғлиқ экани исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўрта асрлар ислом балоғат илмида тилшуносликка оид қарашлар таҳлили бўйича олинган натижалар асосида:
Ислом уйғониш даври балоғат илми таркибида «тил – шаклга эга», «тил – алоқа воситаси», «тилда шакл ва мазмун бирлиги», «мазмунни аниқ шакл орқали ифодалаш», «лафз ва маъно муносабати», «нутқда эшитувчи ва гапирувчи орасида психологик мувозанатнинг борлиги», «маъно устуворлиги», «маъно кўчиши», «тил эстетикаси»га доир назарий қарашлар, жумлани тўғри, таъсирли шакллантириш омилларини аниқлаш бўйича олинган натижалар, хулосалар А-1-051 рақамли «Исломшунослик муаммоларини бирламчи манбалар ва аждодларимиз диний-маърифий меросини тизимли таҳлил қилиш асосида ёш авлодда соғлом эътиқодни шакллантириш» мавзуидаги амалий тадқиқот (2012-2014) лойиҳасида Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби атоқли намояндаларнинг исломга оид асарлари тилидаги эстетик ва экспрессив хусусиятларни белгилашда фойдаланилган (Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг 2018 йил 3 июль 05-262-сон маълумотномаси). Натижа ўрта асрлар Хоразм мактаби олими Абу Ёқуб Юсуф Саккокий ўзининг «Мифтоҳу-л-улум» асари билан ўзбек алломалари асарлари тилининг таъсирчан бўлишига қўшган ҳиссасини аниқ баҳолаш имконини берган;
балоғат тизими таркибини ташкил қилган лафз (لفظ), калом (كلام), маъно (معنى), ибора (عبارة), ҳолат (حال), сўзловчи (متكلم), мурожаат қилинаётган шахс (مخاطب) каби тушунчалар мазмуни, бу атамаларни қўллаш усулларини аниқлашга оид хулосалар «Ёшларда соғлом дунёқарашни шакллантириш ва унинг маънавий-маърифий асосларини мустаҳкамлашга йўналтирилган диншунослик атамалари қомусини яратиш» мавзуидаги амалий тадқиқот (2015-2017) лойиҳасида исломий илмларга оид атамалар маъносини аниқлаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг 2018 йил 3 июлдаги 05-262-сон маълумотномаси). Натижада ёш тадқиқотчиларга исломшунос олимларнинг илмий атамаларни қўллашдаги принциплари кўрсатиб берилган;
Хоразм мактаби олими Юсуф Саккокий (XII аср) ўзининг «Мифтоҳу-л-улум» асарида араб тилининг эмоционал-экспрессив, эмотив, валюнтатив функцияларини ўрганиш бўйича мавжуд бўлган назарий қарашларнинг аниқ тизимини яратганини акс эттирган хулосалар Ф-1-139 рақамли «Шарқ халқлари адабиёти тарихи ва жанрлар типологияси» мавзуидаги фундаментал тадқиқот лойиҳаси доирасида балоғат илми таркибидаги бадиий санъатларнинг ривожланиш босқичларини аниқлашда фойдаланилган (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2017 йил 11 январдаги ФТК-0313/29-сон маълумотномаси). Натижада Шарқ адабиёти тарихи, адабиёт назарияси каби фанлар адабиёт ва санъат тараққиётига оид маълумотлар билан бойитилган ва мазмуни такомиллаштирилган;
халқ оғзаки ижоди намуналарининг эстетик тарбиядаги ўрни, Жалолиддин Қазвинийнинг «Талхису-л-Мифтоҳ», Саъдуддин Тафтазонийнинг «Шарҳу Талхиси-л-Мифтоҳ» асарларининг қўлёзма нусхалари тадқиқи бўйича олинган натижалар, хулосалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 майдаги 292-қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон давлат адабиёт музейида ташкил қилинган «Фольклор» ва «Ўрта асрлар адабиёти» номли экспозицияларни шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2017 йил 14 сентябрдаги 3/1255-1841-сон маълумотномаси). Натижада музей экспозициясини энг сўнгги илмий янгилик ва инновацион қарашлар билан бойитишга, хусусан, ёшларни миллий ўзликни англаш руҳида тарбия қилишга, уларда миллий ғурур ва ифтиҳор туйғуларини уйғотишга хизмат қилган;
араб ва ажам олимлари орасида бадиий санъатлар таснифидаги тафовутлар сабаби балоғат илми назариясининг форс тилига кўчиши натижаси экани, шунингдек, балоғат илмига оид «Талхису-л-Мифтоҳ», «Шарҳу Талхиси-л-Мифтоҳ» манбалари орқали Марказий Осиёда балоғат илмининг ривожланишини акс эттирган маълумотлар Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида Ф1-ФА-0-55746 рақамли «Марказий Осиё халқлари адабий қўлёзма ёдгорликларини тадқиқ этиш. Ўзбекистон шоир ва ёзувчилари архивини тўплаш ва уларни илмий тавсифлаб нашрга тайёрлаш» мавзуидаги фундаментал илмий тадқиқот лойиҳаси доирасида мумтоз адабиётда бадиий санъатларни қўллашнинг янги босқичга кўтарилиши омилларини кўрсатиб беришда фойдаланилган (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2017 йил 11 январдаги ФТК-0313/29-сон маълумотномаси). Натижада балоғат илми олимларининг «Талхису-л-Мифтоҳ», «Талхису Мифтоҳи-л-улум» ва «Шарҳу талхис» асарлари билан Шарқ халқлари тили ва адабиётининг ҳам амалий, ҳам назарий ривожига қўшган ҳиссаларини аниқ баҳолаш имкони яратилган;
балоғат илмининг мумтоз ўзбек адабиёти мутафаккирлари ижодига кўрсатган таъсирини ёритиш ва тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Тошкент» телерадиоканали давлат унитар корхонаси қошидаги «Тошкент» радиоканалининг «Навоий махзани» номли эшиттиришида тадқиқот натижалари асосида тайёрланган «Навоий ижодида ташбиҳ санъатининг қўлланиши» мавзусидаги интервью эфирга узатилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Тошкент» телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2016 йил 29 декабрдаги 03-222-сон маълумотномаси). Эълон қилинган материаллар бадиий ижод камолотида балоғат илми муҳим ўринга эга эканини далиллаб берган.