Sayt test rejimida ishlamoqda

Хакимова Зилола Фазлиддиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида еълон

I.    Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тоғ дарёлари оқимини иқлим ўзгаришининг турли сценариялари асосида баҳолаш (Чирчиқ-Оҳангарон ҳавзаси мисолида)», 11.00.03 - Қуруқлик гидрологияси. Сув ресурслари. Гидрокимё (география фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.3.PhD/Gr212.
Илмий раҳбар: Юнусов Ғолиб Ходжаевич, география фанлари доктори, доцент.
Диссертасия бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти, DSc.27/30.12.2019.Gr.47.01.
Расмий оппонентлар: Мурадов Шухрат Одилович, техника фанлари доктори, профессор; Пирназаров Равшан Топволдиевич, география фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: тоғ дарёлари гидрологик режими ва оқими миқдорларини глобал иқлим ўзгаришининг турли сценариялари асосида яқин келажак учун баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
иқлим ўзгаришининг асосий белгилари − ҳаво ҳарорати ҳамда атмосфера ёғинларининг миқдорий ўзгаришлари Чирчиқ-Оҳангарон ҳавзасидаги метеорологик кузатиш маълумотлари асосида баҳоланган;
дарёлар оқими (Q, м3/с) билан қишки (Хқ, мм) ва ёзги (Хё, мм) атмосфера ёғинлари ҳамда ёзги ҳаво ҳарорати (t, 0C ) орасидаги кўп ҳадли боғланишлар статистик баҳоланган, уларнинг регрессия тенгламалари тузилган;
кўп ҳадли боғланишларнинг регрессия тенгламалари асосида дарёларнинг йиллик оқими миқдорлари иқлимий омилларга боғлиқ ҳолда аниқланган;
дарёларнинг вегетация даври ва унинг алоҳида ойлари оқимини иқлимий омилларга боғлиқ ҳолда узоқ муддатли прогнозлаш услуби такомиллаштирилган;
глобал иқлим ўзгаришининг Ўзбекистон шароитига мослаштирилган сценариялари асосида дарёлар оқимининг асосий гидрологик кўрсаткичлари (Q, м3/с; W, км3; M, л/скм2; h, мм) яқин келажак учун миқдорий баҳолаш услуби ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тоғ дарёлари оқимини глобал иқлим ўзгаришининг Ўзбекистон шароитига мослаштирилган сценариялари асосида баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Чирчиқ-Оҳангарон ҳавзасида ҳаво ҳарорати ҳамда атмосфера ёғинларининг базавий ва жорий иқлимий даврлар учун ҳисобланган қийматларини ўзаро солиштириш натижалари асосида аниқланган ўзгаришларидан Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати агентлигида иқлим ўзгариши бўйича тезкор маълумотномаларни тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеоролгия хизмати агентлигининг 2023 йил 27 июлдаги 01-15/1316-сон маълумотномаси). Натижада, иқлим ўзгариши ҳақида тайёрланадиган тезкор маълумотномалар матни ва уларнинг мазмунига аниқлик киритиш имконини берган;
Писком ва Чотқол дарёлари оқимининг метеорологик омилларга, хусусан, мавсумий атмосфера ёғинлари ва ёзги ҳаво ҳароратига боғлиқлигини ифодаловчи кўп ҳадли регрессия тенгламаларидан Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати агентлигида Чорвоқ сув омборига мазкур дарёлардан вегетация даври, йил чораклари ва ойларида қуйиладиган оқим миқдорларини баҳолашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеоролгия хизмати агентлигининг 2023 йил 27 июлдаги 01-15/1316-сон маълумотномаси). Натижада, дарёлардан Чорвоқ сув омборига қуйиладиган оқим миқдорини баҳолаш усулларига аниқлик киритишнинг қўшимча имкониятлари яратилган;
дарёларнинг йиллик, вегетация даври ва унинг алоҳида ойлари оқимининг кўп ҳадли регрессия тенгламалари асосида аниқланган миқдрий кўрсаткичларидан “Картография” давлат илмий ишлаб чиқариш корхонасида Ўзбекистон Миллий Атласининг “Дарёларнинг тўйиниш манбалари” картасини тузишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг 2023 йил 1 майдаги 08-03160-сон маълумотномаси). Натижада, тўйиниш манбаларига боғлиқ ҳолда, дарёлар сув ресурсларини тезкор миқдорий баҳолашнинг қўшимча имкониятлари яратилган;
дарёлар оқимининг глобал иқлим ўзгаришининг Ўзбекистон шароитига мослаштирилган сценариялари асосида яқин келажак учун аниқланган миқдорий қийматларидан Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати агентлиги – Ўзгидрометда Чирчиқ-Оҳангарон ҳавзаси дарёларидан келажакда Чорвоқ ва Оҳангарон сув омборларига қуйилиши мумкин бўлган оқим миқдорларини баҳолашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеоролгия хизмати агентлигининг 2023 йил 27 июлдаги 01-15/1316-сон маълумотномаси). Натижада, Чирчиқ-Оҳангарон ҳавзаси дарёлари сув ресурсларидан сув омборлари ёрдамида фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича истиқболга мўлжалланган чора-тадбирлар режасига аниқлик киритиш имконияти яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish