Sayt test rejimida ishlamoqda

Нодиров Музаффар Ахмад ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Вояга етмаганларга нисбатан жиноят ишларини юритишнинг ўзига хос хусусиятлари”, 12.00.09 – Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқ ва суд экспертизаси (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.1.PhD/Yu404.
Илмий раҳбар: Тулаганова Гулчеҳра Захитовна, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, бир марталик ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/13.05.2020.Yu.22.03.
Расмий оппонентлар Астанов Истам Рустамович, юридик фанлар доктори, профессор; Миразов Даврон Мирагзамович, юридик фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади жиноят-процессуал қонунчиликда вояга етмаганларга нисбатан жиноят ишлари юритувини комплекс такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
вояга етмаган шахсга айблов эълон қилиш ва сўроқ қилиш вақтида ҳимоячи билан бир қаторда вояга етмаган шахснинг қонуний вакили ҳам иштирок этиши шартлиги асослантирилган;
суриштирувни, дастлабки терговни тамомлаш ҳамда вояга етмаган шахсни жиноят иши материаллари билан таништириш вақтида ҳимоячи билан бир қаторда вояга етмаган шахснинг қонуний вакили ҳам иштирок этиши шартлиги асослантирилган;
судга қадар иш юритиш ва суд муҳокамаси жараёнида вояга етмаганларга нисбатан амалга ошириладиган процессуал ҳаракатларни қонуний вакилнинг иштирокисиз амалга ошириш тақиқланиши, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда вояга етмаган шахсга нисбатан процессуал ҳаракатлар унинг катта ёшдаги яқин қариндоши, педагог ёки ушбу шахснинг бошқа қонуний вакили иштирокида амалга оширилиши мумкинлиги, вояга етмаган шахснинг жиноятлари тўғрисидаги ишлар бўйича судга қадар иш юритишнинг ва суд муҳокамасининг барча босқичларида ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги асослантирилган;
далил, ЖПК талаблари бузилган тарзда, жумладан вояга етмаган гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ кўрсатувлари қонуний вакилининг, зарур ҳолларда эса, педагог ёки психологнинг иштирокисиз олинган бўлса номақбул деб топилиши асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Вояга етмаганларга нисбатан жиноят ишларини юритишнинг ўзига хос хусусиятларини тадқиқ этишнинг илмий натижалари асосида:
вояга етмаган шахсга айблов эълон қилиш вақтида ҳимоячи билан бир қаторда вояга етмаган шахснинг қонуний вакили ҳам иштирок этиши шартлиги тўғрисидаги таклифлардан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 552-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиш қўмитасининг 2020-йил 2-декабрдаги 06-15/2068-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф вояга етмаган шахсга нисбатан айблов эълон қилиш жараёнида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини янада самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилган;
вояга етмаган гумон қилинувчи ва айбланувчини сўроқ қилиш вақтида ҳимоячи билан бир қаторда вояга етмаган шахснинг қонуний вакили ҳам иштирок этиши шартлиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг
553-моддасини янги таҳрирда ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиш қўмитасининг 2020-йил 2-декабрдаги 06-15/2068-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф вояга етмаган гумон қилинувчи ва айбланувчини сўроқ қилиш вақтида уларнинг ҳуқуқлари бузилмаслигига, кўрсатув бериш давомида уларга нисбатан руҳий тазйиқ ўтказилмаслигига хизмат қилган;
суриштирувни, дастлабки терговни тамомлаш ва вояга етмаган шахсни иш материаллари билан таништириш вақтида ҳимоячи билан бир қаторда вояга етмаган шахснинг қонуний вакили ҳам иштирок этиши шартлиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 559-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиш қўмитасининг 2020-йил 2-декабрдаги 06-15/2068-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф вояга етмаган шахсга салбий таъсир қилиши мумкин бўлган иш материалларни вояга етмаган шахсга эмас, балки унинг қонуний вакилига таништириш орқали иш ҳолатларини айбланувчи томонга тўла ҳажмда таништиришга хизмат қилган;
судга қадар иш юритиш ва суд муҳокамаси жараёнида болаларга нисбатан улар қонуний вакилларининг иштирокисиз амалга ошириладиган процессуал ҳаракатларни бажариш тақиқланиши, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда вояга етмаган шахсга нисбатан процессуал ҳаракатлар унинг катта ёшдаги яқин қариндоши, педагог ёки ушбу шахснинг бошқа қонуний вакили иштирокида амалга оширилиши мумкинлиги, вояга етмаган шахснинг жиноятлари тўғрисидаги ишлар бўйича судга қадар иш юритишнинг ва суд муҳокамасининг барча босқичларида ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги, боланинг ва унинг қонуний вакилларининг ҳимоячидан воз кечиши ҳақиқий эмас деб ҳисобланмаслиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2008-йил 7-январдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 111-моддасида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиш қўмитасининг 2020-йил 2-декабрдаги 06-15/2068-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф судга қадар иш юритиш ва суд муҳокамаси жараёнида вояга етмаган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчиларга нисбатан процессуал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнида қонуний вакилларнинг барча процессуал жараёнларда иштирок этишига хизмат қилган;
далил, ЖПК талаблари бузилган тарзда, жумладан вояга етмаган гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ кўрсатувлари қонуний вакилининг, зарур ҳолларда эса, педагог ёки психологнинг иштирокисиз олинган бўлса мақбул эмас деб топилади мазмунидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018-йил 24-августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 24-сонли қарорининг 9-бандида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2020-йил 22-октябрдаги 11-54-20-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф жиноят процессида, вояга етмаганларга етказилиши мумкин бўлган салбий таъсирларнинг олдини олишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish