Азимова Муҳайё Эгамбердиевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қашқадарё вилоятининг оч тусли бўз тупроқлари шароитида кузги буғдой етиштириш агротехникасини такомиллаштириш», 06.01.08–Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Qx34.
Илмий раҳбар: Мўминов Комил Мўминович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Қашқадарё филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Тешаев Фатулло Жўрақулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Алиқулов Сафар Менглиқулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Қашқадарё вилоятининг суғориладиган оч тусли бўз тупроқлари шароитида кузги юмшоқ буғдой навларидан юқори ва сифатли дон ҳосили етиштиришни таъминлайдиган агротехнологик тадбирларни такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Қашқадарё вилоятининг суғориладиган оч тусли бўз тупроқлари шароитида етиштириш учун маҳаллий шароитда яратилган кузги юмшоқ буғдой навлари танланган ва уларни етиштириш агротехникаси такомиллаштирилган;
танланган кузги юмшоқ буғдой навларидан юқори ва сифатли дон ҳосили олишни таъминлайдиган қулай экиш муддати аниқланган;
Қашқадарё вилоятининг суғориладиган оч тусли бўз тупроқлари шароитида кузги буғдой навларининг биологик хусусиятига мос ўғит меъёрлари ишлаб чиқилган;
Қашқадарё вилоятининг суғориладиган оч тусли бўз тупроқлари шароитида кузги юмшоқ буғдой навлари учун энг мақбул экиш меъёри аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қашқадарё вилоятининг суғориладиган оч тусли бўз тупроқлари шароитида кузги юмшоқ буғдой етиштириш агротехникасининг айрим элементларини такомиллаштириш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
Қашқадарё вилоятининг суғориладиган оч тусли бўз тупроқлари шароитида кузги юмшоқ буғдой навларини етиштириш технологиясини мақбуллаштириш бўйича «Кузги буғдой навларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда экиш муддати, меъёрлари ва ўғитлашни такомиллаштириш» мавзусида тавсиянома ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 7 майдаги 02/21-10-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома фермер ва деҳқон хўжаликларида кузги юмшоқ буғдой навларидан юқори ва сифатли дон ҳосили етиштиришда қўлланма сифатида хизмат қилган;
суғориладиган оч тусли бўз тупроқлар шароитида кузги юмшоқ буғдойнинг «Ғозғон», «Бунёдкор» навларини экиш муддатлари бўйича ишлаб чиқилган агротехник тадбирлар Қашқадарё вилоятининг Касби ва Қамаши туманларида жами 112 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 7 майдаги 02/21-10-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида экиш муддатлари бўйича гектаридан 8,1-12,4 центнер қўшимча дон ҳосили олинган ва рентабеллик даражаси 15 фоизни ташкил этган;
кузги юмшоқ буғдойнинг «Ғозғон», «Бунёдкор» навларини экиш ва озиқлантириш меъёрлари бўйича ишлаб чиқилган агротехник тадбирлар Қашқадарё вилоятининг Нишон ва Китоб туманларидаги фермер хўжаликларида жами 76 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 7 майдаги 02/21-10-сон маълумотномаси). Натижада кузги юмшоқ буғдой навларининг морфо-биологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда агротехнологиясини такомиллаштириб, мақбул экиш ва озиқлантириш меъёрлари қўлланилганда гектаридан 11,6-12,4 центнергача қўшимча дон ҳосили ва 1,8 млн сўм фойда олинган ва рентабеллик даражаси 18 фоизни ташкил этган.