Негматова Сурайё Тешаевнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тақирсимон ва типик бўз тупроқлар шароитида ғўза ҳосилдорлигини оширишда унинг қатор ораларига ишлов бериш технологиясини такомиллаштириш», 06.01.01–Умумий деҳқончилик. Пахтачилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Qx6.
Илмий раҳбар: Халиков Баҳодир Мейликович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Ўразматов Назиржон, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Орипов Раззоқ Орипович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Қурвантоев Рахмон, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Қашқадарёвилоятининг ўтлоқилашиб бораётган, суғориладиган тақирсимон ҳамда Тошкент вилоятининг қадимдан суғориладиган типик бўз тупроқлари шароитида ғўза қатор ораларига чуқур ишлов беришнинг мақбул чуқурлигини аниқлаш, чуқур ишлов беришнинг тупроқнинг агрокимёвий, агрофизикавий, микробиологик хосса-хусусиятларига, ғўзанинг ўсиши, ривожланиши, ҳосилдорлиги, вилт билан касалланиш даражаси, толанинг технологик сифат кўрсаткичларига таъсирини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Қашқадарё вилоятининг ўтлоқилашиб бораётган, суғориладиган тақирсимон тупроқлари шароитида доимий ғўза экиладиган ва қисқа навбатли (1:1) кузги буғдой:ғўза алмашлаб экиш тизимида ғўзанинг “Бухоро-8” навини 90 см қатор кенглигида экиб, парваришлашда қатор ораларига турли тупроқ қатламларида (18-20; 22-24; 26-28; 30-32 ва 34-36 см) чуқур ишлов беришнинг мақбул чуқурлиги ишлаб чиқилган;
тупроқнинг агрокимёвий ва агрофизикавий хоссаларига ҳамда микроорганизм турларига таъсири ва уларнинг фаоллиги аниқланган;
ғўзанинг илдиз тизимини ўсиши ва ривожланишига ҳамда ўсимликнинг вилт билан зарарланиш даражасига таъсири аниқланган;
пахта ҳосилдорлигига ва толанинг сифат кўрсаткичларига таъсири аниқланган.
Тошкент вилоятининг қадимдан суғориладиган типик бўз тупроқлари шароитида қисқа навбатли (1:1) кузги буғдой:ғўза алмашлаб экиш тизимида ғўзанинг “Наврўз” навини 60 см қатор кенглигида ғўза парваришлашда қатор ораларига турли тупроқ қатламларида (18-20; 22-24; 26-28; 30-32 ва 34-36 см) чуқур ишлов беришнинг мақбул чуқурлиги ишлаб чиқилган;
тупроқнинг агрокимёвий, агрофизикавий ҳамда микробиологик хосса-хусусиятларига таъсири аниқланган;
ғўзанинг ўсишига, ривожланишига, тупроқ қатламлари бўйича илдиз тизимини ривожланишига ҳамда ғўзани вилт билан касалланиш даражасига таъсири аниқланган;
пахта ҳосилдорлигига ва толанинг сифат кўрсаткичларига таъсири аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ғўза қатор ораларига чуқур ишлов бериш усулини қўллаш бўйича олиб борилган тадқиқотлардан олинган натижалар асосида:
Қашқадарё вилоятининг фермер хўжаликларига қўлланма сифатида «Ғўза парваришида қатор ораларига чуқур ишлов бериш бўйича тавсиялар» ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 30 апрелдаги 01/023-63-сон маълумотномаси). Бу тавсиялар Қашқадарё вилоятининг пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида юқори ва сифатли пахта ҳосили олишда қўлланма сифатида хизмат қилган;
Тошкент вилоятининг фермер хўжаликларига қўлланма сифатида «Ғўза парваришида қатор ораларига чуқур ишлов бериш бўйича тавсиялар» (Тошкент вилояти учун) ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 30 апрелдаги 01/023-63-сон маълумотномаси). Мазкур тавсия Тошкент вилоятининг пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида қўлланма сифатида фойдаланиш имконини берган;
Қашқадарё вилояти шароитида ғўза қатор ораларига чуқур ишлов бериш технологияси Касби, Нишон, Қарши, Муборак, Косон туманларининг 114050 гектар ва тоғ олди Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши, Ғузор туманлари пахтачилик фермер хўжаликларида 9000 гектар жами 123050 гектар майдонларда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 30 апрелдаги 01/023-63-сон маълумотномаси). Ушбу усул жорий этилган фермер хўжаликларида қўшимча пахта ҳосили гектарига 4-6 центнерни ташкил этган;
ғўза қатор ораларига чуқур ишлов бериш технологияси Тошкент вилоятининг Бўка туманида 336 гектар, Қўйичирчиқ туманида 230 гектар ва ПСУЕАИТИ нинг тажриба хўжалигида 30 гектар жами 596 гектар майдонларда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 30 апрелдаги 01/023-63-сон маълумотномаси). Ишлаб чиқариш шароитида ушбу усулдан фойдаланиб, пахта етиштирган фермер хўжаликларида гектарига 4-5 центнер қўшимча пахта ҳосили олинган, рентабеллик даражаси 16-18 фоизни ташкил этган.