Sayt test rejimida ishlamoqda

Яхёева Нафиса Нуриддиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Турли суғориш технологияларида сувда эрувчан ўғитларни қўллашнинг ғўза ҳосилдорлигига таъсири (Самарқанд вилоятининг суғориладиган ўтлоқи бўз тупроқлари шароитида)”, 06.01.02– Мелиорация ва суғорма деҳқончилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.1.PhD/Qx.785.
Илмий раҳбар: Авлиякулов Мирзоолим Авазович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.05/30.12.2019.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Хамидов Мухаммадхон, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Исмайилов Жуманазар Исматович, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади марказий минтақа Самарқанд вилоятининг суғориладиган ўтлоқи бўз тупроқлари шароитида турли суғориш технологияларида сувда эрувчан минерал ўғитларни қўллашнинг ғўзани сув истеъмоли ҳамда ҳосилдорлигига таъсирини илмий асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Самарқанд вилоятининг суғориладиган ўтлоқи бўз тупроқлари шароитида томчилатиб суғориш технологиясида сувда эрувчан минерал  ўғитларни N150(200), P105(140), K75(100) кг/га қўллашнинг ғўзани сув истеъмоли ва ҳосилдорлигига таъсири аниқланган;
эртапишар ғўза навлари катта майдонларда экилаётганлиги, ушбу навларнинг илдизи кучли ривожланмаганлиги боис суғоришни шоналашгача талаб этиши туфайли эртапишар С-8286 ғўза навида томчилатиб суғориш бўйича фазаларни 4 муддатда, яъни ЧДНСга нисбатан 75-75-75-70% суғориш олди тупроқ намлигида 1-2(3)-5-2 тизимда шоналашгача 1 марта, шоналаш даврида 2(3) марта, гуллаш-ҳосил тўплашда 5 марта, пишишда 2 марта суғориш мақбуллиги аниқланган;
эгатлаб суғоришда сувда эрувчан минерал ўғитларни ғўзанинг 2-4 чинбарг даврида 1 марта, шоналаш даврида 1 марта ва гуллаш-ҳосил тўплаш даврида 2 марта, томчилатиб суғоришда 2-4 чинбарг даврида 1 марта, шоналаш даврида 2 марта, гуллаш-ҳосил тўплаш даврида 4 марта  қўллаш мақбуллиги илмий асосланган;
томчилатиб суғоришда сувда эрувчан минерал ўғитларни қўллаш орқали ғўзадан 52,0 ц/га пахта ҳосили олиниб, эгатлаб суғоришга нисбатан томчилатиб суғориш ҳисобига 8,4 ц/га, сувда эрувчан ўғитлар ҳисобига 7,2 ц/га қўшимча ҳосил олиш мумкинлиги исботланган;
томчилатиб суғориш ва сувда эрувчан минерал ўғитларни қўллаш эвазига анъанавий, яъни ўғитни тракторда 3 маротаба қўллашдаги ЁММлари тўлиқ (100%), қатор ораларига ишлов беришда эса 30-40 % тежалишига, минерал ўғитлар сарфи 20-25 % га, томчилатиб суғоришда эгатлаб суғоришга нисбатан суғориш сувларини 45,2-49,1 % тежалиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Суғориладиган ўтлоқи бўз тупроқлар шароитида эгатлаб ва томчилатиб суғориш технологиясида ўрта толали ғўзадан юқори ва сифатли пахта ҳосили етиштиришда сувда эрувчан ўғитларни қўллашни илмий асослаш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
«Ғўзани томчилатиб суғоришда сувда эрувчан минерал ўғитларни қўллаш бўйича тавсиянома» ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 27 мартдаги 05/01-05/02-05/04-03-106-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома томчилатиб суғориш жорий этилган фермер хўжаликлари ва агрокластерлар учун қўлланма сифатида хизмат қилмоқда;
турли суғориш технологияларида сувда эрувчан минерал ўғитларни қўллаш технологияси Самарқанд вилояти Иштихон тумани “Мароқанд сифат текстил” агрокластерида томчилатиб суғориладиган 120 га, эгатлаб суғориладиган 10 га майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 27 мартдаги 05/01-05/02-05/04-03-106-сон маълумотномаси). Натижада, эгатлаб суғоришда ғўзани сувда эрувчан минерал ўғитлар билан озиқлантирилганда, анъанавий ўғитлар қўлланилганга нисбатан 3,0-3,5 ц/га, томчилатиб суғоришда эса эгатлаб суғорилган сувда эрувчан ўғитлар қўлланилганга нисбатан 40-45 % сув тежалиб, 8-9 ц/га қўшимча пахта ҳосили олинган;
томчилатиб суғоришда сувда эрувчан ўғитларни қўллаш технологияси Наманган вилояти Поп тумани “ART Soft tex” агрокластерида 60 га, Тошкент вилояти, Бўка туманидаги “Шукурулло Ясмина агро” фермер хўжалигида 10 га, Бекобод туманида “Зафар тонги агро” фермер хўжалигида 12 га, “Барака агро ишонч” фермер хўжалигида 16 га, “Аброр Ихрор Асрор агро” фермер хўжалигида 21 га, Республика бўйича жами 239 га майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 27 мартдаги 05/01-05/02-05/04-03-106-сон маълумотномаси). Томчилатиб суғоришда сувда эрувчан минерал ўғитларни ўсимлик осон ўзлаштирадиган шаклда қўлланилиши ҳисобига эгатлаб суғоришга нисбатан 40-45 % сув тежалиши, пахта ҳосили 5,2-6,1 ц/га ҳамда рентабеллик даражаси 24,1-27,3 % га ошишига эришилган.
    

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish