Sayt test rejimida ishlamoqda

Шарифов Камолидин Фахридиновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Пиёз етиштириладиган далаларда тарқалган бегона ўтлар ва уларга қарши кураш тадбирларининг самарадорлиги (Самарқанд вилояти шароитида)”, 06.01.01 – Умумий деҳқончилик. Пахтачилик (Қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.4.PhD/Qx993.
Илмий раҳбар: Ризаев Шухрат Худойбердиевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Дон ва дуккакли экинлар илмий−тадқиқот институти, PhD.05/31.03.2023.Qx.159.01.
Расмий оппонентлар: Насиров Бахтиёр Салохиддинович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Хасанова Феруза Марифовна, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Самарқанд вилоятининг суғориладиган ўтлоқ бўз тупроқлар шароитида пиёз майдонларидаги бегона ўтларнинг оиласи, турлари ва тарқалишини аниқлаш орқали уларга қарши курашишда тупроққа ишлов бериш ва мақбул гербицид меъёрларини уйғунлашган ҳолда қўллашни илмий асослаш ҳамда ишлаб чиқаришга тавсиялар бериш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Самарқанд вилоятининг ўтлоқ бўз тупроқлари шароитида пиёз етиштириладиган майдонларда тарқалган 63 турдан ортиқ бегона ўтлар турлари аниқланиб, улар оила ва биологик гуруҳларга ажратилган;
вилоятнинг пиёз етиштириладиган Тойлоқ, Булунғур ва Каттақўрғон туманлари  пиёз экиладиган майдонларининг турли биологик гуруҳдаги бегона ўтлар билан зарарланиш кўрсаткичлари аниқланиб, ифлосланганлик даражалари бўйича бахоланган ва ҳудудлар бўйича буғдойдошлар (Poaceae), қоқиўтдошлар (Asteraceae Bercht), шўрадошлар (Chenopodiaceae), карамдошлар (Brassicaceae Burnett), бурчоқдошлар (Fabaceae) оиласига мансуб бегона ўтлар турлари энг кўп зарар келтириши аниқланган;
пиёз майдонларидаги бегона ўтларга қарши курашишда қўлланилган тупроққа турли (шудгорлаш 30-35 см. Юза 18-22 см.да чизеллаш) ишлов бериш усуллари ва чуқурлиги ҳамда гербицидлар (Селект 120 КЭ 0,5-1,0 л/га, Гоал 2Е 0,5-1,0 л/га) меъёрларининг бегона ўтларга, тупроқ агрофизик (донадорлиги, зичлиги, ғоваклиги ва сув ўтказувчанлиги) ҳамда агрокимёвий хоссаларига таъсири аниқланган;
пиёз майдонларида тарқалган бегона ўтлар уруғларининг тупроқ қатламлари бўйича тарқалиши тупроққа турли ишлов бериш усуллари ва чуқурлигига узвий боғлиқлиги аниқланиб, тупроққа асосий ишлов беришни 30-35 см чуқурликда ўтказилганда бегона ўтларнинг асосий қисми
(61,0-70,7%) 25-35 см чуқур қатламга тушиб, унувчанлигини йўқотиши илмий асосланган.
тупроққа асосий ишлов бериш 30-35 см шудгорланиб, таркиби клетодим бўлган Селект 120 КЭ гербициди 0,5 л/га меъёрда қўллаш пиёз уруғи ва кўчатидан парваришлашда ўсиши, ривожланиши, кўчат сонига ижобий таъсир этиб, юқори товарбоп пиёз ҳосили (70,7-73,6 т/га) ва иқтисодий самара (170,4-187,8%) бериши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Самарқанд вилоятининг ўтлоқ бўз тупроқлари шароитида пиёз майдонларида тарқалган бегона ўтларга қарши курашиш тадбирларининг самарадорлигини аниқлаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
Сабзавотчиликка ихтисослашган фермер ва томорқа хўжаликлари учун «Пиёз уруғи ва кўчатидан етиштиришда бегона ўтларга қарши курашиш бўйича тавсиялар» номли тавсиянома ишлаб чиқилган. (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 20-сентябрдаги 04/22-05/4770-сон маълумотномаси). Мазкур тавсиянома бугунги кунда фермер ва деҳқон хўжаликларида пиёз етиштирилаётган майдонларда бегона ўтларга қарши самарали курашишда муҳим кўрсатма бўлиб хизмат қилмоқда;
Бегона ўтларга қарши курашишда тупроққа ишлов бериш ва мақбул гербицид меъёрларини уйғунлашган ҳолда қўллаш технологияси ишлаб чиқариш шароитида Тойлоқ туманида 13,1 гектар, Жомбой туманида 11,0 гектар, Пастдарғом туманида 34,7 гектар, жами 58,8 гектар майдонга жорий этилган. (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 20-сентябрдаги 04/22-05/4770-сон маълумотномаси). Натижада, пиёзни уруғидан экилган майдонларда (2-3 чинбарг даврида) бегона ўтларга қарши Селект 120 КЭ гербицидини 0,5-1,0 л/га меъёрларида қўлланилганда бир йилликларни ўртача 84,7-91,1%, кўп йилликларни 66,2-79,7% ҳамда пиёз кўчатидан парваришланганда (3-4 барг даврида) эса, бир йилликларни 83,3-94,2% ва кўп йилликларни 67,8-81,3% га камайтириб, юқори биологик самарадорликка эришилган.
пиёз етиштиришга ажратилган майдонларни кузда 30-35 см чуқурликда шудгорланиб, пиёз март ойининг биринчи ўн кунлигида уруғидан экилганда 2-3 барг чиқариш даврида, пиёз апрел ойининг иккинчи ўн кунлигида кўчатидан экилганда 3-4 барг чиқариш даврида Селект 120 КЭ гербицидини гектарига 0,5 литр меъёрида қўллаш технологияси Тойлоқ, Жомбой, Пастдарғом туманларида жорий этилган. (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 20-сентябрдаги 04/22-05/4770-сон маълумотномаси). Натижада ушбу технологияни қўллаш орқали пиёз анъанавий усулда етиштирилган майдонга нисбатан ҳар гектаридан 33,3-35,1 т/га қўшимча пиёзбош ҳосили олиниб, рентабеллик даражаси 122,6-158,4 фоизгача ўсишига эришилган.
 

 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish