Sayt test rejimida ishlamoqda

Алимов Олимжон Давроновичнинг 
фалсафа доктори (PhD) Диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон Республикаси қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш йўналишлари», 08.00.07 – «Молия, пул муомаласи ва кредит» (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.2.PhD/Iqt2954. 
Илмий раҳбар: Мухамедов Фарход Турсунбаевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент молия институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент молия институти, DSc.03/30.12.2019.I.17.01. 
Расмий оппонентлар: Карлибяева Рая Ходжабаевна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Алиева Сусанна Сейрановна, иқтисодиёт фанлари номзоди, досент.
Етакчи ташкилот: Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент шахри филиали.
Диссертатсия йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон Республикаси қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
масъулияти чекланган жамият шаклидаги хўжалик субектларига эмитент сифатида корпоратив облигатсияларни чиқариш имконини бериш таклиф этилган; 
биржавий қимматли қоғозлар бозорига инвесторларни кенг жалб қилиш мақсадида фонд бозорининг биржа савдоларида қимматли қоғозларни кафолатланган оммавий жойлаштириш тартибини жорий этиш таклиф этилган; 
қимматли қоғозлар бозоридаги операцияларга ишончни мустаҳкамлаш ва инвесторлар фаоллигини ошириш мақсадида «халқ ИПО»си жараёнини ўтказиш тартибида оммавий ва биржа савдоларида акцияларни «1 акция – 1 лот» тамойили асосида жойлаштириш таклиф этилган; 
дивидендлар бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар тартибини соддалаштириш ва инвестиция воситачилари орқали дивидендларни тўлашни амалга ошириш асосида акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ўртасидаги молиявий муносабатларнинг шаффофлигини таъминлаш асосланган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистон Республикаси қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш йўналишлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
масъулияти чекланган жамият шаклидаги хўжалик субектларига эмитент сифатида корпоратив облигатсияларни чиқариш имконини бериш таклифи Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 21 июлдаги ЎРҚ-629-сонли «Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни (Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2023 йил 11 майдаги жорий этиш тўғрисидаги далолатномаси) билан жорий этилган ва Ўзбекистон Республикасининг «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунида ўз аксини топган. Натижада 2020 - 2022 йиллар давомида қимматли қоғозлар бозорида 17 та масъулияти чекланган жамиятлар томонидан умумий қиймати 548,2 млрд сўмлик корпоратив облигатсиялар чиқарилган ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан облигатсиялар бозори ҳажми 2 баробар ўсишига эришилган; 
биржавий қимматли қоғозлар бозорига инвесторларни кенг жалб қилиш мақсадида фонд бозорининг биржа савдоларида қимматли қоғозларни кафолатланган оммавий жойлаштириш тартибини жорий этиш таклифи Ўзбекистон Республикаси 2021 йил 29 октябрдаги ЎРҚ-726-сон “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига жорий этилди (Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2023 йил 11 майдаги жорий этиш тўғрисидаги далолатномаси). Натижада 2022 йилда фонд биржасида акциялар бозоридаги битимлар сони 80 652 тани ташкил этиб, ўтган даврга нисбатан 13,3 фоизга ошган, битимлар ҳажми 4 705,7 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган даврга нисбатан 310,9 фоизга ошишига эришилган;
қимматли қоғозлар бозоридаги операцияларга ишончни мустаҳкамлаш ва инвесторлар фаоллигини ошириш мақсадида «халқ ИПО»си жараёнини ўтказиш тартибида оммавий ва биржа савдоларида акцияларни «1 акция – 1 лот» тамойили асосида жойлаштириш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-102-сон “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида жорий этилди (Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2023 йил 11 майдаги жорий этиш тўғрисидаги далолатномаси). Натижада акция пакетлари «битта акция – битта лот» тамойили асосида маҳаллий фонд бозорида халқ ИПОсини ўтказиш тартиби асосида хусусийлаштириладиган 40 та йирик корхоналар рўйхати тасдиқланиб, 2024 йилда э-ауксион платформаси орқали оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланди;
 дивидендлар бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар тартибини соддалаштириш ва инвестиция воситачилари орқали дивидендларни тўлашни амалга ошириш асосида акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ўртасидаги молиявий муносабатларнинг шаффофлигини таʼминлаш таклифи Ўзбекистон Республикаси 2021 йил 29 октябрдаги ЎРҚ-726-сон “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига жорий этилди (Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2023 йил 11 майдаги жорий этиш тўғрисидаги далолатномаси). Натижада дивиденд маблағларини ўз вақтида ва мақсадли ўтказиш учун акциядорлар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконияти яратилган. Шунга кўра 20 та акциядорлик жамияти 2022 йил якуни бўйича 50 млрд. сўмдан ортиқ соф фойдани тақсимланишини инвестиция воситачилари орқали амалга оширишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish