Sayt test rejimida ishlamoqda

Рахимов Рустамжон Хамидовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.    Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш бўйича молиявий тергов ўтказишнинг назарий ва амалий муаммолари», «12.00.09 – Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқ ва суд экспертизаси» (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.1.PhD/Yu1193.
Илмий раҳбар: Евгений Коленко Вячеславович, юридик фанлар бўйича  фалсафа доктори (PhD), доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, DSc.31/31.12.2020.Yu.67.01.
Расмий оппонентлар: Каримов Вахабжан, юридик фанлар доктори, профессор; Базарова Дилдора Бахадировна, юридик фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳолатлари бўйича молиявий тергов ўтказишни жорий этиш борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.     Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг прокурор санкцияси билан тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга тезкор-қидирув ишлари бўйича орган раҳбари томонидан тасдиқланган қарор асосида тақдим этилиши, прокуратура, дастлабки тергов, суриштирув органлари ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ўз иш юритувидаги жиноят ишлари ва тезкор-қидирув ишлари бўйича банкларда ҳисобварақлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни банкнинг маълумотлар базасидан автоматлаштирилган режимда олиши мумкинлиги тўғрисидаги таклифлар ишлаб чиқилиб, қонунчиликда акс эттириш зарурлиги асослаб   берилган;
банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг маълумотлар тўплаш тезкор-қидирув тадбири ҳисобланиши, банк сирини ташкил этувчи маълумотларни олишга қаратилган тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига прокурор санкцияси асосида йўл қўйилиши тўғрисидаги нормаларнинг тезкор-қидирув фаолияти қонунчилигида белгиланиши асослантирилган;
жиноий фаолиятдан олинган даромадлар атамаси, жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштириш фактини исботлашда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки бундай пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк номига расмийлаштирилган учинчи шахсларда даромадларнинг қонуний манбалари мавжуд эмаслигидан далолат берувчи ҳолатлар жиноятнинг объектив томонини ташкил этувчи ҳаракатлар содир этилганлигини тасдиқловчи далиллар мажмуи билан бирга инобатга олиниши лозимлиги асослаб берилган;
жиноят натижасида легаллаштирилган ноқонуний даромадлар ва бошқа мол-мулклар, бундай мол-мулклардан фойдаланиш орқали олинган ҳар қандай фойда ёки наф, жиноят предмети ёки қуроли ёхуд уларнинг қиймати миқдоридаги мол-мулкларнинг тергов жараёнида тўлиқ аниқланиши ва хатланишини таъминлаш, ушбу тоифадаги жиноят ишларининг суриштируви ва дастлабки тергови устидан алоҳида назорат ўрнатилиши, фаолиятнинг мувофиқлаштириб борилиши  асослантирилган;
молиявий тергов тушунчаси, молиявий терговни амалга ошириш механизмларини жорий этиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни аниқлаш ҳамда хатлаш чоралари, идоравий ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан қўшма тартиб ишлаб чиқиш зарурияти асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Диссертация тадқиқоти бўйича олинган илмий натижалар асосида:
банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг прокурор санкцияси билан тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга уларнинг иш юритувидаги тезкор-қидирув ишлари бўйича орган раҳбари томонидан тасдиқланган асослантирилган қарор асосида тақдим этилиши, прокуратура, дастлабки тергов, суриштирув органлари ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар жиноят ишлари ва тезкор-қидирув ишлари бўйича банкларда ҳисобварақлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни банкнинг маълумотлар базасидан автоматлаштирилган режимда олиши мумкинлиги юзасидан ишлаб чиқилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси «Банк сири тўғрисида»ги Қонунининг 9-моддасини янги таҳрирда ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг  2023 йил 7 мартдаги 04/2-09/964-сон далолатномаси). Ушбу таклифларнинг қабул қилиниши жиноий йўл билан олинган даромадлар, пул маблағлари ва бошқа мол-мулкнинг аниқланиши, давлат эгалигига ўтказиш чораларининг кўрилишига, етказилган зарарларнинг ундирилишига, фаолият самарадорлигининг ошишига хизмат қилган;   
банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг маълумотлар тўплаш тезкор-қидирув тадбири ҳисобланиши, банк сирини ташкил этувчи маълумотларни олишга қаратилган тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига прокурор санкцияси асосида йўл қўйилиши тўғрисидаги таклифлар мазкур Қонуннинг 14 ва 16-моддаларини тўлдиришда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2023 йил 7 мартдаги 04/2-09/964-сон далолатномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши тезкор-қидирув фаолияти органлари томонидан жиноий йўл билан олинган даромларнинг ўз вақтида аниқланиши, жиноят кўлами ва барча иштирокчиларини фош этилишига ёрдам берган;  
жиноий фаолиятдан олинган даромадлар атамаси, жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш фактини исботлашда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки бундай пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк номига расмийлаштирилган учинчи шахсларда даромадларнинг қонуний манбалари мавжуд эмаслигидан далолат берувчи ҳолатлар шахс томонидан ЖК 243-моддасида назарда тутилган жиноятнинг объектив томонини ташкил этувчи ҳаракатлар содир этилганлигини тасдиқловчи далиллар мажмуи билан бирга инобатга олиниши лозимлиги юзасидан ишлаб чиқилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 11 февралдаги «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга оид ишлар бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида»ги 1-сон қарорининг 2.1 ва 3.2-бандларини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил   21 февралдаги 08/118-23-сон далолатномаси). Ушбу таклифларнинг инобатга олиниши жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга оид жиноят ишлари бўйича тергов ва суд амалиётида йўл қўйилаётган камчиликларни олдини олишга, айбни исботлаш, ягона амалиётнинг шаклланишига  хизмат қилган;
жиноят натижасида легаллаштирилган ноқонуний даромадлар ва бошқа мол-мулклар, бундай мол-мулклардан фойдаланиш орқали олинган ҳар қандай фойда ёки наф, жиноят предмети ёки қуроли ёхуд уларнинг қиймати миқдоридаги мол-мулкларнинг тергов жараёнида тўлиқ аниқланиши ва хатланишини таъминлаш, жиноий йўл билан топилган пул маблағлари ва мол-мулкка эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф қилиш ҳолатига қонуний тус беришга қаратилган мақсадларини тасдиқловчи далиллар тўпланганлиги, ушбу тоифадаги жиноят ишларининг суриштируви ва дастлабки тергови устидан алоҳида назорат ўрнатилиши, тергов жараёнида жиноий даромад орттиришга қаратилган фаолиятнинг молиявий жиҳатларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилиши тўғрисидаги таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорнинг 2016 йил 22 февралдаги «Жиноятчиликка қарши кураш, суриштирув, дастлабки тергов ва тезкор-қидирув фаолиятида қонун устуворлиги ҳамда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини самарали таъминлаш тўғрисида»ги 129-сон буйруғига ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилишида фойдаланилган (Бош прокуратуранинг 2023 йил 6 январдаги 30/5а-22-165-сон далолатномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш фактларининг аниқланиши, ноқонуний даромадларнинг ўз вақтида хатланиши, давлат даромадига ўтказилиши, фаолиятнинг мувофиқлаштирилиб борилиши, йўл қўйилаётган хато  ва  камчиликларнинг олди олинишига хизмат қилган;  
молиявий тергов тушунчаси, молиявий терговни амалга ошириш механизмлари, жииноий фаолиятдан олинган даромадларни аниқлаш ҳамда хатлаш чоралари, идоравий ҳамкорликни ўрнатиш юзасидан тайёрланган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси ўртасида 2021 йил 17 майда тасдиқланган «Тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов фаолиятини амалга ошириш жараёнида жиноий фаолиятнинг молиявий жиҳатларини ўрганиш тартиби тўғрисида»ги қўшма кўрсатмани ишлаб чиқишда фойдаланилган (Бош прокуратуранинг 2023 йил 6 январдаги 30/5-22-166-сон далолатномаси). Ушбу қўшма кўрсатма ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан молиявий тергов ўтказишда ягона амалиётни шакллаштириш, улар ўртасида тезкор маълумотлар алмашинуви, ўзаро ҳамкорликни таъминлашга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish