Джалилова Гулнора Тулкуновнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон ўрта ва паст тоғларидаги эрозия жараёнларини геоахборот таҳлили (Чотқол ва Туркистон тоғлари тупроқлари мисолида)», 03.00.13–Тупроқшунослик (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.2.DSc/B72.
Илмий маслаҳатчи: Гафурова Лазизахон Акрамовна, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx/B.43.01.
Расмий оппонентлар: Абдуллаев Анвар Хайдарович, биология фанлари доктори;Юлдашев Ғулом, қишлоқ ҳўжалиги фанлари доктори, профессор; Мазиров Михаил Арнольдович, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: Чотқол ва Туркистон ўрта ва паст тоғ тизмалари тупроқларидаги эрозия жараёнларини аниқлаш ва баҳолаш учун ГАТ технологияларини мослаштириш (адаптация)дан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор ГАТ асосида дистанцион маълумотларга ишлов бериш ҳамда атрибутив маълумотлардан фойдаланиш тоғли ҳудудларда кечадиган эрозия жараёнларини аниқлаш ва баҳолашда аниқ ахборотлари билан таъминлаши исботланган;
эрозия жараёнларини келтириб чиқарувчи табиий-иқлим ва тупроқ-экологик шароитларининг ўзига хос регионал хусусиятлари аниқланган;
тупроқ типларининг асосий хоссаларини эрозияланиш даражаси ва қиялик экспозицияси бўйича ўзгариши ҳамда уларнинг ҳудудий фарқланишлари инобатга олиниб, тупроқларнинг атрибутив маълумотлар банки яратилган;
ГАТ технологияларини қўллаган ҳолда дистанцион тасвирларни қайта ишлаш асосида тупроқларнинг атрибутив маълумотлар банки натижаларига кўра эрозияга хавфлилик даражаси бўйича ҳудуд ерлари гуруҳларга ажратилган ва баҳоланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистон паст ва ўрта тоғлари тупроқларидаги эрозия жараёнларини геоахборот таҳлил қилиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
мавзули электрон хариталар кўринишидаги маълумотлар банки «Ўзбекистон Республикасининг янгиланган геологик харитасини тузиш ва миллий потенциал геологик бойлик объектларини мониторинг қилиш» мавзуси бўйича тўртламчи давр ётқизиқлари харитасини тузиш учун жорий этилган (Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасининг 2018 йил 23 майдаги 04/09-сон маълумотномаси). Натижада мавзули электрон хариталар замонавий ётқизиқларнинг геологик-генетик тавсифини аниқлаштиришда ва геокимёвий аномалиясини интерпретация қилишда хизмат қилган;
вегетацион индекслар акс эттирилган мавзули хариталардан иборат маълумотлар банки ўсимлик дунёсининг ҳолатини, ўрмон хўжалигида фойдаланиладиган ерларнинг яроқлилигини таҳлил қилиш ва муҳофаза қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш учун жорий этилган (Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2018 йил 28 майдаги 03-03/2-2636-сон маълумотномаси). Натижада олинган маълумотлар илмий тавсиялар, концепциялар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда фойдаланилган;
тупроқларнинг атрибутив ва вегетацион индекс хариталарини акс эттирувчи геоахборот маълумотлар банки Бахмал туманида 15000 гектар ер майдонда мониторинг қилишга жорий этилган (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2018 йил 29 майдаги 02-05-4259-сон маълумотномаси). Натижада маълумотлар банки тупроқлар классификацияси ва таснифини мукаммаллаштириш, географик қонуниятларга аниқлик киритиш имконини берган.