Sayt test rejimida ishlamoqda

Аллаяров Равшан Музаффаровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Уран таркибли иккиламчи рудалардан уранни ажратиб олишнинг самарали технологиясини ишлаб чиқиш ва асослаш», 04.00.10 – Геотехнология (очиқ, ер ости ва қурилиш), 11.00.05 – Атроф-муҳитни мухофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: Б2023.4.PhD/Т4151.
Илмий раҳбар: Музафаров Амрулло Мустафоевич, кимё фанлари доктори, доцент.
Диссертасия бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳузуридаги DSc.17/04.06.2021.Т.06.02 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Алиқулов Шуҳрат Шарофович, техника фанлари доктори, профессор; Игитов Фаррух Бахтиёрович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори PhD, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: уран таркибли иккиламчи рудалардан уранни ажратиб олишнинг самарали технологиясини ишлаб чиқиш ва бу рудаларнинг атроф-муҳитга радиоактив таъсирини камайтиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
физик-кимёвий геотехнологик усулга асосланган принципиал схема ишлаб чиқилиб, унинг ёрдамида уран таркибли иккиламчи рудалардаги ураннинг дастлабки миқдорини 75% га яъни 136,8 г/т дан 34,4 г/т гача камайтириш йўли ишлаб чиқилган;
уран таркибли иккиламчи рудалардан уранни ажратиб олиш жараёнида ишчи эритмани беш мартагача такрорий қўллаш натижасида сув сарфини 65% гача ва сулфат кислота сарфини 25% гача камайтириш усули топилди;
уран таркибли иккиламчи рудалардаги уранни ажратиб олишнинг ишлаб чиқилган физик-кимёвий геотехнологик усулидан фойдаланганда бу рудаларнинг радиацион фон қийматини ўртача~70% га яъни 4360 Бқ/кг дан 1090 Бқ/кг гача камайганлиги ва бу қийматларнинг амалдаги 0193-06-сонли СанҚваМ меёрий ҳужжатида белгиланган талабларга мос эканлиги аниқланган;
уран таркибли иккиламчи рудаларда аниқланган элементлар таркибининг индикатор хусусиятлари – уларнинг тарқалиши, миграцияси, табиий парчаланиши ва радионуклидлар ўртасидаги мувозанат қийматларига асосланиб, бу рудаларни физик-кимёвий геотехнологик усул билан қайта ишлаш ва ҳудуддаги долзарб ижтимоий аҳамиятдаги атроф-муҳит масалаларини ҳал қилиш усули ишлаб чиқилди.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Уран таркибли иккиламчи рудалардан уранни ажратиб олиш бўйича олиб борилган илмий тадқиқотлар асосида:
уран таркибли иккиламчи рудалардан олинган намуналардаги ураннинг дастлабки миқдорини ва бу рудаларни ишчи эритма билан қайта ишлашдан ҳосил бўлган маҳсулдор эритмадаги ураннинг миқдорини аниқлаш усуллари «Навоий кон-металлаургия комбинати» АЖ Марказий илмий-тадқиқот лабораториясида амалиётга жорий этилган («Навоий кон-металлаургия комбинати» АЖнинг 2024 йил 17 январдаги 23/01-01-07/57-сонли маълумотномаси). Натижада, уран таркибли иккиламчи рудалар таркибидаги уранниг ўртача 75% миқдорини маҳсулдор эритма таркибига ўтказишга ва қаттиқ намуналар таркибидадаги дастлабки уран миқдорини 25% гача камайтириш имконини берган;
уран таркибли иккиламчи рудалардан уранни ажратиб олишда қўлланиладиган ишчи эритмани такрорий беш мартагача қўллаш усули «Навоий кон-металлаургия комбинати» АЖ Марказий илмий-тадқиқот лабораториясида амалиётга жорий қилинган («Навоий кон-металлаургия комбинати» АЖнинг 2024 йил 17 январдаги 23/01-01-07/57-сонли маълумотномаси). Натижада, уран таркибли иккиламчи рудалардан уранни ажратиб олишнинг анъанавий усулига қараганда ишчи эритма тайёрлашда сарфланадиган сув миқдорини 65% гача ва сулфат кислота миқдорини 25% гача – камайтириш имконини берган;
уран таркибли иккиламчи рудалардан уранни ажратиб олишнинг таклиф қилинган физик-кимёвий геотехнологик принципиал схемаси «Навоий кон-металлаургия комбинати» АЖ Марказий илмий-тадқиқот лабораториясида амалиётга жорий қилинган («Навоий кон-металлаургия комбинати» АЖнинг 2024 йил 17 январдаги 23/01-01-07/57-сонли маълумотномаси). Натижада, уран таркибли иккиламчи рудалар намуналарининг солиштирма эффектив активлиги – Аэфф қийматини дастлабки 4360 Бқ/кг дан 1090 Бқ/кг гача камайтириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish