Абузалова Меҳринисо Кадировнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон матни
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Субстанциал морфология, валентлик ва синтактик қурилма”, 10.00.01–Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.DSc/Fil55.
Илмий маслаҳатчи: Сайфуллаева Раъно Рауфовна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.27.06.2017.Fil.02.03.
Расмий оппонетлар: Санақулов Усмон Санақулович, филология фанлари доктори, профессор; Худойберганова Дурдона Сиддиқовна, филология фанлари доктори; Муродова Нигора Қулиевна, филология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқот мақсади: лексик-семантик ва грамматик шакл валентликларининг сўзшакл таркибида ўзаро ҳамкорлиги таҳлили орқали сўзшаклда мужассамлашган валентлик имкониятларининг синтактик қурилма таркиби ва мавқеини белгилашдаги аҳамиятини очиш ҳамда тавсифлашдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
лингвистика учун тамоман янги масала – грамматик шакл валентлиги, унинг лексик-семантик валентликка муносабати, грамматик шаклларнинг валентлик хусусиятларига кўра таснифи каби илмий тушунчалар фанга киритилиб таҳлил этилган;
тил ҳодисаларига субстанциал-диалектик ёндашиш келишик категорияси шакллари мисолида очиб берилган;
исталган турдаги нутқий синтактик ҳосила (сўз бирикмаси, содда гап, қўшма гап)ларнинг илдизини, ҳосил бўлиш имкониятлари асосини бу бирикмаларнинг тобе ва ҳоким таркибий қисмлари луғавий маънолари ҳамда грамматик шакллари валентликларининг ўзаро уйғунлашиши ташкил этиши исботланган;
грамматик шаклларнинг сўзнинг лексик-семантик валентлигига таъсири морфологик ва синтактик категория шакллари мисолида таҳлил қилиниб, луғавий асос семантик-синтактик валентлигига таъсир этиш хусусиятига кўра даражаланиши (градуонимияси) аниқланган;
ўзбек тилшунослигида илк бор валентлик назарияси нуқтаи назаридан феъл бўлмаган сўз туркумлари ичида ҳам маъновий, ҳам валентлик хусусиятлари билан умумийликка эга бўлган лексик бирликлар бирлашадиган nSSGh, nSSGk, nSSGm, nSSGе, nSSGq, aSSGa, aSSGт, nuSSG, adSSGtalab, adSSGma каби семантик-синтактик гуруҳлар ажратилган ва улар туза оладиган синтактик қурилмаларнинг моделлари берилган;
/WҒ/ /W/(атов бирлиги) мансуб бўлган ССГнинг семантик валентлиги ва /Ғ/(шакл) грамматик валентлигининг ўзаро таъсири ҳамда уйғунлашишидан иборат бўлган бутунлик эканлиги, барча турдаги гапларда имконият даражасида туриши асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Грамматик шакл ва сўз шаклини имкониятлар мажмуаси сифатида қараш ҳамда имкониятларнинг синтаксисда воқеланиши масаласини тадқиқ қилиш жараёнида олинган илмий натижа ва хулосалар асосида:
тилшуносликда илмий тадқиқ методологиясини белгиловчи тил тизими ва унинг бирликларига субстанциал ёндашув тамойилларини белгилаш, субстанциал тамойилларнинг фалсафий ва лисоний тавсифини бериш каби масалалар тадқиқидан ОТ-Ф8-057 рақамли «Ўзбек тилини системавий тадқиқ этишнинг методологик асослари, метод ва принципларини шакллантириш» (2007-2011) мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 23 июндаги 89-03-2375-сон маълумотномаси). Илмий натижалар асосида ўзбек субстанциал тилшунослик тамойилларининг фалсафий ва лисоний тавсифлари мукаммаллаштирилган;
тадқиқ манбаига субстанциал ёндашишнинг аслида шарқона, жумладан, ўзбекона илмий йўл бўлиб, мумтоз ориф ва адиблар ундан зот ~ тажалли (ҳақ ~ борлиқ, кулл ~ жузв, умумийлик ~ хусусийлик) диалектикаси талқинида жуда кенг фойдаланишганлиги билан боғлиқ илмий хулосалар Ф-1-06 рақамли “Истиқлол даври ўзбек адабиётида Шарқу Ғарб адабий анъаналарининг синтези” (2012–2016) фундаментал тадқиқот лойиҳасида татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 23 июндаги 89-03-2375-сон маълумотномаси). Таклиф этилган материаллар субстанциал ёндашув тадқиқ тамойилларининг шаклланиш тарихи хусусидаги материалларни бойитишга хизмат қилган;
нисбатларнинг лексик-грамматик, деривацион қобилияти асосида сўз ясашга ва сўз ўзгартиришга алоқадор категория сифатида талқин этилиши, нокатегориал шаклларнинг баъзан сўз ясалиши билан ҳам боғлиқ томонлари мавжудлиги хусусидаги, ушбу формантларнинг асос лексема валентлигига таъсири масалаларини ёритиш билан боғлиқ хулосалардан ОТ-Ф8-062 рақамли “Тил тараққиётининг деривацион қонуниятлари” (2008-2010) мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 23 июндаги 89-03-2375-сон маълумотномаси). Айни илмий натижанинг қўлланиши тил шаклланишининг деривацион қонуниятлари масалаларини ёритиш имконини берган;
диссертация иши натижалари асосида ишлаб чиқилган тавсиялар 5120100 – Филология ва тилларни ўқитиш бакалавриат таълим йўналишида ўқитиладиган “Тилшунослик назарияси”, “Ҳозирги ўзбек тили” ҳамда 5А.120102 – Лингвистика (Ўзбек тилшунослиги) магистратура мутахассислиги учун мўлжалланган “Назарий тилшунослик масалалари” каби фанларни такомиллаштириш ва ўқитиш самарадорлигини оширишга қаратилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 2 апрелдаги 89-03-1213-сон маълумотномаси). Натижада ўқувчиларнинг грамматик категория, грамматик маъно ва грамматик шакл талқини ҳамда лисоний валентлик борасидаги билимларини такомиллаштиришга хизмат қилган;
тилдаги бирикиш қонуниятлари, тил қурилишига субстанциал жиҳатдан ёндашиш масалалари, сўзшакл лисоний синтактик модели ва унинг грамматик шакл валентлиги билан боғлиқ жиҳатлари хусусидаги назарий қарашлардан “Madaniyat va ma’rifat” “Тадқиқот”, “Китоб ва китобхон” телекўрсатувларини тайёрлашда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 2 апрелдаги 89-03-1213-сон маълумотномаси). Илмий қарашлар китобхонларнинг замонавий тилшунослик масалалари борасидаги билимларини такомиллаштиришга хизмат қилган;
жаҳонда танилаётган ўзбек субстанциал тилшунослиги тарихий илдизлари, таҳлил методлари юзасидан келинган хулосалар “O‘zbekiston” телерадиоканалининг “Бедорлик”, “Таълим ва тараққиёт” эшиттиришларини тайёрлаш жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2018 йил 17 апрелдаги 02/2-1-70-сон маълумотномаси). Натижада эшиттиришларнинг илмийлиги таъминланган, радиотингловчилар субстанциал фалсафий-методологик таҳлил тамойиллари хусусида маълумотга эга бўлишган.