Sayt test rejimida ishlamoqda

Хабибуллаев Давлатжон Юлчибоевичнинг
фан доктори (DSc) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: «Фуқаролик суд ишларини юритишнинг процессуал муаммолари» 12.00.04 – Фуқаролик процессуал ҳуқуқи. Иқтисодий процессуал ҳуқуқи. Ҳакамлик жараёни ва медиация (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.1.DSc/Yu191.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/30.12.2019.Yu.22.01.
Расмий оппонентлар: Мамасиддиқов Музаффаржон Мусажонович, юридик фанлар доктори, профессор; Рўзиназаров Шухрат Нуралиевич, юридик фанлар доктори, профессор; Синдоров Комил Ойдинович, юридик фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади фуқаролик суд ишларини юритишнинг процессуал муаммоларига доир фуқаролик процессуал қонунчилигини такомиллаштириш ва суд амалиёти самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчилик буйруқ тартибидаги ишларни, даъво тартибидаги ишларни, алоҳида тартибда юритиладиган ишларни, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларни ва чет давлат судларининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судларининг (арбитражларининг) ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш ҳамда ҳал этиш тартибини белгилаши асослантирилган;
иш бўйича тараф бўлиб қатнашаётган ташкилот тугатилган бўлса, агар процессуал ҳуқуқий ворисликка йўл қўйилмаса суд иш юритишни тугатиш кераклиги асослантирилган;
судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича судга аризалар электрон шаклда мурожаат қилиш мумкинлиги,  суд жараёнларида видеоконференсалоқа режимида суд мажлисида иштирок этиш асослантириб берилган;
ижро ҳужжати сифатида суд буйруғи йўқотилган тақдирда у бўйича дубликат бериш масаласи ҳамда ижро ҳужжатини дубликатини бериш тўғрисида кимлар судга ариза бериши, аризани бериш муддати ва уни кўриб чиқиш муддатларини аниқ белгилаш асослантириб берилган;        
вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) фуқаролик судлари томонидан алоҳида тартибда кўриладиган иш тури сифатида белгиланиши, шунингдек ушбу иш бўйича ариза бериш, аризани кўриб чиқиш тартиби, мазкур иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори асослаб берилган;
фуқаролик процессининг босқичлари фуқаролик суд ишларини юритишнинг вазифаларини амалга ошириш, фуқаролик ишларини тўғри ва ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда ҳал этиш каби муҳим мақсадга ёʼналтирилган процессуал ҳаракатларнинг йиғиндиси ҳисобланиши, фуқаролик процессуал ҳуқуқда эркин ҳуқуқ принципи ўзининг ёки бошқа шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида процессни вужудга келтириш, ҳаракатлантириш ва тугатиш билан боғлиқ бўлган процессуал ҳуқуқлардан фойдаланиш эркинлиги эканлиги билан боғлиқ илмий-назарий тушунчалар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Фуқаролик суд ишларини юритишнинг процессуал муаммолари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчилик буйруқ тартибидаги ишларни, даъво тартибидаги ишларни, алоҳида тартибда юритиладиган ишларни, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларни ва чет давлат судларининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судларининг (арбитражларининг) ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш ҳамда ҳал этиш тартибини белгилашга оид таклифи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 1-моддаси иккинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик  палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари Қўмитасининг 2022-йил  6-январдаги 06/1-12-сон далолатномаси). Мазкур таклифни амалга оширилиши фуқаролик суд ишларини юритиш турларини аниқ белгилашга имкон берган;
иш бўйича тараф бўлиб қатнашаётган ташкилот тугатилган бўлса, агар процессуал ҳуқуқий ворисликка йўл қўйилмаса суд иш юритишни тугатиш кераклиги тўғрисидаги таклифи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 124-моддаси 7-бандига асос сифатида киритилишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик  палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари Қўмитасининг 2022-йил 6-январдаги 06/1-12-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг амалга оширилиши фуқаролик судлари томонидан суд амалиётида учраётган процессуал муаммоларни бартараф этишга олиб келган;
судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича судга аризалар электрон шаклда мурожаат қилиш, суд жараёнларида видеоконференсалоқа режимида суд мажлисида иштирок этиш мумкинлиги бўйича таклифлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 188, 209-моддалари мазмунини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик  палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари Қўмитасининг 2022-йил 6-январдаги 06/1-12-сон далолатномаси). Ушбу таклифни амалга оширилиши фуқаролар ва ташкилотларнинг судга электрон мурожаат қилиш ва ортиқча қоғозбозликни бартараф этиш имкониятини яратган ва уларнинг вақтини тежашга хизмат қилган;   
ижро ҳужжати сифатида суд буйруғи йўқотилган тақдирда у бўйича дубликат бериш масаласи ҳамда ижро ҳужжатини дубликатини бериш тўғрисида кимлар судга ариза бериши, аризани бериш муддати ва уни кўриб чиқиш муддатларини аниқ белгилаш тўғрисидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 450-моддаси номи ва мазмунини баён этишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик  палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари Қўмитасининг 2022-йил 6-январдаги 06/1-12-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши ижро ҳужжати сифатида суд буйруғини ижро этиш бўйича амалиётда учраётган муаммоларни бартараф этишга хизмат қилган;        
вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) фуқаролик судлари томонидан алоҳида тартибда кўриладиган иш тури сифатида белгиланиши тўғрисидаги таклифи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 293-моддаси, шунингдек, ушбу иш бўйича ариза бериш, аризани кўриб чиқиш тартиби, мазкур иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори бўйича таклифлари “Вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация)” деб номланган 34-бобни шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик  палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари Қўмитасининг 2022-йил 6-январдаги 06/1-12-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши алоҳида тартибда кўриладиган ишлар турини кенгайишига ҳамда фуқароларнинг моддий қонунчиликда белги¬ланган ҳуқуқларини тўлақонли судлар томонидан ҳимоя қилинишини амалда таъминлашга ҳизмат қилган;   
фуқаролик процесси босқичлари ва эркин ҳуқуқ (диспозитивлик) принципи тушунчаларига оид консептуал ғоя ва таклифлар “Фуқаролик процессуал ҳуқуқи” дарслигида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020-йил 7-декабрдаги 648-сонли буйруғи, 648-102 рақамли гувоҳнома). Ушбу консептуал ғоя ва таклифлар мазкур мутахассислик бўйича таълим олаётган тингловчи, талабалар, магистрант ва амалиёт ходимларининг фуқаролик процесси босқичлари, эркин ҳуқуқ (диспозитивлик) принципи ҳақида билим, ўқув ва амалий кўникмаларининг шаклланиши ва ривожланишига хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish