Sayt test rejimida ishlamoqda

Халилова Фируза Шавхидиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Анғизга экилган мошни ўғитлашнинг тупроқ унумдорлиги ва экин ҳосилдорлигига таъсири”, 06.01.04 – Агрокимё (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.PhD/Qx746.
Илмий раҳбар: Санакулов Акмал Лапасович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти, DSc.25/30.12.2019.Qx/В.43.01.
Расмий оппонентлар: Ибрагимов Назирбай Мадримиович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Каримбердиева Амина Азимовна, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади анғизга экилган мошни ўғитлаш (макроўғитлар фонида микроўғитларни қўллаш усуллари ва муддатлари)нинг тупроқ унумдорлиги ва экин ҳосилдорлигига таъсирини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
анғизда мош етиштиришда макроўғитлар фонида микроўғитлардан фойдаланиш эвазига ўсимлик илдиз ва анғиз қолдиқларининг ортиши тупроқ унумдорлиги ва гумус захирасини 0,117-2,301 т/га ошириши исботланган;
макро- ва микроўғитларнинг (Co, Mo) анғизда ўстирилган мошнинг ўсиши, ривожланиши, симбиоз ва фотосинтетик фаолиятига, мош ҳосилдорлиги ва дон таркибидаги оқсил миқдори 0,4-3,2 фоизга ортиши аниқланган;
мош етиштиришда микроўғитларни (Co, Mo) қўллаш усуллари ва муддатлари ишлаб чиқилган, натижада, мош ҳосилдорлиги (22,8-24,4 ц/га), тупроқ унумдорлиги (гумус 0,003-0,059%) ва ўғитлардан фойдаланиш коэффициенти (N – 30,7-54,5%, P – 6,5-11,3%, K – 18,7-31,0%) ошганлиги исботланган;
мош уруғларини микроўғитлар эритмасида ивитиб экиш билан биргаликда микроўғитларни ўсимликнинг шоналаш даврида қўллаш эвазига мошда симбиоз аппаратнинг фаол шаклланиши ва симбиоз азотфиксация ҳисобига 87,28-154,37 кг/га биологик азот тўпланиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Анғизга экилган мошни ўғитлашнинг тупроқ унумдорлиги ва экин ҳосилдорлигига таъсири бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Анғизда мош етиштиришда микроўғитлардан фойдаланиш» номли тавсиянома ишлаб чиқилган ва  тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 2 февралдаги 07/21-21-07/60-сон маълумотномаси). Натижада, агрокластер ва фермер хўжаликлари томонидан ишлаб чиқаришда фойдаланилиб, мошдан 2,6-3,6 ц/га қўшимча ҳосил олинган;
анғизда мош етиштиришда макроўғитларни N35P70K40 кг/га меъёрда қўллаш Самарқанд вилоятининг Булунғур тумани фермер хўжаликларида 3,0 гектар, Пастдарғом тумани фермер хўжаликларида 3,3 гектар, Жомбой тумани фермер хўжаликларида 4,8 гектар, жами 11,1 гектар ер майдонларида амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 1 февралдаги 07/21-21-05/369-сон маълумотномаси). Натижада, 2,6-3,6 ц/га қўшимча ҳосил олинган ҳамда 10,2-10,6% рентабелликка эришилган;
анғизда такрорий экин (ёзда ғалладан бўшаган майдонда) сифатида мош етиштиришда уруғларни кобальт сульфатнинг 0,01 фоизли ва аммоний молибдатнинг 0,05 фоизли эритмаси билан намлаб экиш ва унинг 5-6 барглик даврида кобальт ёки молибденни 0,5 кг/га меъёрда макроўғитлар (N35P70K40 кг/га) фонида қўллаш Самарқанд вилоятида жами 11,1 гектар ер майдонларида амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 1 февраль 07/21-21-05/369-сон маълумотномаси). Натижада, ҳар гектaридан ўртача 25,5-28,5 центнер ҳосил олинган ва 300-400 минг сўм соф фойда олишга эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish