Каттаев Нуритдин Тўраевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Акрилонитрил асосида донадор ионитлар синтези ва уларнинг физик-кимёвий хоссалари», 02.00.06–Юқори молекуляр бирикмалар, 02.00.04–Физик кимё (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.DSc/K12.
Илмий маслаҳатчи: Бабаев Туйғун Мирзааҳмедович, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Полимерлар кимёси ва физикаси институти, DSc.27.06.2017.K/FM/T.36.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Сидиқов Абдужалол Сидиқович, кимё фанлари доктори, профессор; Рафиков Адхам Салимович, кимё фанлари доктори, профессор; Арсланов Шарафутдин Султанович, кимё фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: акрилонитрил асосида структураси олдиндан белгиланган донадор ионитларнинг йўналтирилган синтези, физик-кимёвий хоссаларини ва қўллаш соҳаларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор акрилонитрилнинг тикувчи агентлар – N,N\'-метилен-бис-акриламид ва дивинилбензол иштирокида суспензион сополимерланиши усули ёрдамида донадор ионитлар синтезида полимер матрицаси вазифасини бажарувчи янги надмолекуляр структурали сополимерлар олинган;
илк бор акрилонитрилнинг N,N\'-метилен-бис-акриламид билан суспензион сополимерланиши кинетикасига турли омилларнинг таъсири ўрганилган ва акрилонитрилнинг физик-кимёвий хоссалари олдиндан белгиланган тикилган сополимерларини олишнинг қулай шароитлари аниқланган;
сувда эрувчан крахмал ва ОП-10 сирт фаол моддаси асосида янги барқарорлаштирувчи тизим ишлаб чиқилган ва микро- ва наноглобуляр архитектурали сополимерлар олиш имконини берадиган ҳимоя коллоидини реакцион аралашмага қўшишнинг услуби такомиллаштирилган;
турли инерт суюлтирувчилар ва тикувчи агентларнинг табиатининг акрилонитрилнинг N,N’-метилен-бис-акриламид ва дивинилбензол билан тикилган сополимерларининг структуравий-морфологик ва физик-кимёвий хоссаларига таъсири аниқланган;
акрилонитрилнинг N,N\'-метилен-бис-акриламид ва дивинилбензол билан тикилган сополимерларини ишқорий гидролизлаш ва гидразин, гидроксиламин, диэтиламин, этилендиамин билан кимёвий модификациялаш жараёнини бошқариш орқали физик-кимёвий хоссалари олдиндан белгиланган, нано-микроглобуляр тузилишли янги донадор ионитлар синтез қилинган;
илк бор акрилонитрилнинг тикилган сополимерларининг гидроксиламин, гидразин, диэтиламин ва этилендиамин таъсирида аминолизининг янги услублари ишлаб чиқилган ва акрилонитрилнинг N,N’-метилен-бис-акриламид билан сополимери асосида хоссалари олдиндан белгиланган янги донадор ионитлар олинган;
янги ионитларга металл ионлари сорбциясининг кинетик ва термодинамик кўрсаткичларини ҳисоблаш орқали уларнинг сорбцион ҳамда физик-кимёвий хоссалари аниқланган;
замонавий квант-кимёвий усулларни қўллаган ҳолда акрилонитрил асосидаги анионалмашинувчи янги донадор ионитларда d-металл ионларининг комплекс ҳосил қилиш хусусиятларини аниқлаш бўйича янги усул ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Акрилонитрил асосида тузилиши ва физик-кимёвий хоссалари олдиндан белгиланган янги донадор ионитларни синтез қилиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
акрилонитрилнинг дивинилбензол билан тикилган сополимерини ишқорий гидролизлаш орқали олинган КБ-Дп-1 катионити «Навоиазот» АЖда амалиётга татбиқ этилган («Навоийазот» АЖнинг 2017 йил 23 январдаги 02/726-сон маълумотномаси). Натижада сувни тайёрлаш жараёнида регенерация учун зарур бўладиган 3%ли H2SO4 эритмаси ҳажми стандартга, яъни четдан импорт қилинадиган КУ-2-8 катионитига нисбатан 2,3–2,4 мартага қисқартириш имконини берган;
синтез қилинган янги структурали донадор ионитларнинг металл ионларини сорбциялаш жараёни бўйича натижалар 646659 рақамли «Borohydrate permeability in poly(N-isopropylacrylamide) hydrogels» мавзусидаги илмий лойиҳада полимерлар ва қуйи молекуляр бирикмалар орасидаги таъсирлашув табиатини аниқлашда фойдаланилган (Берлин Гельмгольц марказининг 2017 йил 1 ноябрдаги маълумотномаси). Натижада борогидрид ва поли-(N-изопропил-акриламид) ўртасида комплекс ҳосил бўлиш механизмини аниқлаш ва жараённинг Гиббс энергияси, энтальпияси ва энтропиясининг ўзгаришини ҳисоблаш имконини берган;
акрилонитрилнинг тикилган сополимерларини турли аминлар билан кимёвий модификациялашни бошқариш бўйича олинган натижалар И-2016-7-9 рақамли «Мунчоқсимон анионитларни олишни йўлга қўйиш» мавзусидаги лойиҳада полиакрилонитрил ва поливинилхлориднинг функционал гуруҳларини мақсадли ўзгартиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 10 октябрдаги ФТА-01-11/797-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши саноат эритмаларидан металл ионларини ажратиб олишда комплекс ҳосил қилиш хоссаларини намоён қилувчи импорт ўрнини босувчи донадор ионитлар синтез қилиш имконини берган.