Sayt test rejimida ishlamoqda

Назаров Ғолиб Абдишукур ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Сафинолнинг физик-кимёвий ва антикоагулянт хоссаларини ўрганиш, субстанция олиш технологиясини оптималлаш ва янги дори шаклини яратиш», 02.00.10–Биоорганик кимё (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.3.PhD/K243.
Илмий раҳбар: Салихов Шавкат Исмаилович, биология фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Биоорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Биоорганик кимё институти, DSc.02/30.12.2019.K/В.37.01.
Расмий оппонентлар: Гафуров Махмуджон Бакиевич, кимё фанлари доктори, профессор; Бобаев Исомиддин Давронович, кимё фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбeкистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: фармакологик хусусиятлари яхшиланган Сафинол препаратининг янги дори шаклини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Сафинол синтезида эритувчининг қайнаш ҳарорати (100 оС), рН муҳит 1 бўлган реакцияда, шунингдек, жараён даврининг узайтирилиши ҳисобига маҳсулот унуми 10% гача орттирилган ҳамда реакция мақбул шароитлари ишлаб чиқилган;
Сафинол субстанцияси ҳосил бўлишида кимёвий синтез механизмининг орто ва пара ҳолатлардаги реакцион фаолликлари аниқланган;
ЮССХ ёрдамида Сафинол субстанцияси ва суртма дори шаклининг сифат ва миқдорий таҳлил қилиш усули ишлаб чиқилган;
Сафинол субстанциясининг гидролизланиш кинетикаси pH-2, pH-5,6, pH-7 ва pH-10 қийматларида модданинг гидролизланиш кўрсаткичи спектрал усуллар ёрдамида исботланган;
илк маротаба, Сафинол субстанцияси асосида антикоагулянт таъсирга эга бўлган ташқи фойдаланиш учун суртма дори кўринишидаги юмшоқ дозалаш шаклининг оптимал таркиби ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Сафинолнинг физик-кимёвий ва антикоагулянт хоссаларини аниқлаш, субстанция олиш технологиясини оптималлаш ва янги дори шаклини яратиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
қон қуйилишига антикоагулянт таъсир этувчи тери юзасига қўлланиладиган Сафинол суртма дори шакли учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг фойдали моделга патенти олинган (№ FAP 01455, 2019 й). Натижада, антикоагулянт хоссага эга суртма дори воситасини серияли ишлаб чиқарилишини ташкил этиш имконияти яратилган;
Сафинол субстанцияси ва суртма дори шаклининг сифат ва миқдорий таҳлилларини амалга ошириш учун ишлаб чиқилган ЮССХ усулидан Хитой Фанлар академияси, Шинжон физика ва кимё-техника институти «International Science and Technology Center Projects» лойиҳасида полимер ва сополимер моддаларнинг миқдорий таҳлилларини амалга оширида фойдаланилган (Хитой Фанлар академияси, Шинжон физика ва кимё-техника институти маълумотномаси). Натижада, мазкур усул саратонга қарши биологик фаол полимер ва сополимер моддаларнинг сифат ва миқдорий ўрганиш ҳамда фаоллик механизмларини аниқлаш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish