Sayt test rejimida ishlamoqda

Қодиров Исомиддин Эшмўминовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): Ғўзанинг сув истеъмолини белгилашда агромелиоратив лизиметрлардан фойдаланиш услубини такомиллаштириш”, 
06.01.02–“Мелиорация ва суғорма деҳқончилик” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.4.PhD/T3416.
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: 
Авлакулов Мейли, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: "ТИҚХММИ" МТУ Бухоро табиий ресурсларини бошқариш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи PhD.04/30.04.2021.T.111.04 рақамли Илмий кенгаш асосида ташкил этилган бир марталик Илмий кенгаш. 
Расмий оппонентлар: техника фанлари доктори, профессор Салиев Баходир Камилович; қишлоқ хўжалиги фанлари фалсафа доктори, доцент Сотторов Ойбек Абдиғаниевич. 
Етакчи ташкилот – Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Лизиметрик мажмуа шароитида тупроқ сув-физик хоссаларини, ғўзанинг суғориш режими, унинг умумий сув истеъмолини аниқлаш, сув-туз мувозанати элементлари ва ғўза навларининг йиллик сув истеъмолини аниқлаш, шўрланиш тури ва даражасига мос келувчи шўр ювиш технологиясини ишлаб cиқиш ҳамда аэрация зонасидаги намлик ўзгаришини назорат қилиш ва эгатлаб суғоришда фильтрация жараёнини моделлаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ушбу тадқиқот доирасида Қашқадарё вилоятининг сизот сувлари сатҳи                          2,0; 2,5; 3,0 м чуқурликдаги шароитлари учун комплекс тадқиқотлар ўтказиш мумкин бўлган, структураси бузилмаган монолит тупроқли лизиметрик мажмуа яратилган; 
тупроқнинг сув-туз режимини ҳисобга олиш ва мониторинг қилишнинг замонавий воситаларидан фойдаланган ҳолда лизиметрларда ҳисобий қатламдаги намлик, тузлар ҳаракати, гидрогеологик шароитлар таъсирини ўрганиш  бўйича тадқиқотлар ўтказиш методикаси ишлаб чиқилган;
лизиметрик мажмуа ёрдамида сизот сувларининг ҳар хил  сатҳи ва турли хил шўрланган тупроқлар шароитида “Бухоро-6”  ва “Порлоқ-4” навли ғўзаларнинг суғориш режими ва унинг  умумий сув истеъмоли элементлари ўрнатилган; 
репрезентативлик даражасига кўра Қашқадарё вилояти Қарши туманининг 55,8% майдонлари шароити билан лизиметрик участка тупроқларининг ўхшашлиги асосида ҳудуднинг сув-туз мувозанати элементлари аниқланган;
ғўзани эгатлаб суғоришда инфилтратсия оқимининг параметрлари масаласининг сонли ечими аналитик ечим билан мос келиши аниқланди. Буссинеск тенгламасидан фойдаланиб бошланғич ва чегаравий шартларни қабул қилган ҳолда лизиметрик шароит учун    оралиқда узлюксиз бир хил қийматга эга бўлмаган лизиметрик депрессия эгри чизиғи шакли олинган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қарши чўлининг ҳар хил даражада шўрланган тупроқлари шароитида экинларни суғориш технологиясини такомиллаштириш, тупроқ сув-туз тартибини ростлаш мақсадида:
ер устидан эгатлаб суғориш жараёнида кечадиган гидромеханик жараёнлар, ўсимликлар ялпи сув истеъмолини аниқлаш мақсадида қурилган агромелиоратив лизиметрларда тадқиқот ишлари олиб борилган. Лизиметрик кузатувлар натижаларига асосланган ҳолда ўрта механик таркибли, ўртача ва кучли шўрланган ва сизот сувлари ўртача сатҳи 2,0-2,5 м бўлган Қарши тумани ҳудуди шароитида ғўзанинг “Бухоро-6” нави учун оптимал суғориш режими аниқланган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 10-декабрдаги 03/37-2712-сонли маълумотномаси). Натижада йиллик эвапотранспирация миқдори ва суғориш сувининг самарадорлик коеффициенти яратилган;
ғўзанинг “Порлоқ-4” нави учун эвапотранспирацияни ҳисоблашнинг такомиллаштирилган услуби яратилди (Сув хўжалиги вазирлигининг 2022-йил 10-декабрдаги 03/37-2712-сонли маълумотномаси). Натижада  Нишон тумани ирригация бўлими фаолиятига татбиқ этилган; 
лизиметрик мажмуада ўтказилган экспериментал тадқиқотлар натижалари асосида эгатлаб суғориш техникаси ва технологиясини такомиллаштириш, вилоят ҳудудида барпо этилган лизиметрик мажмуа кузатувлари натижаларидан фойдаланиб ҳар хил навли ғўзаларнинг ялпи сув истеъмоли (эвапотранпирация) миқдорини аниқлаш асосида унинг суғориш тартибини белгилаш масалалари бўйича илмий тавсиянома ишлаб чиқилди. Мазкур илмий тадқиқот ишида қўлланилган сув мувозанати элементлари Қашқадарё вилоятининг ўрта ва енгил  механик таркибли, ўртача даражада шўрланган ерларида синаб кўрилди (Сув хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 10-декабрдаги 03/37-2712-сонли маълумотномаси). Натижада ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшиланиши тадбирлари Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси фаолиятига татбиқ этилган.
Диссертация доирасида ишлаб чиқилган услублар, ҳисоблаш усуллари сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳа муассасалари ва қурилиш инвест корхоналари фаолиятига татбиқ этилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish